Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Физика-математика илмий мактаблари: 30 йилда нималар ўзгарди?

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпдан бери ўз ҳолига ташлаб қўйилган илмий мактабларни тиклаш ва жаҳон фанига интеграциялаштириш масаласи кун тартибига чиқди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни парламенга йўллаган Мурожаатномасида ҳам тўхталди. Давлат раҳбари дунёдаги деярли барча кашфиёт ва технологияларни яратишда физика фани фундаментал асос бўлганини айтиб, жорий йилда физика ва чет тилларини ўрганишни устувор йўналиш этиб белгилашни таклиф қилди.

Шу нуқтаи назардан биз мустақиллигимизнинг 30 йилида Ўзбекистон илм-фанида қандай муҳим ўзгаришлар рўй бергани, хусусан, физика-математика илмий мактаблари фаолиятида нечоғли ижобий тенденциялар кузатилгани, шунингдек, бугунги янгиланишлар хусусида ЎзФА Астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Бобомурод Аҳмедов билан суҳбатлашдик.

- Ўтган асрнинг охирларида ахборот технологиялари жиддат билан ривожланди, - дея гап бошлади Б.Аҳмедов. - Ахборот олиш ҳамда узатиш тезлиги минг карра ошди. Бу илмий доиралар ўртасидаги мулоқотнинг жадаллашишига олиб келди. Мазкур жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. 90-йиллардан бошлаб биз хорижий олимлар билан узвий ҳамкорликда ишлаш, улардан тажриба ўрганиш, тезкор маълумот алмашиш ва биргаликда тадқиқотлар олиб бориш, яъни илмий коллаборацияга киришиш имконига эга бўлдик. Олимнинг академик ҳаракатчанлиги қанчалик юқори бўлса, у шунчалик рақобатбардош ҳисобланади. Бутун дунёдаги тенденция шундай. XX аср бошида Альберт Эйнштейн, Эрвин Шрёдингер, Вернер Гейзенберг каби буюк олимлар индивидуал тарзда фаолият олиб борган. Мен уларни яккахон олимлар, деб атайман. Ўша вақтда Нобель мукофотига сазовор бўлиш учун қоғоз, қалам ва ўткир ақл кифоя эди. Лекин XXI асрга келиб фан жамоалашди.

Аслида жамоавий фанни бобокалонимиз Мирзо Улуғбек XIV асрдаёқ амалиётга киритган. У нафақат даҳо шахс, балки замонавий тил билан айтганда, моҳир илмий менежер (science manager) ҳам эди. Улуғбек Самарқанддаги расадхонасида юзлаб олимларни тўплаб, уларнинг олдига юлдузлар координаталарини аниқлашдек мураккаб вазифани қўйган. Кўп йиллик кузатув ва изланишлар натижаси ўлароқ, бебаҳо фундаментал асар - “Зижи жадиди Кўрагоний” юзага келади. Асардаги формула ҳамда тенгламалар ҳозир ҳам дунё физиклари ва математиклари томонидан турли илмий масалалар ечимини топишда қўлланилмоқда.

Назаримда, бизга Мирзо Улуғбек каби кучли “science manager”лар, яъни янги илмий мактаблар яратиб, ўз жамоасини илғор тадқиқотлар атрофида бирлаштира оладиган профессорлар етишмаяпти. Жаҳонда илм-фаннинг жадал интеграцияси кузатилмоқда. Бугунги кунда халқаро илмий коллаборацияга қўшилмаган олим оламшумул кашфиёт қилолмайди.

Нега?

- Чунки фундаментал тадқиқотлар олиб бориш ҳам, уларнинг экспериментал қисмини бажариш ҳам катта маблағ талаб қилади. Астрономияни олайлик. У дунёдаги энг қиммат фундаментал фан ҳисобланади. Назарий астрофизикадаги долзарб муаммоларни тадқиқ этиш, астрономик кузатувлар олиб бориш, улар асосида рақамли экспериментлар ўтказиш учун бизга суперкомпьютерлар ва юқори аниқликда ишлайдиган замонавий телескоплар керак. Бундай асбоб-ускуналарнинг нархи ниҳоятда баланд. Шу боис одатда йирик илмий тадқиқотларни АҚШга ўхшаган қудратли давлатлар молиялаштиради.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда ҳам илмий муассасаларнинг технологик модернизациясига жиддий эътибор қаратилаётганидан хурсандман. Шу мақсадда Фанлар академиясига бюджетдан 32 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий грантлар ажратилмоқда. Яқинда вазирликка фундаментал грант лойиҳасини топширдик. Юқорида айтганимдек, астрономия қиммат фан. Дейлик, ўзим раҳбарлик қилаётган назарий астрофизика лабораториясини замонавий рақамли ускуналар билан жиҳозлаш учун ҳар йили салкам 1 миллиард сўм талаб қилинади. Шу жиҳатдан давлатнинг кўмаги айни муддао.

