Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким ўринбосари судга берилди

Самарқанд вилоятида жорий йилда 94 130 гектар майдонда етиштирилган ғаллани ўриб-йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. 22 та ғаллачилик кластерлари томонидан донни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш каби юмушлар бажарилмоқда.

Мавсумда 278 та ғалла ўриш комбайни, 1108 та юк автомашинаси, 73 та кўчма устахона ва 161 дона ёқилғи ташиш техникаларидан самарали фойдаланиляпти.

5 июль ҳолатида вилоят бўйича 66 223 гектар ғалла майдони ўрилиб, давлатга 177 минг 174 тонна дон топширилган.

Самарқанд вилоят прокуратураси органлари томонидан ғалла ўрим-йиғими даврида Пахтачи ва Нарпай туманларида комбайнларга эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида етказиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу  борада олиб борилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳақида вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилди, 76 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилди, 7 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Жумладан, Оқдарё туманида йиғим-терим ишларида 25 та комбайн қатнашиши режалаштирилган. 5-сонли отрядга қарашли ғалла ўриш комбайни 15 июнь куни “Даҳбед” ММТП ҳудудидаги “Ўн тол” фермер хўжалиги ғалла майдонида ўримда қатнашиши белгиланган бўлса-да, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари томонидан бошқа ҳудудга юборилган. “Пюри милк Оқдарё” фермер хўжалиги томонидан ишлатилаётган 2 та комбайн эса бирорта отрядга бириктирилмаган. Мазкур ҳолатлар учун ҳоким ўринбосарига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.

Шуҳрат Тўраев, Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.

Феруз Мардонов, Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим прокурори.