Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким ёрдамчиси аёл бўлса...

Иштихон тумани Шайхларкент маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси аёл киши бўлса-да, шижоатли, халқ дарди билан яшайди. Маҳалладошларининг қувончу шодликларини ўзиники деб билади. Ижодий жамоамиз билан Шайхларкентда бўлганимизда бунга амин бўлдик.

Вилоятимизда бир нафаргина аёл ҳоким бўлгани каби, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари орасида ҳам аёллар саноқлигина. Масалан, Иштихон тумани маҳаллаларида улар бор-йўғи икки нафарни ташкил этади. Гулшода Саидова - шулардан бири.

- Ҳоким ёрдамчиси вазифасига таклиф этилганимда, аввалига бироз чўчигандим, - дейди у. – Аммо аёл киши бўлса-да ўз ишининг устаси бўлса, у ҳар қандай юмушни бажара оларкан. Ўзим иқтисодчиман. Шу пайтгача бир неча йил маҳалла тизимида ишлаганман. Шунинг учун бу вазифада фаолият юритиш менга қийинчилик туғдирмади. Хатлов жараёнида анчагина, яъни 277 нафар ишсиз фуқаро мавжудлиги аниқланди. Асосий мақсад, уларнинг бандлигини таъминлаш эди. Ажратилиши керак бўлган кредитларни тўғри тақимламасам натижага эришиб бўлмасди. Дастлаб, режа туздим.

Гулшода ишсизларнинг бандлигини таъминлаш учун тадбиркорларнинг сафини кенгайтиришга шошилмади. Балки, маҳаллада яшовчи уқуви бор ишбилармонларнинг фаолиятини кенгайтиришга ва янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшди.

- Дастлаб тажрибаси бор тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашдим, - дейди у. – Уларга ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзолари бириктирилди. Устоз-шогирд анъанасини йўлга қўйдик. Масалан, ҳеч бўлмаса бир бизнес режа тузишни билмай туриб, тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган кишига кредит ажратиш самара бермаслиги мумкин. Шунинг учун бир муддат уларга тадбиркорликдан сабоқ бериб, тўғри йўл-йўриқ кўрсатиб, кейин фаолият бошлашларига кўмаклашиляпти.

Пухта ишланган режа яхши самара бераркан
Шу пайтга қадар 98 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди ва барчаси иш билан таъминланган. Аҳамиятлиси улар орасида, ўз тадбиркорлигини бошлаганлари ҳам бор.

- Ўйлаган режаларим яхши самара бера бошлади, - дейди Г.Шодиева. – Касб-ҳунар ўрганиб қайтганлар орасидан бугун мебелсозлик, тикувчилик, қандолатчилик йўналишларида ўз фаолиятини бошлаб, янги иш ўринлари яратган тадбиркорлар пайдо бўлгани қувонарлидир. Улар олган кредитларини вақтида қайтаришда ҳам қийинчиликка дуч келмаяпти. Бугунги кунда 277 нафар ишсиздан фақат 7 нафаригина қолган. Улар ҳам айни пайтда касб-ҳунарга ўқититиляпти.

Ҳоким ёрдамчисининг ёрдами катта бўляпти
“Умида нонлари” оилавий корхонаси 2014 йилда ташкил қилинган. Бир оиланинг 3 нафар қизи тандирда патир ёпиб, сотиши ортидан иш бошлаган корхонанинг йилдан-йилга фаолияти кенгайиб борди. Бугунги кунда корхонага қарашли нон ва нон маҳсулотлари тайёрлайдиган бир неча цехлар ишлаб турибди.

- Шу йил корхонамиз фаолиятини кенгайтириш учун 200 миллион сўм кредит олишни мақсад қилган эдик, - дейди тадбиркор Шоҳсанам Содиқова. – Бунинг учун маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси Гулшода опа Саидованинг кўмаги катта бўлди. Яна 10 га яқин янги иш ўрни яратиб, ижтимоий дафтарларда турадиган ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришдик. Корхонамизда фаолият олиб бораётган ишчиларнинг аксарияти ёш оналардан иборат. Уларнинг фарзандлари боғчага бориши керак. Шунинг учун оилавий мактабгача таълим ташкилоти ҳам очишни мақсад қилганмиз.

Битирувчилар ҳисобига ишсизлар сони ортади(ми?)

Олий ўқув юртларини тамомлаётган шайхларкентлик ёшлар ўз мутахассисликлари бўйича ишларга жойлашяпти. Маҳалладаги мактаб битирувчилари эса олий таълим муассасаларига хужжат топширган. Мабодо баъзилари ўқишга киролмаса уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳам чоралар кўрилади.

- Ўзим бир йилдан бери тикувчилик билан шуғулланиб келаман, - дейди ҳунарманд Наргиза Холмаматова. – Шу йил бошида ҳоким ёрдамчиси Гулшода опа иш бошлагач, банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олишимга кўмаклашди ва тикувчилик цехи ташкил қилдим. Тикув машиналари ва хом ашё сотиб олдим. Натижада 3 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, мактаб битирувчилари бўлган 8 нафар қизни шогирдликка олганмиз.
Гулшода Саидова баъзида уйидан эрта чиқиб, кеч қайтишига тўғри келади, аммо рўзғор ишларига, икки фарзандининг тарбияси билан шуғулланишга ҳам улгуради. Унинг айтишича, бу иш баъзан чарчатади, лекин маҳалладаги қайсидир эҳтиёжманд кишининг оғирини енгил қилиб, унинг миннатдорлигини кўрса барча чарчоқлари унут бўлади. Бу унинг эртанги куни учун шижоят бағишлайди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.