Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гулнора Каримованинг жиноий активларини Швейцариядан қайтариш бўйича якуний битим имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бугун, 16 августда Берн шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланганлигини маълум қилди.

Битимнинг имзоланиши илгари Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млн АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига дарҳол қайтарилишини англатади.

Битимга мувофиқ, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда:

➖очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш;

➖ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;

➖ қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;

Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши.

Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ иштирокидаги уч томонлама реституция механизмига алоҳида эътибор берилади.

Реституция БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармалари тизимига кирувчи “Uzbekistan Vision 2030” кўп-шериклик траст жамғармаси орқали амалга оширилади.