Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди нодавлат нотижорат ташкилотларининг уйи бўлади

Гап шундаки, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансидаги тўрт қаватли ётоқхона биноси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”га айлантирилди. Тўлиқ реконструкция қилинган бинода бугунги кунда жиҳозлаш ишлари амалга ошириляпти. Бу ерга айни пайтда ижарада фаолият олиб бораётган 46 та ННТ ҳамда 11 та миллий-маданий марказларни жойлаштириш кўзда тутилган.

Бугунги кунда вилоятда 809 та (шундан 404 та давлат ва 405 таси ҳисоб рўйхатига олинган) ННТ фаолият кўрсатмоқда. Улар давлат органлари ҳузуридаги 200 дан ортиқ ишчи гуруҳлари, комиссиялар ишида фаол иштирок этмоқда.

Бу борада «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси вилоят бўлими, “Раҳмдиллик” жамияти, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси вилоят бўлими, “Махдуми Аъзам Даҳбедий” фонди, “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маркази, “Зарафшон” нодавлат нотижорат экологик бирлашмаси каби ННТлари жамият турли масалаларда ижро ҳокимияти билан ҳамкорликда катта ишларни амалга оширяпти.

Масалан, “Умид-Д” хайрия маркази диабетга ва ногиронликнинг бошқа шаклларига йўлиққан инсонларга катта ёрдам кўрсатяпти. “Махдуми Аъзам Даҳбедий” жамоат фонди қайроқ тошлар ва Чокардиза қабристонида илмий ўрганиш олиб борди. “Раҳмдиллик” жамияти зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларга психологик, тиббий ёрдамлар кўрсатиб келяпти.

Бу каби ишлар албатта, ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда ННТлар турли лойиҳаларда ғолиб бўлаётгани ҳам муҳим омил бўлмоқда. Биргина 2020 йилда 15 та ННТ умумий миқдори 582 миллион сўмлик грант маблағлари доирасида турли лойиҳаларни амалга оширди.

Жумладан, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан “Ўзбек тадбиркор аёли! Стартапдан - экспортгача" лойиҳаси асосида ишсиз, шу билан бирга ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар учун қисқа муддатли тренинг-дарслар ташкил қилинмоқда. Шаҳар ва туманларда 25 йўналишда ўтказилаётган машғулотларда бир чорак давомида 600 нафарга яқин опа-сингилларимизга касб ўргатилди.

Аҳамиятлиси, ННТларимиз нафақат республика миқёсидаги, балки халқаро грант ва тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, "Раҳмдиллик" жамияти Янги Зеландия давлатининг халқаро танловида “Ўзбекистонда оилавий зўравонлик билан дуч келган аёлларни ҳимоя қилиш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси билан иштирок этиб, грант лойиҳаси ғолиби бўлди.

Грант лойиҳаси доирасида Паст Дарғом туманида 10 та танланган маҳаллада зўравонликнинг олдини олиш, ҳуқуқий, иқтисодий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув-семинарлари ўтказиб келинмоқда.

Швейцария давлати ЮНЭЙДС ташкилоти томонидан эълон қилинган халқаро грант лойиҳасида “Нурбону” нодавлат нотижорат ташкилоти “Карантин даврида болалар ва кам таъминланган оилаларни руҳий ва ижтимоий ҳимоя қилиш” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиб бўлди.

Лойиҳа доирасида вилоятнинг Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳри, Ургут, Иштихон, Пахтачи ва Паст Дарғом туманларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Албатта, амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда соҳани ривожлантириш бўйича ҳал этилиш лозим бўлган айрим муаммолар ҳам мавжуд.

Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондини маҳаллий бюджетдан молиялаштиришнинг имкони йўқ. Чунки, бу бўйича Бюджет кодексида аниқ бир норма белгиланмаган.

Иккинчидан, ННТларнинг янада ривожланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ёки уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига аниқ ваколатлар берилмаган.

Ўйлайманки, ҳудудда бошқарув органлари ва ННТлар ўртасида ижтимоий шерикликни мувофиқлаштириш бўйича аниқ қонуний нормалар бўлмас экан, бу масала фақат қоғозда қолиб кетаверади.

Учинчидан, ННТларга давлат гранти лойиҳаларини ёзиш, ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш ҳамда якуний ҳисоботларни тайёрлаш бўйича методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш бўйича ресурс марказларини ташкил этиш керак.

Менимча, профессионал юридик, бухгалтерия, ахборот технологиялари бўйича хизмат кўрсатувчи ходимлар жамоаси, аниқ йўналишлар кўрсатилган электрон платформа ташкил қилинса фойдадан холи бўлмайди.

Суҳроб Рафиқов,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.