Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гужаратлик ишбилармонлар самарқандлик тадбиркорлар билан бирга маҳсулот ишлаб чиқаради

Самарқанд вилояти ҳокимлигида самарқандлик ва Ҳиндистоннинг Гужарат штати ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Дастлаб вилоят ҳокими Э.Турдимов Ҳиндистоннинг Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани бошчилигидаги делегация аъзолари, ушбу юртнинг ўндан зиёд йирик компаниялар раҳбарларига мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жумладан, чет эл сармоядорлари учун яратилаётган қулай инвестиция муҳити, хорижий инвестиция жалб қилиш борасида вилоятда эришилаётган натижалар ҳамда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ресурслари ҳақида батафсил маълумот берди.

Вилоятдаги бир қатор тиббиёт, енгил саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, уларнинг иқтисодий салоҳияти, фаолияти, эришаётган натижалари, чет эл сармоясини киритиш учун мавжуд имконият ва шароитлар ҳиндистонлик ишбилармонларнинг эътибор марказида бўлди.

Бизнес-форум давомида меҳмонлар “Самарқандда ишлаб чиқарилган” номи остида тайёрланаётган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларга қизиқиш билдирди.

– Ушбу форум юртингизда очиқ иқтисодий сиёсат олиб борилаётганининг ёрқин намунаси, – дейди Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани. – Бу бизнес-форумда ҳар икки томон учун манфаатли бўлган кўплаб шартномалар имзоланишига ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар кенгайишига ишонамиз.

Бизнес-форум доирасида Самарқанд ва Гужарат ишбилармонлари ўртасида қатор инвестиция шартномалари ва келишувлар имзоланди.