Бир неча йил аввал Ўзбекистонда илм-фанни ёшартиришга киришилди. Лекин негадир саъй-ҳаракатлар кутилган натижа бергани йўқБунинг сабабларини қандай изоҳлайсиз?

- Танганинг икки томонига қараш керак. Биринчидан, ёшлар илм-фанга қанчалик интиляпти. Иккинчидан, илм қиламан, деб келаётганлари талабга жавоб берадими? Инкор этмайман, охирги йилларда юртимизда илмий кадрлар салмоғи ортди. Аммо савияси ҳаминқадар. Хўш, хатолик қаерда?

Менимча, ёшларда илм билан шуғулланишга етарли мотивация уйғота олмаяпмиз. Бу ҳам таълим муассасаси, ҳам бўлғуси олимни қабул қилиб оладиган илмий жамоадаги муҳитга боғлиқ. Ўзбекистон миллий университетида дарс бераман. Биласизми, биринчи курс талабаларида ўқиш ва изланишга интилиш кучли бўлади. Лекин юқори курсга бориб бу шижоат сўнади. Қарабсизки, битирувчилар орасида олим бўламан дейдиганлари ё чиқади, ё чиқмайди. Магистратурада ҳам шу аҳвол. Чунки магистрантлар икки йил умрини тўрт йил бакалавриатда олган билимини такрорлаш билан ўтказади. Бундай бўлмаслиги керак эмас, ахир. Салоҳиятли талаба ва магистрантларни илмий муассасаларга жалб қилиш, илмий тадқиқотларда иштирок этишини таъминлаш зарур. Бу ерда фан ва таълимнинг узвий боғлиқлиги, интеграцияси ҳақида гап бормоқда.

Лабораториямиз ходимларининг деярли барчаси Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Бошқа олий ўқув юртлари битирувчилари мени қониқтирмайди. Инчунун, физика факультетлари барча ҳудудий университетларда мавжуд. Аммо бу муассасалар илмий мактаблардан узилиб қолган, уларга Тошкентдан олимлар бориб дарс беролмайди. Шу боис мен вилоятларда физика-математика илмий мактаби филиалларини очишни таклиф қилган бўлардим.

Яна такрорлайман, муаммо илмга тортилмаётган талабада эмас, балки илмий мактаблардан узилиб қолган таълим тизимида. Ўйлаб кўринг, нега Германия ёки АҚШдан машҳур олимлар, Нобель мукофоти соҳиблари етишиб чиқади. Нима, олмон ёки америкалик аёллар кўпроқ иқтидорли бола туғадими? Йўқ, албатта. Талантлар табиатда тенг тақсимланади. Ҳамма гап ўша иқтидорни парваришлаб, юзага чиқара олишда.

Очиғини айтаман, фақат моддий рағбатлантириш йўли билан янги авлод олимларини тарбиялаб бўлмайди. Агар бу усул кор қилганида, охирги икки-уч йилда Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти бир неча баробар юқорилаб кетарди. Афсуски, рақамлар дунёдан ҳали анча орқада эканимизни кўрсатмоқда.

Америка Миллий илмий жамғармаси ҳисоботига кўра, ўтган йили ўзбек олимлари импакт фактори юқори бўлган журналларда 500 тага яқин илмий мақола чоп этган (ҳатто Эфиопия, Шри-Ланка, Кения, Непал, Уганда ва Зимбабве биздан олдинда). Аҳоли сонига нисбатан олганда бу салмоқ аслида 40 мингтани ташкил қилиши керак эди. Бундан чиқди, дунё фундаментал фанидаги улушимиз бор-йўғи 0,008 фоизга тенг.

