Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фермерларнинг ҳуқуқини ким, қандай ҳимоя қилади?

Бугун озиқ-овқат хавфсизлиги глобал муаммога айланиб бормоқда. Аввало, аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол маҳсулотлари билан таъминлашни назарда тутадиган бу масалада Ўзбекистон шароитида кенг имконият мавжуд. Бу имконият нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки ушбу йўналишда барқарор иқтисодий кўрсаткичларга эришиш имконини беради.

Табиийки, бунда томорқа ер эгалари ва фермер хўжаликлари муҳим ўрин тутади. Уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси Акбар Норқўзиевга бир нечта савол билан мурожаат қилдик.

- Акбар ака, суҳбатимизни дастлаб ижтимоий тармоқларда “қилинмайди” деб ҳисобланиладиган фермерларнинг ҳақ ва ҳуқуқи ҳимояси масаласидан бошласак.

- Аслида, бу масала кенгашнинг энг муҳим ва биринчи галдаги вазифаларидан саналади. Шу сабаб кенгашнинг вилоят ва туманлардаги мутахассислари томонидан фермер хўжаликларининг жисмоний ва юридик шахслардан пул маблағларини ундириш, ер майдонидан чиқариш ва туман ҳокимининг қарорларини қонунга мувофиқлаштириш ёки бекор қилиш бўйича муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Биргина фермер хўжаликларининг жисмоний ва юридик шахслардан пул маблағларини ундириш юзасидан фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича ва маъмурий судларга бир қатор даъво аризалари киритилган. Масалан, Булунғур туманидаги 12 та фермер хўжалигининг жисмоний ва юридик шахслардан 82 миллион сўмдан кўпроқ маблағлари фуқаролик ишлари бўйича Жомбой тумани суди қарори асосида ундириб берилди. Нарпай туманида “Зирабулоқ пахта тозалаш” заводидан 21 миллион сўмдан кўпроқ маблағ фермер хўжалигига тўланиши таъминланди.

Тойлоқ туманида 48 та фермер хўжалигининг манфаатида “Агрокимёҳимоя” АЖга нисбатан даъво аризаси киритилиб, 3 миллиард 767 миллион сўм ундириш бўйича иқтисодий суд қарори чиқарилишига эришилди.

Умуман, ярим йил давомида вилоят бўйича фермерларнинг 609 миллион сўмдан кўпроқ ҳақлари ундириб берилган. 

Бугунги кунгача даъво аризаси киритилиб, суд жараёнлари кетаётган ишлар сони ҳам кам эмас. Мисол учун, фақат Тойлоқ туманида 5 та фермер хўжалиги манфаатида 57 миллион 219 минг сўмлик иш кўриб чиқиляпти.

- Майли, булар энди рақамлар. Фермернинг бузилган ҳуқуқларини кенгаш кўмагида тиклангани хусусида аниқ мисоллар айтиб ўта оласизми?

- Албатта, бу борада Пайариқ туманидаги ҳолатни мисол сифатида айтиб ўтиш мумкин. “Ботиров Хўрозни даштдаги даласи” фермер хўжалигининг туман ҳокимининг 2020 йил 2 октябрдаги 978-қ-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги аризаси Самарқанд туманлараро маъмурий суди томонидан қаноатлантирилди. Яъни, суд қарори билан туман ҳокими қарорининг қайд қилинган фермер хўжалигига оид қисми ҳақиқий эмас, деб топилди.

Бундан ташқари, тумандаги 7 та фермер хўжалигининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва туман ҳокимининг қарорларини бекор қилиш тўғрисида вилоят маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

- Шу ўринда табиий бир савол туғилади: қайси ташкилот ёки идора фермерларнинг ҳуқуқини кўпроқ бузаётгани таҳлил қилиб кўрилганми?

