Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг “Гулзорим” қўшиғи қандай яратилган?

Мажидхон ака Саидовни нафақат ургутликлар, балки республикамизда фаолият юритаётган кўплаб санъаткорлар, мусиқа шинавандалари яхши танийди. Қўшиқларида ўзига хос оҳанг, маъно ва қалбларга етиб борувчи нола бор. Бир неча йилдан буён пойтахтда ижод қилаётган ҳофиз яқинда таҳририятимиз меҳмони бўлди. Мажидхон ака билан Самарқанд мақом санъати, Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг “Гулзорим” қўшиғининг яратилиши, бугунги қўшиқчилик ҳақида суҳбатлашдик.

- Ургут туманида “Бешқарсак” ансамбли  бор. Биз синфдошларимиз билан танаффус пайтида уларнинг репетиция жараёнини кузатардик, - дейди ҳофиз. - Мана шу кузатишлар мени санъатга етаклаган бўлса, ажаб эмас. Чунки улар билан бирга Ургутнинг бошқаларга ўхшамаган халқ оғзаки ижодини хиргойи қилардим. Бу кузатишлар ансамблга кириб келишимга туртки бўлди. Бу ерда 10 йил бадиий раҳбарлик қилдим. 1996 йилда мени Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига таклиф этишди. Тошкентда ижод қилиш баробарида кўплаб санъат фидойиларидан сабоқ олдим. Ўзбекистон халқ артисти Орифхон Ҳотамов, Эсон Лутфуллаев, Қувондиқ Искандаров, Ортиқ Отажонов каби уста ҳофизлардан санъат сирларини ўргандим, уларнинг ёрдамида қўшиқлар яратдим.

Президентимизнинг  2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори  ушбу санъатни қайта ривожлантирди. Самарқандда ҳам ёшлардан иборат “Мақом” ансамбли ташкил этилганини эшитиб хурсанд бўлдик. Бизда мақом усталари етишиб чиқиши учун пойдевор бор, истеъдодли ёшлар кўп. Буни бежиз айтмадим, Самарқанд мақом санъати деганда кўз олдимизга Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов келади. У кишининг мақом санъатини ривожлантиришдаги ўрни беқиёс. Бугун устознинг бор-йўғи ўндан ортиқ қўшиқлари бизгача сақланиб қолган бўлса-да, улар умрбоқийдир. Йиллар ўтса-да, ўз оҳангини, маъносини йўқотмайди. Мақомни ноталарга тизган устоз Юнус Ражабийнинг фарзандлари билан суҳбатимизда, у киши ҳам Самарқандга келиб Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловдан сабоқ олганини айтади.

- Санъаткор учун унинг ҳар бир қўшиқ фарзандидек. Агар у қалбларни забт этса, демак, яхши бир асар яратилибди, дейишади. Ҳақиқат-да эса...

- Яқинда Фармон Тошевнинг бир шеърини телеграм каналларнинг бирида ўқидим. Уни қўшиқ қилдим. Биласизми нега? Қўшиқ қалбимни йиғлатгани учун, уни ҳис қилганим учун, ҳаяжонга тушганим учун.

Кўрмадим дунёни ҳеч бекам, нетай,

Топмадим соғинчима малҳам, нетай.

Шеър сизни ҳаяжонга солдими, демак, эшитувчини ҳам ҳаяжонга солади. Ички ишлар идораларида ишлаган раҳматли Ўткир Жўраевнинг шеърлари ҳам ўзига хос эди. У кишининг ижодидан бир шеърни қўшиқ қилгандим. Андижондаги шогирдларимиз “Биз ҳам айтсак бўладими”, деб сўрашяпти. Демак, нафақат менга, балки уларга ҳам қўшиқ маъқул бўлган.

Ҳозир ёшларимиз икки ёки уч кунда қўшиқ тайёрлаяпти. Ўзи шеър ёзаяпти, ўзи куй басталаяпти ва айтяпти. Албатта, бундай ашуланинг умри қисқа бўлади-да! Чунки ҳар бир ишни ўзининг устаси қилгани яхши. Агар битта шоирнинг шеърига куй басталасаму, битта сўзи куйга тушмаса, унинг муқобилини топишга қийналаман. Чунки мен шоир эмасман.

Бизда шоирларимиз, бастакорларимиз кўп. Улар билан ҳамкорлик қилиш, изланиш, ўқиш керак. Масалан, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов икки йилда, беш йилда битта қўшиқ яратган. Қарангки, бугунги кунгача “Гулзорим”, “Қўшчинор”, “Бебоғча”, “Ушоқ” эскиргани йўқ. Улар санъаткорларимиз томонидан қайта-қайта ижро этилмоқда, сайқал берилмоқда. Ёшларга айтмоқчиманки, санъат соҳасида меҳнат қилган, изланган мақсадга эришади, боқий асарлар яратилади. Чунки меҳнат қилган сари янгиликлар пайдо бўлади. Битта қўшиқ яратиш учун 70 фоиз истеъдод керак бўлса, 30 фоиз меҳнат қилиш керак. Бугун аксарият қўшиқларимиз тақлид бўлиб қолаётгандек кўринади. Тўғри, баъзан ижодкорлар орасида ҳам қўшиқ алмашинув бўлади. Бунинг ҳам мезонлари бор.