Олимлар сони-чи, дерсиз. Тўғри, бу омилни ҳам инобатга олиш керак. Келинг, ана, ривожланган давлатларда олимлар сони бизникидан 8 баравар кўп бўлсин. Лекин шунда ҳам Ўзбекистондаги ҳар бир олим хорижий ҳамкасбига қараганда ўртача 10 баравар ёмон ишлаяпти. Демак, илм-фанимиз қониқарсиз аҳволда!

Ваҳоланки, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи илмий ходимлари бугун 10-12 миллион сўмгача маош оляпти. Баъзиларининг иш самарадорлиги эса нолга тенг. Яқинда Фанлар академияси томонидан янги низом ишлаб чиқилди. Унга кўра, илмий ходим уч йилда “Scopus” ёки “Web of science” базасига кирувчи илмий журналларда камида иккита мақола эълон қилиши ёки иккита патентга эга бўлиши шарт. Афсуски, Ўзбекистон олимларининг тенг ярми бу талабга жавоб беролмаяпти. Уч йил тугул, ҳатто ўн йилда битта ҳам мақола чоп этмаган лаборатория мудирлари, профессор ва катта илмий ходимлар бор. Аттестация натижасида шуларни аниқлаяпмиз. Хирш (h-) индекси “0” га тенг ходимни қандай қилиб олим дейиш мумкин?! Бундай сохта илм соҳиблари ёшларни ҳам йўлдан уради, ўсишига имкон қолдирмайди. “Қароқчи” журналларда пулга мақола чиқариб, диссертация ёқлаган фан номзодлари-ю докторларни кўп кўрганман. Мамлакат илмий ҳамжамиятини мана шундай “саратон ҳужайралари”дан тозаламас эканмиз, дунё билан бўйлашиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Европа мамлакатларида мунтазам илмий сафарларда бўламан. Ғарбда илм-фандаги нуфузингиз унвон ва даражалар билан белгиланмайди ва бу тўғри, назаримда! Кеча докторлик диссертациясини ёқлаган бўлсангиз ҳам ўз устингизда ишлашда давом этмасангиз, тадқиқотларда қатнашмасангиз, мақола ёзмасангиз, академик фаоллигингиз суст бўлса, эътибордан четда қолаверасиз. Натижада бошқалар сиздан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас. Ҳақиқий рақобат муҳити докторантга ҳам, оқсоч профессор олдига ҳам бир хил талабни қўяди. Ҳаракат қилган ўзади, йўқса даврадан чиқиб кетишингиз керак. Тамом-вассалом!

Афсуски, собиқ иттифоқ даврида бизда тамомила бошқача ёндашув ҳукмрон эди. Профессор ҳамиша улуғланган, ўн йиллаб самарасиз ишласа ҳам юқори ойликни олиб юраверган. Бундай салбий тенденциядан қутула оламизми-йўқми менга қоронғу, аммо Ўзбекистон илм-фанининг келажаги хорижда ўқиб, малака ошириб келаётган ёш илмий кадрлар қўлида эканига ишончим комил. Юртимизга фаннинг замонавий, илғор йўналишларини олиб кириб, ривожлантириш, кучли илмий мактабларни яратишга янги авлод олимларигина қодир. Ўз вақтида Хитой худди шу тажрибани қўллаган. Ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакат ёшларни АҚШ ва Европадаги таълим муассасалари, илмий марказларга жўнатаверган. Бугун Хитой илм-фани қанчалик илгарилаб кетгани барчага аён.

Ҳозир физика фанимиз қай аҳволда?

- Мамлакат миқёсида оладиган бўлсак, физика, айниқса, унинг назарий қисми энг илғор фан йўналиши бўлиб турибди. Ўтган йили нуфузли илмий журналларда чоп этилган 500 та мақоланинг тенг ярми физик олимлар ҳиссасига тўғри келган. Бундай муваффақиятни физикларимиз жаҳон илмий ҳамжамиятига кўпроқ интеграциялашгани билан изоҳлаш мумкин. Жумладан, Италиянинг Триест шаҳрида жойлашган Халқаро назарий физика маркази энг яқин ҳамкоримиз ҳисобланади. Кўплаб ўзбек назариётчи олимларининг биринчи академик ҳаракатчанлиги айнан шу даргоҳдан бошланган. Жумладан, ўзим ҳам марказда малака ошириб, машҳур олимлар билан танишдим, улардан сабоқ олдим.

