Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳамма нарса рисоласи билан баён этиб қўйилган

(Новелла)

Қат-қат кўрпача устида шохга қўнган қушча монанд омонатгина ўтирган нуроний онахон нимаси биландир мусичага ўхшар эди. Ёши ва жисмига мос бичимли оппоқ либоси устидан боши аралаш ташланган чорсиси нур, мўл ва узун енглари ичида билинар-билинмас тасбеҳ қайтараётган қўллари зикр оғушида.

Уйнинг бутун жиҳози ўнг томонига духоба жилдли икки–уч китоб ва қуйисига чоққина оппоқ чойнак қўйилган, устига оқ сурф ташланган қўлбола хонтахтадан иборат. Аммо сокингина эшилиб таралаётган илоҳий калом синоатдан етган файз уни кўрк билан тамомий тўлдирган эди.

Одобу итоатида остонадан салом билан ичкари кирган бўлсам-да, олға юришга ийманиб турдим. Кексалик нақш солган, аммо руҳоний тетиклик балқиб турган юзларидан изн тилларига кўчгач, гирдихона устидан сокингина олдиларигача юриб бордим ва зиёратимни изҳор этдим.

Суҳбатимиз илдизлаган сайин салкам тўқсон ёшдаги Улбусин момонинг соғлом ва теран фикрлари ҳайратимни ошириб борди. Шукрга тўла изҳорларини тинглаб ҳам завқландим, ҳам таъсирландим. Ота-оналари ўтмиш замонлар зарбида кўч-кўрони билан "кўчирма"нинг аччиқ-чучигини тота-тота, охири Пайариқдаги Мойлитепани ватан тутган оқмачитликлардан эканлар:

- Шарофатли кунларга етказганига шукур! Юртбошимиз барака топсинлар! Илгариларда бу замонларди тушимизда ҳам кўрмаганмиз. Худодан айланай, ўнғимизда кўриб, яшаб журибмиз. Гиртиккина ибодатимиз билан Ўзига таваккал қиб тоза товиб, тоза ошадик. Ғараздан нари, ҳою-ҳавасдан бери бўлдик. Бобойимиз тўқсон ёшида бандаликни келтирдилар. Ўзим олтмиш беш ёшимда Қуръон ўқишга жетдим, ният холис бўса эртадир-кечдир насиба боракан, беҳисоб шукур.

Икки қўлимиз дуода. Шукур минан тонг оттириб, шукр минан кун боттирамиз. Турмушимиздан кўнгил тўқ, орқамизда кашалчилик жўқ. Ҳозирда саксон тўққизман. Қариликдан гина қимайман. Равшан кўраман, ўзимди гавдамди  ўзим кўтариб жураман. Еб–ичаримда хата жўқ...

   Онахоннинг суҳбатларини мароқ билан тинглар эканман беихтиёр хотирамга Ҳазрати Икрима (р.а.) Аллоҳнинг каломининг "Наҳл" сураси 70-оятидан берган бир хушхабарлари келди: "Ким Қуръон ўқиса, умрнинг энг заиф ҳолатига тушмайди".

 Мен бугун бу ростликка рўбарў турар эдим. Сирасини айтсам, зиёратим ниҳоясида онахон ийманибгина қилган сўровидан тамомий бир ҳолга тушиб, ушбу дийдор замиридаги ҳикматдан лол эдим:

- Садағангиз бўлай сизди, келарингиздан аввалроқ бир тиниқ туш кўриб эдим, шуни жўраб берсангиз. Маккатиллода эмишман. Тебараги беҳисоб, сурув-сурув қўй эмиш. Баҳри дилим очилиб, завқ минан журган эмишман. Бир пайт икки томонимда икки оқ қуш пайдо бўп, икки қўлимдан тутди-да, осмонга кўтариб кетди. Уёғини ўнғаралмайман. Бу недан дарак бўса?..

Ҳарчанд уринмайин тин олиб, сокин ўтиришим баҳра еб, пинҳоний ғолиб куч таъсирида тўлқинланиб кетдим ва улкан сирни очаётгандек ҳаяжонда сўрадим:

- Онажон, норасида нопойид болангиз бўлганми?

Онахон сўровимни эшитмагандек зингирайиб турди-да, синиқ товушли “уф”и ортидан хаёлимда мулгигандай бўлди. Сўнг юрак уришига мос тебраниб турган ўнг қўли икки бармоғини ишора қилиб, деди :

- Бир эмас икковидан...

Ютинганимни сездирмай деган ўйда беихтиёр кафтларим билан оғзимни тўсиб кўнгил беришга тутунсам-да, дилимдаги “пов” этиб тилимга кўчди:

- Сизга насиб этса тушингизда хайрли хушхабар етибди, дея Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларини баён этишга тутундим: Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар: «Бир тўда аёллар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: Муайян бир кунни белгилаб, бизга ваъз қилсангиз», дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир кунни белгилаб, хотинларга ваъз айтдилар: «Қайси бир хотиннинг уч боласи ўлса, ўшал болалари уни парда бўлиб дўзах ўтидан тўсиб туришғайдир», дедилар. Бир хотин: «Иккита боласи ўлган бўлса-чи?» деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иккита бўлса ҳам», дедилар.

Тошкентга ажиб бир ҳолда қайтдим. Ҳали бор, ҳали Каломдан камол топган онахоннинг нурли қиёфаси айнан сифатда кўз олдимда туради... Ҳамсуҳбатим Хўжакелдининг оғзаки баёнинигина оққа туширолдим. Унинг ботинидаги тасаввурни ҳикоя этишга ожизман. Аслида ҳамма нарса рисоласи билан баён этиб қўйилган, ушбу ўқиганларингиз эса такрор, холос. Бинобарин, Аллоҳ ва Пайғамбари (с.а.в.) дан етган ҳар бир хабар рост ва бешуҳба!

Суюндик Мустафо Нуротоий.