Ер-жой муаммоси: ЯНГИ АКЦИЯ БЎЛАДИ Аммо эгалик ҳуқуқи ҳаммага ҳам берилмайди
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш масаласида янги қонун чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалгач, айрим “уддабурон”лар “ҳаракат”га тушиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, янги ҳужжат шу вақтгача уй-жойи бўла туриб, ҳужжати бўлмаган фуқароларда ҳам қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов билан суҳбатимизда шу саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
- Маълумотларга кўра, республикамизда ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларини расмийлаштириш масаласи турли сабабларга кўра охирига етказилмаган 3,8 миллиондан ортиқ объект ёки 493 минг гектар ер участкаси мавжуд. Бу борада вилоятимиздаги аҳвол қандай?
- Буни аниқлаш учун мутахассисларимиз томонидан вилоятдаги аввалдан фуқароларнинг фойдаланишида бўлган, аммо якка тартибдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатига эга бўлмаган 583 540 та (100%) давлат рўйхатидан ўтмаган объектга тегишли маълумотлар ўрганиб чиқилди. Шунда вилоятимизда ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлмаган уй-жойлар 438 815 та (75%)ни ташкил этмоқда. Таҳлил натижаларига кўра, ҳуқуқий ҳужжатлари мавжудлиги аниқланган 89 943 та (15%) объектлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Бошқа объект (бўш ер, дала ҳовли ёки барак)лар 44 502 та (8%)ни ташкил этмоқда. Ўтган хатлов жараёнларида айрим сабабларга кўра кадастр маълумотлар базасида битта объект бўйича такрорий киритилган 10 280 та (2%) объектларнинг маълумотлари “Кўчмас мулк-3” дастуридан ўчирилди.
- Амалдаги қонунчиликда ушбу муаммоли ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби мавжуд эмас эди. Бу муаммони ҳал этиш учун яна давлат акцияси ўтказиладими?
- Худди шундай. Кадастри бор, аммо эгалик ҳуқуқи йўқ уй-жойлар масаласини узил-кесил ҳал этиш мақсадида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Аммо мазкур Қонун баъзи инсонлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Ҳатто айрим фуқаролар “Қурилиши мавжуд бўлса, эгалик ҳуқуқи эътироф этилар экан”, деган фикрга келиб, бўш турган ерларга иморат қуриб қолишга ҳаракат қилишмоқда.
- Унда кимларга эгалик ҳуқуқи берилади? Бу борада аниқ тартиблар белгиланяптими?
- Қабул қилиниши кутилаётган Қонунда 8 йўналишдаги ҳолатлар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Бироқ ушбу ҳолатларнинг барчасида ҳам ҳуқуқ эътироф этилмайди.
Билишимиз керак бўлган нарса, қонунда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эмас, балки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлари бўлмаган ер ва биноларга ҳуқуқни эътироф этиш масаласи кўтарилган. Шунингдек, унда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар эмас, балки тадбиркорлик субъектларига туман ҳокимликлари томонидан ер ажратилиб, вилоят даражасида тасдиқланмаган ҳамда тадбиркорлик субъектлари кичик саноат зоналарига жойлаштирилиб, ҳоким қарори чиқарилмай қолган ҳолатлар кўриб чиқилади.
Санага келсак, ҳужжатда 2018 йил 1 майга қадар қурилган объектлар масаласи кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Агар қурилма ўзбошимчалик билан белгиланган даврдан кейин қурилган бўлса, бундай иморатлар белгиланган тартибда бартараф этилади ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Янги қонун ҳали тасдиқлангани йўқ. У тасдиқланса ҳам ерга эгалик ҳуқуқини бериш маълум даврлар асосида, ер ёки иморатнинг ўтган йиллардаги ҳолатини космик суратлар ёрдамида солиштириш орқали амалга оширилади. Яъни, яқин йилларда ерни ноқонуний эгаллаб, уй солган фуқаролар тизимни алдай олмайди.
- Барча огоҳлантиришларга қарамай, бирор нима илинжида ерларни ўзлаштиришда давом этаётганлар кам эмас. Уларнинг масаласи нима бўлади?
- Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 2291-моддаси 2-қисмига кўра, суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Биринчи марта шу жиноятни содир этган шахсга нисбатан, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 911-моддаси билан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасига, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида барпо этилган ҳар қандай бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни белгилашга йўл қўйилмайди.
Ўз навбатида, ўзбошимчалик билан егалланган ер участкаларидаги қурилиш объектларини сув таъминоти, оқова сув, електр, иссиқлик энергияси ва газ тармоқларига улаш тақиқланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2-қисмида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, мансабдор шахсларга 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, мансабдор шахсларга эса
300 баравари миқдорида жарима ҳам белгиланган.
- Бундай қонунбузарликларни бартараф этиш чоралари кўрилмаяптими? Хусусан, сиз раҳбарлик қилаётган идора мазкур вазиятда қандай тадбирларни амалга оширяпти?
- Айни кунларда Кадастр агентлиги директорининг топшириқ ва кўрсатмаларига асосан ер қонун бузилишларини олдини олиш ва мавжуд ҳолатларни бартараф этишга қаратилган долзарб 40 кунлик тадбирлари олиб борилмоқда. Хусусан, Агентликнинг вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг 1-чораги давомида ўтказилган ўрганиш ишларида 654 та ҳолатда 192,74 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонунбузарларга берилган тушунтириш ва ёзма кўрсатмалардан кейин 228 та ҳолатда қонунбузилиши ихтиёрий бартараф этилиб, 53,53 гектар ер дастлабки ҳолатига қайтарилди.
Белгиланган муддатларда ихтиёрий бартараф этилмаган 222 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан суд идораларига даъво аризалари киритилиб, 79 та ҳолатда 9,2 гектар ер майдонидаги қонунбузилиши тўғрисида прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилган. Шу билан бирга, 321 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган.
Бу амалий ишлар, шунингдек, мутахассисларимиз томонидан жойларда ер билан боғлиқ қонунбузилишларининг олдини олиш учун кенг қамровли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.