Ғарбий Европанинг бошқа давлатлари, қолаверса, Америка, Австралия, Хитой илмий мактаблари билан ҳам алоқалар йўлга қўйилганми?

- Албатта. Лабораториямиз мисолида айтаман. Ўтган йиллар ичида назарий астрофизика соҳасида халқаро илмий коллаборацияга жуда яхши кириша олдик. Ўнлаб ходимларимиз хорижий университетлар ва фан марказларининг етачи олимлари билан биргаликда тадқиқотлар олиб бормоқда. Айниқса, Германиядаги Макс Планк жамияти, Хитойдаги Фудань университети, Ҳиндистондаги Астрономия ва астрофизика университетлараро халқаро маркази, Чехиядаги Альберт Эйнштейн илмий маркази, Қозоғистоннинг Назарбоев университети билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили бир нечта олим ушбу марказларда стажировкалар ўтаб келмоқда.

Собиқ совет республикалари билан ҳам алоқалар сақланиб қолганми?

- Назарий астрофизика соҳасида жуда кам миқдорда. Бир вақтлар йирик давлатлар, хусусан, Россияда марказий осиёлик олимларга паст назар билан қараларди. “Катта оғалик” кайфияти ҳозир ҳам маълум маънода сақланиб қолган. Бу илмий алоқаларнинг дарз кетишига олиб келади. Илм-фандаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлиликка асосланиши керак. Бир томон ўзини шеригидан устун қўйишни бошладими, ноҳақлик юзага келади.

Аслида империалистик кибор барча мустамлакачи мамлакатларга хос. 1930 йилда ҳиндистонлик физик олим Субраманьян Чандрасекар Англияга йўл олади. Кемада кетаётиб у юлдузнинг критик массасини ҳисоблаб чиқарган. Чандрасекар астрофизиканинг ўша даврдаги энг кўзга кўринган вакили сэр Артур Эдингтон ҳузурига келади ва оламшумул кашфиёти ҳақида сўзлаб беради. Эдингтон эса уни менсимай, устидан кулган. Вақт ўтиб Чандрасекар юлдузнинг массаси охирги ҳолатда Қуёшникидан 1,4 баробар катта бўлса қора туйнукка айланишини топгани учун Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Биз шуғулланаётган релятивистик астрофизика фанда тубдан янги ва истиқболли йўналиш бўлгани боис дунёда бу соҳада илмий мактаблар кўпайиб бормоқда. Фахр билан айтиш керак, Ўзбекистон релятивистик астрофизикани ривожлантираётган мамлакатлар сирасига киради. Ҳозир юртимизга ундан ҳам янги йўналишлар - гравитацион тўлқин астрофизикаси ва рентген астрономиясини олиб киряпмиз. МДҲ минтақасида мазкур йўналишларда тадқиқот олиб бораётган илмий жамоалар нисбатан оз. Сабаби, бу катта маблағни талаб қилади. Ҳозирча фақат Беларусь Республикаси ва Қозоғистон билан қўшма лойиҳаларимиз бор. Қолган ҳамкорлар асосан Европа ва Осиё давлатларидан. Ўйлашимча, илмий хабларни Ўзбекистонда ҳам яратиш вақти келди.

Бунга нима тўсқинлик қиляпти?

– Кўп йиллардан буён тўпланиб қолган тизимли муаммолар.

Айнан қайсиларини ажратиб кўрсатган бўлардингиз? Уларнинг ечими борасида таклифингиз борми?

- 2019 ва 2020 йилларда юртимизда иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Биринчиси, олий таълим тизимини, кейингиси илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси. Ҳар иккала ҳужжатда Ўзбекистонинг халқаро рейтинглардаги позициясини сезиларли даражада яхшилаш вазифаси қўйилган.

Бошқача айтганда, ўн йилдан сўнг биз таълим сифати ва илмий салоҳият бўйича анча юқорилашимиз зарур. Гап яна рақобатбардош кадрлар масаласига бориб тақаляпти.

