Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фестиваль танлови бугун якунланади. Ғолиблар номи 30 август куни эълон қилинади ва тақдирланади

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари танлов дастури асосида 29 август куни Регистон майдонида чиқишларини давом эттирди.

Бугунги дастурни Германия, Греция ва Сурия давлатлари вакилларидан иборат “Угарит банд” жамоаси бошлаб берди.

– Бизнинг жамоамиз уч давлат вакилларидан иборат, яъни уч киши суриялик, икки киши Германиядан ва бир киши Грециядан, – дейди жамоа аъзоси Хишам Хамро. – Биринчи ноталарни Суриянинг Угарит шаҳрида топганимиз учун жамоамизга шу жой билан боғлиқ ном танлаганмиз. Аммо кейинчалик Сурияда нотинч вазият юзага келгач, Германияда ўқиб, ҳам ижодимизни давом эттираяпмиз. Турли давлатлардан бўлганимиз учун уч халқ миллий мусиқаларини уйғунлаштирган оҳанглар яратамиз. Фестивалга ҳам ана шундай композицияларни тайёрлаб келган эдик ва у томошабинларга манзур бўлди, деб ўйлайман. Биз ушбу фестивалда қатнашганимиз, турли миллатларнинг, жумладан, ўзбек халқ миллий куй-қўшиқлари билан танишганимиздан хурсандмиз. Бу маданиятни, санъатни асраб-авайлаш керак.

Қирғистонлик ака-ука Эломон ва Айбек Қанибековлардан таркиб топган “Қомузчилар” дуэти қирғиз халқининг қомуз миллий чолғу асбобида қадимий халқ куйларини ижро этди.

– Биз ушбу фестивалда биринчи марта иштирок этаяпмиз, лекин аввалги йилларда Қирғизистондан ҳам жамоалар қатнашган, – дейди Эломон Қанибеков. – Ғолибликни эгаллаган жамоалар ҳам бўлган. Шунинг учун биз фестивалга алоҳида тайёргарлик кўриб келдик. Самарқандга биринчи марта келаётган бўлсак-да ўзимизни бегона ҳис қилмадик. Ўз уйимизда куйлагандек, мусиқаларни ижро этдик. Регистон майдони, бу ердаги саҳна бизга жуда ёқди.

Шунингдек, бугунги дастурдан Испания, Россия, Эстония, Венгрия, Покистон, Миср, Эрон давлатлари вакилларининг ҳам чиқишлари ўрин олган. Танловни эса юртимиз вакиллари якунлаб беришади.

Эртага – 30 август куни уч кунлик танлов якунлари сарҳисоб қилинади ва кечки пайт Регистон майдонида “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали ғолиблари номи эълон қилиниб, уларни тақдирлаш маросими ўтказилади.