Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гавҳар Алимова тарғибот тадбирини ўзи туғилиб ўсган қишлоқдан бошлади

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова бир гуруҳ фаоллар билан Жомбой тумани, Кўкгумбаз маҳалласи аҳли билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат ўтказди, одамларнинг муаммоларини эшитди.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан хотин-қизлар ўртасида маънавий маърифий тарғибот ишларини олиб бориш учун ўтказилган йиғилишда ушбу тарғибот гуруҳининг мақсад, вазифалари ҳақида тушунча берилди.


- Вилоятдаги бир нечта маҳаллаларда бўлганимда, шу жумладан ушбу қишлоқда ҳам, бирор марта маърифий анжуманлар ўтказилмаганлигини эшитдим, - дейди Г.Алимова. - Энди у ёки бу анжуманларни туман марказида эмас, маҳаллалар, қишлоқларнинг ўзида ўтказиш, аҳолини қизиқтириш керак. Намунали бека, намунали оила, чевар келин, пазанда қиз, қирқ ҳунарга эга йигит каби танловлар, маънавий анжуманлар маҳаллада ўтказилса одамлар қизиқади, албатта. Қолаверса, қишлоқдаги тўй-маъракаларни бошқариш, бир-бирини қўллаб қувватлаш, ҳашар каби азалий қадриятларимизга дарз етмоқда. Уларни тиклаш, ёшларга ўргатиш керак. Шу мақсадда ҳар бир қишлоқда кайвони оналар ҳамда уларнинг ёрдамчиларини сайлаймиз. Улар маҳалла мутахассисларининг энг яқин ёрдамчилари бўлади. Қишлоқ аёлларига ҳам маданий ҳордиқ ташкил этиш лозим. Яқинда энг чекка ҳудудлардан хотин-қизларни театрга, концерт дастурларига бепул олиб боришни ташкил қиламиз. Бу доимий тарзда бўлади.


Маҳалладаги Хўжақишлоқ аҳли кайвони ва ёшлардан ёрдамчисини сайлаб олишди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова йиғилганларга Ватан, она, аёл мавзуларида ўз шеърларидан ўқиб берди.

Гулруҳ Мўминова.