- Айнан қайси тизим ёки ташкилот кўпроқ фермерлар ҳуқуқини бузаётгани бу нисбий тушунча, менимча. Аммо маълумот ўлароқ айтишим мумкин, жорий йилнинг ўтган олти ойида 70 га яқин мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 8 ҳолатда ер майдонини қайтариб олиб беришда амалий ёрдам сўралган.

Бундан ташқари, фермер хўжалиги ташкил қилиш учун Иштихон туманидан 2 мурожаат рўйхатга олинган.

Энг кўп мурожаат артезиан қудуғи қазишда амалий ёрдам бериш тўғрисида бўлган. Жумладан, бу борада Нуробод туманидан 4 та, Пахтачи туманидан 3 та, Самарқанд туманидан 2 та, Паст Дарғом, Қўшработ ва Булунғур туманларидан 1 тадан шундай мурожаат келиб тушган.

Умуман, вилоятда фаолият юритаётган 12 мингга яқин фермер хўжаликлари кенгаш билан доимий алоқада бўлиб, фаолиятларида муаммо пайдо бўлган тақдирда ҳудудий кенгашлар ёки вилоят кенгашига ариза билан мурожаат қилганларида мутахассисларимиз томонидан амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

- Фикримизча, кенгаш фаолияти аксарият ҳолларда фермерлар билан боғлиқ бўлиб қолаётгандек. Айтинг-чи, томорқачилар билан қандай ишлайсизлар? Кенгаш томонидан уларга қандай хизматлар кўрсатилади?

- “Бир маҳалла – бир маҳсулот" тамойили асосида жорий йил якунига қадар 482 та маҳалла хонадонлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашиб, икки ва уч марта ҳосил олиш йўлга қўйилади. Шу мақсадда туманларнинг ҳар бир секторида “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 66 тага етказилди.

Улар томонидан аҳоли хонадонларига 3,5 минг килограмм сабзавот, полиз, картошка, 50,8 минг дона ҳар хил турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда 14,9 минг килограмм пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари етказилди.

Шунингдек, 903 та хонадонда (9,3 гектар) ихчам иссиқхона қурилди, 150 та хонадонга 750 қути асалари уяси, 136 та хонадонга 2 минг бош қуён, 1,8 мингта хонадонга 138 минг бош парранда, 27 та хонадонга 135 бош эчки ҳамда 111 та хонадонга 524 бош қўй берилди.

Умуман, жорий йил ҳосили учун 69 минг 569 гектар томорқа ерларида мавсумий экинлар экиш, жумладан, 23,9 минг гектар тўқсонбости, 57 минг 404 гектар эртаки, 33 минг 292 гектар ўртаки (такрорий) экинлар экиш ишлари ташкил қилиняпти. 

Амалдаги тартибга кўра, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан фақатгина артезиан сув қудуғи учун субсидия маблағлари ажратилиши белгиланган. Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини (артезиан) қазиш бўйича манзилли дастур тасдиқланган.

Дастурга асосан, йил якунига қадар туманлардаги сув таъминоти оғир бўлган 146 та маҳаллада 235 та сув қудуқлари қазиш белгиланган. Бугунги кунда 81 та артезиан қудудлари қазилиб, ишга туширилди.

Қазилган қудуқлар 840 та хонадоннинг 67,2 гектар томорқасини сув билан таъминлаш имконини берди.

- Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси борлиги ҳақида кўпчилик эшитган, бироқ фаолияти ҳақида аксарият кишиларда маълумот йўқ.

- Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, томорқада маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда вилоят учун жамғарма томонидан 21,08 миллиард сўм ресурс маблағлари ажратилиб, 3 та тижорат банкининг (“Агробанк”, Халқ банки, “Микрокредитбанк”) туман, шаҳар филиалларига ташлаб берилган. Бугунги кунда ушбу маблағларнинг қарийб 14 миллиард сўми томорқа ер эгалари томонидан ўзлаштирилган.

Ё.МАРҚАЕВ суҳбатлашди.