Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқаролар йиғинлари ходимлари вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилинмайди

Бу вилоят ҳокими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси томонидан тасдиқланган баёнда белгиланган.

Яъни, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари, ҳудудий бошқарув органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш таъқиқланиши юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилиши лозим.

Баёнга асосан муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар кўп кузатилаётган маҳаллалар фаолияти ўрганилиб, уларнинг юзага келишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитлар таҳлил қилинади, натижаларни ҳар ҳафтада фуқаролар йиғинларида, ҳар ойда туман (шаҳар) ҳамда ҳар чоракда вилоятда муҳокама қилиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, баёнда туман (шаҳар) ҳокимлари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши (Б.Насриев)га бир ҳафта муддатда мактаб биноларида жойлашган фуқаролар йиғинларини бошқа биноларга кўчириш, шунингдек уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет тармоқлари билан жиҳозлаш чораларини кўриш;

икки ой муддатда туман (шаҳар) кенгашлари ҳамда фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базаси ҳолатини тўлиқ инвентаризациядан ўтказган ҳолда, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда маҳалла тизими моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш вазифалари топширилган.

Бундан ташқари, баёнда қайд этилишича, туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича ўринбосарлари жорий йилнинг 1 ноябрига қадар “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури доирасида маҳаллаларда футбол майдончалари қурилишини ташкил этиши керак.

Баёнда шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини жонлантириш юзасидан амалга ошириладиган бошқа зарур чора-тадбирлар белгиланган.