Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким қарори асосида қурилган уй ноқонуний бўлса, қонунийси қандай бўлади?

Биз кўп йилдан буён Самарқанд шаҳар М.Кошғарий кўчаси 19-уйда 3 ўғлим, келинларим ва 8 нафар набирам билан бирга яшаймиз.

Оилавий маблағимиздан фарзандларимга уй-жой олиш истагида эдик. 2018 йилда уйимизга яқин жойда, яъни М.Кошғарий кўчаси 14-А уй-жой сотилаётганини эшитиб, хонадон соҳиби билан боғландик.

Ўзимнинг юридик маълумотим ва шу соҳадаги кўп йиллик тажрибам асосида уй ҳужжатларини ўргандим - барчаси тўғри. Шундай бўлса ҳам архивлардан, манбалардан уй ҳужжатларини текширдим, барчаси қонуний экан. Шундан сўнг 2018 йил 29 декабрда фуқаро Н.Раҳматуллаевга тегишли бўлган ушбу 14-А уйни Самарқанд шаҳар 13-сон нотариал идорасида Сайёра Қурбонова номига расмийлаштириб, олди-сотди шартномаси асосида 350 миллион сўмга сотиб олдик. Лекин 2019 йил 28 январда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди уй-жойни ўзбошимчалик билан қурилган деб топиб, уни бузиш ҳақида қарор чиқарган. 

Ҳужжатларда фуқаро Н.Раҳматуллаевнинг аризасига асосан Самарқанд шаҳар ҳокими (С.Рафиқов)нинг 2007 йил 11 сентябрдаги 1506-Қ сонли “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги қарори билан Негматулло Раҳматуллаевга Самарқанд шаҳар М.Кошғарий кўчаси 14-уйнинг ёнидан ўзлаштирилмаган ер майдони ҳисобидан 400 квадрат/метр ҳудуд ажратилган. 2009 йилда ушбу ер майдонида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, чегаралар белгиланган. 2018 йил 11 декабрда Самарқанд шаҳар ҳокими в.в.б. Т.Эсиргаповнинг 2381-Қ сонли қарори билан Н.Раҳматуллаевга тегишли 400 квадрат/метр майдонда қурилган уй-жой учун эгалик ҳуқуқи белгиланган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган мулкни сотиб олиб, икки йил давомида белгиланган солиқларни тўлаб келдик.

Аммо 2020 йил ёзида Самарқанд шаҳар Мажбурий ижро бюроси ходими қўнғироқ қилиб бизга тегишли уй-жойни бузиш тўғрисида суд қарори чиққанлигини айтди. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 28 январдаги қарорида Самарқанд шаҳар М.Кошғарий кўчаси 6-манзилда фуқаро Н.Раҳматуллаев томонидан ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан қурилган қурилма жавобгар томонидан бузиб ташланиши белгиланган. Жавобгар даъвогар Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази фойдасига олдиндан тўланган 405 минг 460 сўм давлат божи ва 14 минг 191 сўм почта харажати ундириш вазифаси қўйилган. Биз уй-жойни 2018 йил 28 декабрда нотариал тартибда сотиб олганмиз. Қолаверса, уй-жойимиз М.Кошғарий кўчаси 6-манзил эмас, М.Кошғарий кўчаси 14-А манзилда жойлашган. Шунда ҳам уй-жойнинг собиқ эгаси Н.Раҳматуллаев билан учрашиб, М.Кошғарий кўчаси 14-А уй бўйича сўраганимда ҳеч ким уни судга чақирмаганини айтди. Англашилмовчилик бўлган деб ўйладим. Лекин уйнинг барча ҳужжатларини МИБ ходимига тақдим этдим.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 20 июлдаги ажримида суднинг 2019 йил 28 январдаги қарори ўзгаришсиз қолдирилган экан. Биз ҳам, уй-жойнинг собиқ эгаси ҳам бўлиб ўтган судлардан хабаримиз йўқ эди.   

2021 йил 12 март куни Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими томонидан Самарқанд шаҳар М.Кошғарий кўчаси 6-манзилда жойлашган фуқаро Негматилло Раҳматуллаевга тегишли ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан қурилган қурилма қарздор томонидан бузиш тўғрисидаги ижрони олдим. Унга кўра, уй-жойни бузиш 2021 йил 16 март куни соат 11:00да мажбурий тартибда ижро этилиши белгиланган.

Аввало, суднинг ҳужжатларида уй-жой манзили нотўғри келтирилган. Қолаверса, қонунчилигимизга кўра уй-жой учун Самарқанд шаҳар ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори, уй-жой қурилганлиги тўғрисида кадастр ҳужжати ва уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида ҳам қарор бор. Расмий равишда нотариал тартибда олди-сотди шартнома имзоланган ва белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаб келяпмиз. Лекин суднинг қароридаги ноқонуний қурилма ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган ер эканлигига тушунолмадим. Агар шу ҳужжатлар асосида қурилган уй-жой ноқонуний бўлса, қонунийси қандай бўларкан?

Абдуғани Қурбонов,

Самарқанд шаҳри.