Илм-фанда халқаро талабга кўра, олимнинг h-индекси ҳар йили бир поғонага кўтарилиши керак. Шунда у рақобатбардош ҳисобланади. Хирш индекси ортиши учун нуфузли журналларда илмий мақолалар чоп этиш талаб қилинади.

Бироқ жуда кўп олимлар, талабалар инглиз тилини билмайди. Ўзбекистон илм-фани ҳамон русийзабон бўлиб қолмоқда. Бу энг асосий муаммомиздир.

Инглиз тили халқаро фан тили бўлгани учун ҳам уни ўрганишимиз зарур. Тасаввур қилинг, Мирзо Улуғбек “Зижи жадиди Кўрагоний”ни араб эмас, туркий тилда ёзганида нима бўларди? Бу улкан хазинадан дунё бебаҳра қоларди, албатта. Чунки илк ўрта асрларда илмий мулоқот араб тилида олиб борилган. Кейинчалик француз тили юқори мақомга кўтарилди. Иккинчи жаҳон урушигача эса немис тили доминант ҳисобланган. Масалан, Альберт Эйнштейн инглиз тилини деярли билмаган ва асосий асарларини немис тилида чоп этган. Ниҳоят, XX аср ўрталарида эстафета инглиз тилига ўтди. Бора-бора олимлар хитой тилини ўрганишга киришса ҳам ажабланмайман!

Тил билмаслиги оқибатида бутун бошли халқлар катта йўқотишларга дуч келган. Яна тарихга юзланамиз. Америкалик машҳур олим Эдвин Хаббл 1929 йилда коинотда галактикалар борлиги, яъни юлдузлар тўпламларда жойлашганини экспериментал тарзда исботлайди. Қолаверса, у астрономик кузатувлар асосида коинотимиз кенгайиб бораётганини аниқлаган. Кейинчалик мазкур жараёнга Хаббл қонуни, деб ном берилди.

Аслида Хабблдан аввал коинотнинг кенгайиш ҳодисасини Жорж Леметр аниқлаган. Фақат Леметр тадқиқот натижаларини француз тилида эълон қилгани боис унинг мақоласи оммалашмайди. Шундай қилиб, “улоқ”ни Эдвин Хаббл илиб кетган. 2018 йилга келибгина тарихий адолат тикланиб, Халқаро астрономлар жамияти космологларга яхши таниш бўлган атамани Хаббл-Леметр қонуни, деб ўзгартиришни тавсия этди.

Ўзбекистонда аниқ ва табиий фанлар бўйича магистратура таълими тўлиқ инглиз тилида олиб бориш тарафдориман. Боз устига, Ғарб типдаги илмий-тадқиқот муассасаларини очиш вақти келди. Юртимизда илмий фаолиятни ташкил этиш ва бошқаришда жаҳон талабларига мос замонавий тизимни жорий қила олсак, аминманки, оёғимизга тушов солган кўпгина муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

Яна бир таклиф. PhD ёқлаётган номзодга иккита: мамлакат ичидан ва хориждан илмий раҳбар танлаш шартини қўйиш зарур (Қозоғистонда бу тажриба муваффақиятли қўлланилмоқда). Мана шунда сохта диссертацион ишлар автоматик тарзда фильтрланади.

Шу билан бирга, илмий ходимга университетда дарс бериш талаби қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай ёндашув таълим ва фан интеграциясига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил.

Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларига ҳам эътирозим бор. Очиғи, улар орасида илмий мақола ёзишга қўли бормайдиган, илмий коллаборацияда иштирок этмайдиган ва бунинг йўл-йўриғини ҳам билмайдиганлар талай. Университетдаги ҳамкасбларимиз дарс ўтиш билангина чекланиб қолмоқда. Педюклама катта. Илм қилишга вақти йўқ. Ваҳоланки, дунёда бунга аллақачон оқилона ечим топилган. Кўпгина ривожланган давлатларда саббатикал тизими амал қилади. Бу илмий таътил дегани. Яъни, университет ўқитувчиси бир-икки семестрлик танаффус олиб, шу вақтини фақат тадқиқот ишларига ёки мақола, қўлланма, монография ёзишга бағишлайди. Унинг иш жойи ва маоши сақлаб қолинади. Саббатикални Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш фойдадан холи бўлмасди.

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Наргиза Умарова суҳбатлашди.