Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эйфел минорасини сотиб юборган фирибгар ҳақида эшитганмисиз?

Виктор Люстиг XX асрнинг энг устаси фаранг фирибгарларидан бири ҳисобланади. У 50 мартадан зиёд ҳибсга олинган ва далиллар йўқлиги сабаб ҳар сафар қуйиб юборилган. У инсонлар руҳиятини жуда яхши ҳис қилган.

Виктор Люстиг Чехиянинг Гостин шаҳарчасида туғилган. У юқори даражали билим соҳиби бўлган ва бешта тилда бемалол гаплаша олган. Викторнинг отаси уни Сорбонна университетига таълим олишга юборди. Бироқ йигитча ўқишни ташлаб, Европа бўйлаб саёҳатга отланди. Бир неча йил давомида у Европани кезди, турли номлар билан бир нечта кичик фирибгарликларни амалга оширди. Ёш фирибгар ўзини асосан Австрия графи, деб таништирарди.

Люстиг кичик фирибгарликлардан қаноатланмасди ва оламшумул фирибгарлик уюштиришни режалаштира бошлади ҳамда қулай пайт пойлади. 1925 йилда Виктор йирик ўлжа излаб, Биринчи жаҳон урушидан сўнг қайта тикланаётган ва шиддат билан ривожланаётган Парижга келди. Устаси фаранг фирибгар Парижга етиб келган кунининг ўзидаёқ Эйфел минораси хароба аҳволга келиб қолганлиги ва уни таъмирлашга кўп маблағ кетиши ҳақида ёзилган газетадаги мақолага кўзи тушди. Шунда Викторнинг хаёлида уни дунёга машҳур қилган қойилмақом фирибгарлик ғояси туғилди.

Люстиг зудлик билан қалбаки ҳужжатлар тайёрлади. У метални қайта ишлаш соҳаси тадбиркорларининг 6 нафар йирик вакилини Парижнинг энг нуфузли “Крийон” меҳмонхонасига махфий мажлисга чақирди. Чақирилганларнинг барчаси меҳмонхонага келишди. Фирибгар ўзини почта вазирлигининг бош диретори ўринбосари, деб таништирди.

Люстиг Эйфел минорасини таъмирлаш шаҳар учун жуда қимматга тушаётганини, шу сабабли уни йирик металчи тадбиркорларнинг бирига сотиб юбориш қарори қабул қилинганини, бироқ кенг жамоатчилик томонидан салбий эътирозлар бўлиши мумкинлигини, мазкур йиғилиш ва келишув сир тутилиши лозимлигини йиғилганларга тушунтирди.

Виктор Люстиг тадбиркорлар гуруҳини Эйфел минорасини кўздан кечиришга олиб борди. Минора бўйлаб уюштирилган саёҳат фирибгарга ўлжа танлашга ёрдам берди. У тадбиркорларнинг қайси минорани сотиб олишга кўпроқ иштиёқманд эканлигини аниқлади. У ўлжа сифатида Андре Пуассонни танлади. Пуассон Эйфел минорасини сотиб олган тадбиркор сифатида тарихда қолишга ва минорага эгалик қилишга иштиёқи баланд эди.

Биринчи учрашувдан бироз ўтиб, Люстиг Пуассоннинг ўзини алоҳида махфий учрашувга таклиф қилди. Аммо учрашувга Пуассон билан бирга келган рафиқаси вазиятдан шубҳалана бошлади. У Люстигнинг тарихи, нима сабабдан олди-сотди битими махфий ўтаётганлиги ва нима учун почта вазирлигининг бош директори ўринбосари айнан Пуассони учрашувга таклиф қилгани билан қизиқди. Фирибгар моҳирлик билан бу вазиятдан ҳам чиқиб кетди. У Пуассонга Эйфел минорасини қўлга киритишда барча имкониятлари мавжудлигини айтди. Фақат бунинг учун озгина “мукофот” талаб этилишини, шу сабабдан ҳам айнан уни махфий учрашувга таклиф қилганини тушунтирди. Бу сўзлардан сўнг Пуассон ва унинг рафиқаси тинчланишди. Илгари ҳам амалдорларга пора берган Пуассон бу “амалдор” нима сабабдан фақат уни таклиф қилганини фаҳмлагандек бўлди.

Шундай қилиб, Люстиг Эйфел минорасининг пулини ва ўз хизматининг мукофотини Пуассондан қабул қилиб олди. Пуассон эса Эйфел минорасига “эгалик қилиш” ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни Люстигдан қабул қилиб олди. Чув тушган тадбиркор, фирибгарга нафақат минора учун пул тўлади, балки минорани “сотиб олишда” ёрдам қилгани учун унга мўмайгина пора ҳам берди.

Оламшумул фирибгарликдан сўнг Виктор Люстиг бир қоп пул билан поездга ўтириб, бошқа шаҳарга жўнаб кетди. Пуассон полицияга мурожат қилмади, шундай ҳам у бутун Парижга шарманда бўлган эди.

Охир-оқибат Франция полицияси Викторнинг изидан тушди. Люстиг АҚШга қочишга муваффақ бўлди. АҚШда у қалбаки пул ишлаб чиқариш билан шуғулланди. Бу соҳада ҳам у кўзга кўринар натижаларга эришди. Федерал тергов бюроси ходимлари уни узоқ йиллар қўлга тушира олмади. Аммо Люстигни рашк қилган севгилиси уни сотди ва Виктор кўплаб ашёвий далиллар билан қўлга тушди. Суд бўлаётган вақтда у қочишга муваффақ бўлди. Бироқ тезда яна қўлга тушди. Унга жами 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси таъйинланди. Жазони ўташ учун у Алькатрас қамоқхонасига юборилди. 12 йил қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг у 57 ёшида қамоқхонада вафот этди.

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.