Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энергетика вазирлиги: Кучли шамол ва электр истеъмоли ҳажмининг ўсиши узилишларга сабаб бўлмоқда

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишлар ҳақидаги шикоятлар бўйича муносабат билдирди. Баъзи озиқ-овқат хизматлари кўрсатадиган тадбиркорлар электр энергияси йўқлиги сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари айниётгани ҳақида хабар бермоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, 1−3 июнь кунлари айрим ҳудудларда кучли шамол эсиши натижасида дарахт шохларининг синиши ва айрим кўп қаватли бинолар том қисмининг кўчиши электр узатиш тармоқларининг шикастланишига олиб келди.

«Бундан ташқари, шу кунларда ҳаво ҳароратининг исиб кетиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиқмоқда. Ҳозирда ҳудудлар бўйлаб жойлардаги ҳудудий электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан аварияга қарши бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Айни вақтда 2021−2022 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида иссиқлик электр станциялари, электр узатиш тармоқлари ва газ таъминоти тизимида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани эслатиб ўтилди. Ушбу ишларни хавфсиз бажариш мақсадида режа-график асосида электр ва газ таъминотини тармоқдан ажратган ҳолда амалга оширилмоқда.

Электр энергияси таъминоти билан боғлик масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа рақамларига мурожаат қилиш мумкинлиги маълум қилинди, деб хабар бермоқда Gazeta.uz.