Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энг илғор мутахассислар беллашмоқда

Марказий ҳарбий округнинг “Сазаган” дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинларида “Мен ғолиб” шиори остида ўтказиладиган “Энг илғор мутахассис” армия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги томонидан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати, фахрийлар, ёшлар ҳамда мусобақада иштирок этувчи барча округ жамоалари қатнашди.

Маросимда сўзга чиққанлар “Энг илғор мутахассис” армия ўйинлари ҳарбий хизматчиларда юксак жанговар тайёргарлик ва профессионалликни ошириш, қўшинларда ўзаро мусобақа руҳини кучайтириш, ҳарбий мутахассисларда етакчилик хусусиятларини ривожлантириш, ҳарбий жамоаларда соғлом рақобат ҳисси ва барқарор маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник А.Саидов юртимизда карантин чоралари юмшатилиши муносабати билан “Сазаган” ва “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонларида ўтказиладиган мазкур танловларни юртдошларимиз карантин қоидаларига амал қилган ҳолда бевосита кузатиб боришлари учун барча шарт-шароит яратилганини таъкидлади.

Маросимда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиш этилди. Шунингдек юрт ҳимоячиларининг касбий салоҳиятларини намоён этувчи жанговар машғулотлар, қўл жанги кўргазмали чиқишлари ҳамда Самарқанд вилояти маданият бошқармасининг концерт дастури тадбирда қатнашган ёшларда унутилмас таассурот қолдирди. Ўз навбатида Нуробод туманидаги мактаб ўқувчилари ўртасида тош кўтариш ва арқон тортиш каби миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар округ қўмондонлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг, “Энг илғор мутахассис” армия ўйинлари бошланди. Дастлаб, иштирокчилар тест синовлари ва жисмоний тайёргарлик баҳсларига жалб этилди.

“Сазаган” дала-ўқув майдонида ўтказиладиган ушбу танловда иштирокчилар “Энг илғор мерган”, “Энг илғор пулемётчи”, “Энг илғор гранатомётчи” “Энг илғор АГС ва СПГ-9 ҳисоблари” мутахассислиги бўйича беллашади.