- Бунинг ҳам ўзига хос этикаси борми? Чунки аксарият қўшиқларимиз чет эл ёки 60-70 йиллардаги қўшиқларни замонавийлаштирилган ҳолда ижро этилмоқда.

- Устоз санъаткор Бобомурод Ҳамдамовнинг “Омонат” қўшиғи сўзи менга ёқиб қолди. Унинг куйини сал бошқача қилиб куйладим. Анча вақт устоздан розилик олишни ўйлаб юрдим. Бир куни Султонпошша Ўдаева ва у кишининг турмуш ўртоғи Сафар оға билан Бобомурод аканинг уйига бордик. 

Чой ичиб туриб, Сафар оға Бобомурод акага қўшиқдан сўз очди:

“Мажидхон сизнинг “Омонат” деган қўшиғингизга куй басталаб қўшиқ қилибди, сиз нима дейсиз”.

Ҳаяжон билан жавобларини кутяпман. Шунда Бобомурода ака менга: “Торни ол, - деди буйруқ билан. - Қани энди чал”.

Икки мисра айтганимдан кейин у кишининг муносабатини кутдим. Жим туриб, “Мажидхон буни тез ёз” деди. Яхши чиқибди. Мана шу бир жумланинг ўзи санъаткор учун бахт, бойлик. Қўшиқнинг жумлалари менга таъсир қилгани учун шеър муаллифини сўрадим. “Жўшқинники”, деди Бобомурод ака. Қўшиқ радиода ёзилди. Телеканалларда айланди.

- Демак, устоз ва шогирдлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик бор.

- Аслида ҳақиқий санъаткор камтарин бўлади. Гоҳ шогирдига беради, гоҳ шогирдидан олади. Бировнинг қўшиғини ижро қилишнинг ўзи бўлмайди.

Омон Матжоннинг туғилган кунига битта шеърини қўшиқ қилиб тайёрлаб бордим. Ортиқ ака қўшиқларини тугатгач, менга юзланди. Шунда Омон аканинг бир шеърини қўшиқ қилганимни айтдим. Шунда “Ой чиқди лекин қамар йўқ”, деб бошланувчи қўшиқни айтиб бердим. Ортиқ Отажонов “Мажидхон, шу қўшиқни мен ҳам айтгим келиб қолди”, деди самимий оҳангда.

Аслида ҳеч бир санъаткор бир йўналишда ижод қилмайди. Барча ижролар ўзига хос чиқади. Баҳони эса томошабин беради.

- Ҳар бир қўшиқнинг яралиш тарихи бор. Устоз санъаткорлар ижодига ҳам қизиқиб кўрганмисиз? Уларнинг қўшиқлари қандай яралган?

- Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг “Гулзорим” қўшиғи жуда машҳур. Қанчалик рост билмайман, аммо дутор чаладиган оғаларимиз қўшиқнинг яратилиши ҳақида гапириб берувди.

Икки киши мардикор бозорига боришган. Бир киши уларни Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг уйига олиб борган. Хоналардан бирига киришса, деворда дутор осиғлиқ турган. Дастурхон ёзиш, усталарни овқатлантиришга кириб кетган санъат устаси чиқиб қараса, дуторнинг овози келяпти. Уй эгасини кўрган киши дарҳол чалишни тўхтатибди. Шунда устоз “Қўйманг, яна бир чалингчи”, деб сўрабди. Шериги яхши чалгани учун унга дуторни тутибди. Ҳофиз оҳангни эшитиб, “мана шу жойи менга сиздан совға” деб, бир кунлик келишилган пулни берган экан. Бир неча ойдан кейин “Гулзорим” деган пластинка чиққан ва оғаларимизнинг худди шу оҳанги ундан жой олган экан.

Тўйларда кўп юрамиз бизда ҳам мана шундай истеъдодлар кўп. Уларни бир жойга йиғиш, бир-бирига танитиш керак. Ўзим ҳам ният қилиб юрибман. Масалан, қишлоғимизда Шароф Махсум, Неъматжон ака деган ҳофизлар бўлган. Тошкентдан келган машҳур санъаткорлар уларнинг овозларига қойил қолган. Аммо қишлоқдан бошқа ҳудудда уларни ҳеч ким танимайди. Шунинг учун, Самарқандда ҳам мақом мактабини ташкил этиб, унга чекка ҳудудлардаги истеъдодларни йиғишни мақсад қилдим.

- Яқинда Маданият вазири мақом куйлари боғчалардаги болаларга эшиттирилишини айтди...

- Мақомнинг тарбиявий аҳамияти катта. Унга киритилган сўзлар оддий эмас. Уларнинг сўзлари Навоий, Жомий, Нодирабегим, Муқимий, Фурқат каби шоирларнинг шеърларидан олинган. Оддий шеърларни мақомга солиб бўлмайди. Аруз вазнидаги ғазалларгина мақомга тушади. Навоий ҳазратлари куй ҳам чалган. Шунинг учун унинг ҳар бир ғазали ўзининг куйи билан яратилган. Ўқиганингиз сари оҳанг ҳам келаверади. Машраб ғазалларида ҳам оҳангдорликни учратиш мумкин.

Менимча, мақомга меҳрни ёшликдан уйғотиш керак. Шундагина, мақом санъатимиз янада ривожланади, юксалади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.