Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбийларнинг рафиқалари юзга яқин лапар айтишди

Одатда ҳарбий қисмларда ўтказиладиган ҳар бир тадбир, у хоҳ  маданий-маърифий бўлсин, хоҳ ҳарбий-жанговар, унга ҳарбийларча тартиб-интизом билан ёндашилади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ҳарбийларнинг аёллари ўртасида «Балли, аёллар» номли кўрик-танлов Самарқанд гарнизони ҳаво ҳужумларидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари  ҳарбий қисмида бўлиб ўтди.

Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд вилоятларида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг рафиқалари ўзаро беллашдилар.

- Ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитлар билан бир қаторда уларнинг оилаларига ҳам эътибор қаратилмоқда, - дейди ҳарбийлар хотин-қизлар ва уларнинг оилалари билан ишлаш бўйича мутахассис Лиана Сорочина. – Кўпчилик ҳарбийларнинг маоши юқори, шунинг учун уларнинг оиласи кўпам эътиборга муҳтож эмас, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, турли шаҳарларда хизмат қилиш, доимий сарсонгарчиликлар, ҳар гал нотаниш муҳит билан рўбару келиш, қариндош-уруғларидан узоқда, баъзида турмуш ўртоғини ойлаб кўрмаслик ҳолатлари ҳарбийларнинг оиласига ҳам ўзига яраша матонатни талаб этади. «Балли аёллар» танлови ҳам уларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, эътиборда эканини намойиш этиш учун ташкиллаштирилган.

Танловда иштирок этаётган, Нукусда яшайдиган Соҳиба Хўжамуродова лапар айтишда иштирокчиларни лол қолдирган бўлса, Газлидан келган Дилафрўз Фармонова аллани қойиллатиб айтиши, Қаршида истиқомат қилувчи Шоҳиста Шерматова дадиллиги, Муштарий Акабоева эса чеварлиги, самарқандлик Муқаддас Ҳақбердиева эса қадриятларни улуғлаши билан мухлислар эътиборига сазовор бўлди. Биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқи Самарқанддаги ҳарбийнинг оиласи Наргиза Исаковага насиб этди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.