Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фармонқулда ҳозирча мактаб қурилмайди. Чунки қишлоққа яқин масофаларда бир эмас, иккита мактаб бор

Кеча телеграм каналимизда “Каттасайдовликлар нимадан норози?” сарлавҳаси остида Пайариқ туманидаги Фармонқул қишлоғида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатини эълон қилгандик. Унда ушбу Каттасайдов маҳалласи аҳли мактаб ва боғча йўқлигидан норозилик билдирган.

Таҳририятимизга Пайариқ тумани халқ таълими бўлими мудири А.Рашидов томонидан қуйидаги муносабат билдирилди:

“Ушбу мурожаат туман халқ таълими, қурилиш бўлимлари вакиллари  ҳамда 56-, 63-умумий ўрта таълим мактаблари директорлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

Фармонқул қишлоғидан 56-умумий ўрта таълим мактабига қатнаб ўқийдиган I-XI синф ўқувчилари 263 нафарни ташкил этади. Мазкур мактаб Сарбозор МФЙ, Ўртасайдов қишлоғида жойлашган. 1987 йилда 784 ўринли замонавий мактаб биноси қурилган. 899 нафар ўқувчилар 1.1 навбатлиликда таълим олишади. Ушбу мактаб биноларини мукаммал таъмирлаш ишлари 2020 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Мактабдан Фармонқул қишлоғи марказигача бўлган масофа 1,5 километрни, қишлоқнинг охиригача 2,5 километрни ташкил этади.

Бундан ташқари, Фармонқул қишлоғи билан бирлашиб кетган Ўймовут МФЙ, Ўймовут қишлоғида 63-умумий ўрта таълим мактаби ҳам мавжуд. Фармонқул қишлоғидан ушбу мактабга қатнаб ўқийдиган I-XI синф ўқувчилари 16 нафарни ташкил этади. Мазкур мактаб 2014 йилда капитал реконструкция қилиниб, 140 ўринли янги бинога эга бўлган. 1991 йилда қурилган 40 ўринли мослаштирилган биноси ҳам бор. Мактабда 305 нафар ўқувчилар 1.7 навбатлиликда таълим олишади. 2021 йилда капитал реконструкция қилиш таклифи берилган. 63-умумий ўрта таълим мактабидан Фармонқул қишлоғи марказигача бўлган масофа 1,5 километрни, қишлоқнинг охирги нуқтасигача 2 километрни ташкил этади.

Юқоридаги кўрсатилган ҳолатлар юзасидан фуқаро Х.Ҳақбердиев ва бошқаларга мактаб ўқувчилари ўзларига қулай бўлган 56-, 63-мактабларда ўқишлари мумкинлиги ва мактабларнинг қишлоқ билан масофаси узоқ эмаслиги тушунтирилди.

***

Маълумотномага Сарбозор, Каттасайдов, Ўймовут маҳаллалари ҳамда Ўртасайдов, Фармонқул, Ўймовут қишлоғи харитаси илова қилинади.

Пайариқ туман халқ таълими бўлими мудири А.Рашидов”.