Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркак тикувчилар – ўз касбининг моҳир усталари

Тикувчи деганда дастлаб кўз ўнгимизда аёл киши гавдаланади. Аммо Пайариқ тумани Челак шаҳарчасида шундай эркак тикувчилар борки, улар ўз касбининг моҳир усталаридир.

Комилжон Афанов 27 йилдан бери эркаклар кийимларини тикиш билан шуғулланади.

- Раҳматли онам дўппи тикиб сотарди, - дейди К.Афанов. – Холамлар ҳам қўли гул тикувчилар эди. Уларга қизиқиб, аввало, ўзимга, кейин укаларим ва яқинларимга шим тикиб шу ҳунарга меҳр қўйганман.

Кейинчалик яна эркаклар учун костюм, кўйлак, пальто ва бошқа кийимлар тикишни ўргандим. Мижозлар нафақат ўзимизнинг тумандан, балки қўшни туманлар, қолаверса олис Ургут ва Қўшработдан ҳам келишади. Бу ҳунарни танлаганимдан ҳеч афсусланмайман. Кимдир касбим нималигига қизиқса, фахр билан “тикувчиман”деб айтаман.

Комил ака кўплаб шогирдлар тайёрлади. Уларнинг 20 дан ортиғи бугунги кунда шу иш билан шуғулланади. Шогирдларнинг аксарияти устоз-шогирд анъанасини давом эттириб, бугунги кунда ёшларга ушбу ҳунарни ўргатяпти. Жумладан, Жамшид Муҳиддинов ҳам устози Комил Афановдан ўрганган тикувчилик сир асрорларини челаклик ёшлар билан бўлишяпти.

Комил Афанов ҳам тоғам, ҳам устозим бўлади, - дейди у. – У кишининг дуоларини олиб, ўзим алоҳида цех ташкил қилдим. Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлиб, 3 нафар ёшни шогирдликка олдим. Келгусида ўз “бренд”имни яратмоқчиман. Корхона очиб, юзлаб ёшларни иш билан таъминлаш ниятим бор.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ, тасвирчи.