Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳокимликлар сайтлари қандай ишлаяпти?

Шу кунларда шаҳар ва туманларда ҳокимлик матбуот котиби вазифасига замонавий ахборот технологияларидан хабардор, шижоатли ёшлар танлов асосида қабул қилинмоқда. Айни пайтда уларнинг аксарияти синов асосида ўз фаолиятини бошлади.
Матбуот котибининг асосий вазифаларидан бири – аҳолини ҳудуддаги янгиликлардан оммавий ахборот воситалари, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиб бориш. Бунда ҳокимликлар сайти қулай воситалардан бири. Хўш, янги ишга қабул қилинган матбуот котиблар бу ишни нечоғлик уддалаяпти?
Шу саволга жавоб излаб, вилоятимизнинг 16 шаҳар ва туман ҳокимликлари веб-сайтларига назар ташладик.
2019 йил 5 сентябрь соат 16:00 ҳолатида сайтлардаги янгиликларнинг жойлаштирилган вақти бўйича Ургут тумани ҳокимлигининг www.urgut.uz сайти (19 август куни соат 22:27 да сайтга қўйилган “Вилоят ҳокими Ургутга ташриф буюрди” мақоласи билан) охирги ўринда турибди.
Ортда қолаётган сайтлар қаторида “иккинчи ўрин”ни Пайариқ тумани ҳокимлигининг www.sampayarik.uz сайти эгалламоқда (охирги маълумот 28 август куни 14:41 да жойлаштирилган).
Самарқанд туман ҳокимлигининг www.samgulobod.uz сайтига киришнинг имкони бўлмади.
Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Нуробод, Иштихон ва Жомбой туманлари ҳокимликлари сайтларида маълумотлар янгиланган. Аммо бу сайтларнинг ҳам фаолияти ортда қолаётганларга ўрнак қилиб кўрсатадиган даражада жонланса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Биз сайтларга янгиликларни жойлаштириш вақтига эътибор қаратдик, холос. Улардаги хабар ва янгиликлар мазмун-моҳияти, гап тузилиши ва имло хатоларига тўхталиб ўтирмадик (бу алоҳида, жуда катта мавзу).
Замон ахборот хизмати ходимларидан билим, синчковлик, тезкорлик ва ҳозиржавобликни талаб этмоқда. Ўйлаймизки, ҳамкасбларимиз зиммаларига юкланган масъулиятли вазифани шараф билан уддалайди.

Тўлқин Сиддиқов.