Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳайдовчилик гувоҳномангизни алмаштирдингизми?

Бу борада мутасаддилар айрим масалаларни назоратга олишлари керак. Чунки...

Учрашувларда ҳайдовчилик гувоҳномасини ва автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (техпаспорт)ни алмаштириш учун фуқароларга шароит яратилмаганлиги, ортиқча тўловлар олинаётганлиги бўйича мурожаат қилишди.

Аслида “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига ўзгартиришлар киритилган.

Эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади:

2010 йилгача берилганлари – 2022 йил 31 мартгача;

2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнгача;

2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябргача;

2015 йилдан кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабргача.

Илгари 2021 йил 31 декабргача алмаштириш мажбурий эди.

Шундай бўлса-да, сайловчиларнинг мурожаатлар қанчалик асосли эканлигини билиш учун ҳайдовчилик гувоҳномамни ва автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (техпаспорт)ни алмаштириш мақсадида Каттақўрғон туманида жойлашган вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 1-ТРИБга бордим.

Ҳақиқатан ҳам бино, унинг атрофи антисанитария ҳолатида, гувоҳномага фотосуратга тушириш хонасига чиқиш учун оддий зина ташкил этилмаган, кутиш заллари ёки ўтириш учун стуллар етарли даражада яратилмаган.

Мурожаатимдан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномаси учун 192 780 сўм, техпаспорт учун 223 380 сўм, расмийлаштириш учун керак бўладиган ҳужжатларга 19 000 сўм, автомашинани техник кўрикдан ўтказиш учун 60 000 сўм тўлашим кераклигини айтишди.

Ваҳоланки, Ички ишлар вазирининг 2011 йил 23 ноябрдаги буйруғига кўра ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш учун ҳам шунча, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида вақтинчалик гувоҳномани бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда енгил автотранспорт воситалари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилади, дейилган.

Ноилож, 495 160 сўм тўладим, (ваҳоланки, 190+190+54+27=461 сўм бўлиши керак) ва менга янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси беришди.

Каттақўрғонда кўрганларим билан сайловчиларнинг мурожаатлари ўринли экан, деган фикрга келдим. Қолаверса, техпаспорт йўқлиги учун вақтинча (3 ойга) фойдаланиш унинг ўрнини босувчи ҳужжат беришди. Энг қизиғи, бу ишларга 4 соат вақт кетди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳолатни назоратга олса, кўплаб фуқароларга манфаатли бўларди.

Б.Орзиқулов,

халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгаши котибият мудири.