Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳам шеър, ҳам куй, ҳам қўшиқ

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Абдураҳмон Амонов муаллифлигида “Кел Самарқанд шаҳрига” деб номланган икки томлик китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Китоб “Турон нашр” нашриётида чоп этилди.

- Китоб кўп йиллик саъй-ҳаракатлар маҳсулидир, - деди вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандкий вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев. – Китобда XX асрда яшаган ижодкорлар орасида ўз йўналишига эга, шеърларида ўзига хос оҳанги бор зуллисонайн ижодкорлар Ориф Гулханий ҳамда Олимжон Орифийларнинг энг сара ғазаллари ва уларга басталанган куйларнинг ноталари жамланган. Таниқли санъаткорлар томонидан куйланган қўшиқлар икки хил кўринишда – бир овозли ва фортепиано жўрлигида нотага олинган.

- Ушбу китобларда жамланган қўшиқлар ғазал ва наво мухлисларига маъқул тушади. Уларни шинавандалар қониқиш билан кутиб олиб, куйлаб, кўнгилларга завқ бағишлайди, деб ишонамиз, - деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Санъаткорлар ижросидаги қўшиқларни китобнинг муқовасида кўрсатилган QR-код орқали эшитишингиз мумкин.

Китоб тақдимотида самарқандлик санъаткорлар томонидан ижро этилган мумтоз куй-қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Тадбирда шоир ва ёзувчилар ҳамда санъат мактаби ўқувчилари қатнашди.