Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳафта давомида қандай об-ҳаво кузатилади?

Ўзгидрометнинг хабар беришича, бугун республикамизнинг катта қисмида об-ҳаво ёғингарчиликсиз, ҳарорат 5-10 даража илиқ атрофида бўлади.

Бироқ кечга бориб, Волгабўйи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво оқими кириши муносабати билан об-ҳаво шароитлари ўзгаради. Булутлар кўпайиб, тунда мамлакатимизнинг шимолий туманларидан ташқари, қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) ёғади.

Бундай шароит эртага кун бўйи давом этади. Эртага ҳаво ҳарорати кечаси 0-5 даража илиқ, кундузи 3-8 даража илиқ бўлади.

Иш ҳафтасининг ўртасида совуқ ҳаво оқимининг таъсири, айниқса, кечаси ҳали сезилиб туради. Тунги ҳарорат 1-3 даража совуққача пасаяди, кундузи қуёш пайшанбага келиб ҳароратни 10-15 даражагача илитади.

Иш ҳафтасининг охирида об-ҳаво яна айнишни бошлайди. Жума куни мамлакатимиз ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади, шимолий туманларда ёғингарчилик бўлади, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.

Тунги ҳарорат 0-5 даража илиққача кўтарилади. Кундузи 10-15 даража атрофида бўлади. Бундай ҳарорат ойнинг шу даври учун хос бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан бир оз юқори.