Фарзандликка олишда бола манфаатлари биринчи ўринга қўйилади
Юртимизда боланинг оилада тарбияланиши унинг манфаатлари ҳимоясининг устувор тамойили ҳисобланади. Шу боис фарзандликка олиш институти ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг асосий кафолати сифатида белгиланган. Фарзандликка олишни ҳал қилиш ваколати судларга берилиши эса айни муносабатларда қонунийликни таъминлайди.
Бу мураккаб жараён бўлиб, унда ҳал қилув қарори ҳам миллий, ҳам халқаро шартномалар талабларига асосланган ҳолда, бола манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик протцессуал кодексида бутун бир боб фарзандликка олиш, деб номланса, у билан боғлиқ ишларни кўришда кодекс ва суд пленумларига ҳам таянилади. Қуйида унга оид ишларнинг асосий ва ўзига хос талабларини келтирдик.
Қонун талаби бўйича фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади. Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни фарзандликка олувчи, васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари, шунингдек, прокурор иштирок этган ҳолда кўриб чиқади. Зарур ҳолларда, суд фарзандликка олинаётган боланинг ота-онасини, унинг қариндошлари ва бошқа манфаатдор шахсларни, шунингдек ўн ёшга тўлган боланинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиши мумкин.
Фарзандликка олишнинг сир сақланишини таъминлаш мақсадида мазкур тоифадаги ишлар, шу жумладан, фарзандликка олишни бекор қилиш ва ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар ҳам ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар уларга маълум бўлган фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарурлиги, шунингдек фарзандликка олиш сирини фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига биноан жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилади. Бу ҳаракатлар суд мажлисининг баённомасига киритилади ва мазкур шахслар томонидан имзо билан тасдиқланади.
Қуйидаги шахслар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмас:
- ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
- қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
- асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;
- фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлса (ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно).
Шунингдек, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган болани фарзандликка олиш ҳақида ариза берилиши мумкин. Бундай ишни кўриб чиқишда суд нафақат аризачи фуқароси ҳисобланган давлатнинг қонунчилиги, балки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги талабларидан ҳам келиб чиқади. Агар тескариси, айтайлик, Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқароси ҳисобланган болани фарзандликка олмоқчи бўлса, асосий ҳужжатларга қўшимча равишда фарзандликка олинаётган боланинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаши учун Ўзбекистон Республикаси ваколатли органининг розилиги ҳамда фарзандликка олинаётган бола қонуний вакилининг ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги талаб қилинади.
Судга фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги даъво билан фарзандликка олинганнинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, болалар масалалари бўйича комиссиялар, шунингдек ўн олти ёшга тўлган фарзандликка олинган бола мурожаат қилишлари мумкин.
Кейинги вақтда бу турдаги ишлар сони ортмоқда. Жумладан, вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан
жорий йилнинг ўтган 8 ойида 311 та ариза кўрилган бўлиб, шундан 290 таси қаноатлантирилган, 4 таси рад қилинган, 16 таси кўрмасдан қолдирилган ва 1 та ариза иш юритишдан тугатилган.
Ғ.ВОҲИДОВ, вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.