Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳудуд хавфсизлигини таъминлашда “Самарқанд тажрибаси” яратилди

Бугунги воқелик Самарқандда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ижроси бирмунча кечикаётгандек таассурот уйғотмоқда. Негаки, бу борада “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз дам олиш”, “Самарқанд шаҳридаги 112 ягона навбатчилик-диспетчерлик хизмати”, “Хавфсиз транспорт” лойиҳалари белгиланган эди.

Аммо бу лойиҳалар қай даражада амалга оширилаётгани ва қандай натижа бераётгани ҳақида деярли маълумот берилмаяпти. Шу боис савол туғилади - бу режалар ижроси қай даражада бўлмоқда?

Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов билан суҳбатлашдик.

- Раҳмат Тошназарович, суҳбатимизни Самарқандни “Хавфсиз шаҳар”га айлантириш борасидаги ишлардан бошласак.

- Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июнда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори талаблари асосида Самарқанд шаҳри ҳудудида “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳамда мутасадди идоралар мутахассислари билан ҳамкорликда қўшма фармойиш ишлаб чиқилиб, Ички ишлар вазири ва вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган.

Шу асосда Самарқанд шаҳридаги 215 та маҳаллада жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ишларини кучайтириш мақсадида криминоген вазиятидан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди кварталларга ажратилган ва куч-воситалар тақсимоти ишлаб чиқилган.

Бунинг натижасида патруль-пост нарядларининг хизмати уч босқичда пиёда патруль йўналишлари хизматга жалб этилиб, ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, профилактика инспекторлари, пост-патруль хизмати ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, шу билан бирга, тезкор ходимлар, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳри Регистон майдонида фуқароларнинг ички ишлар органларига тезкорлик билан хабар беришларини таъминлаш мақсадида ҳудудда чақирув (SOS) тугмаси ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, ер юзининг сайқали бўлган азим шаҳримизнинг хавфсиз ҳудуд бўлишини таъминлаш борасида бирмунча ишлар амалга оширилди ва бу ишлар тизимли давом этяпти.

Энди натижалар масаласига келсак, бу борада шаҳар ҳудудида жорий этилган “Хавфсиз тун” тадбирига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки бу вақтда хавфсизлик таъминланса, демак, кундуз куни кафолатланган бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Шу маънода айтиш мумкинки, тадбир доирасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш мақсадида алоҳида 8 та мобиль гуруҳ ташкил этилган. Соат 20.00 дан 04.00 гача хизмат олиб борадиган гуруҳларнинг жойлашуви бўйича дислокациялари жиноятларнинг кунлик таҳлили асосида белгиланади.

Маълумот ўрнида қайд этиш мумкин, жорий йилнинг 23 март кунига қадар “Хавфсиз тун” тадбирида хизматга жалб қилинган ходимлар томонидан 36 минг нафардан зиёд бемақсад юрган шахслар ҳудудий ИИБларга олиб борилиб, уларнинг бармоқ излари олинган ва шахсига аниқлик киритилган.

Шунингдек, тунги вақтда 2650 та автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилди. Айни шу йўналишда “ТИҒ” тадбирларида 54 нафар фуқарога нисбатан маъмурий чора кўрилиб, 13 нафар қидирувда бўлган шахс аниқланган.

2020-2021 йилларда пандемия шароитида бошқа давлатларда бўлгани каби юртимизда ҳам сайёҳлар оқими бирмунча камайди. Бугунги кунда мамлакатимиз, хусусан, Самарқанд шаҳрига чет элликларнинг ташрифи кўпайиб бормоқда. Бу ўз навбатида “Хавфсиз туризм” ва “Хавфсиз ҳудуд” тамойиллари асосида шаҳримизни жиноятлардан холи ҳудудга айлантириш ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Шу, қолаверса, жорий йилда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити Самарқанд шаҳрида ўтказилиши муносабати билан жамоат хавфсизлигини намунали таъминлаш борасида “Хавфсиз туризм” ва “Хавфсиз ҳудуд” тамойиллари асосида асосий кўчалар ва чорраҳалар, меҳмонхоналар ва туризм намойиши объектлари, шунингдек, саммит давомида меҳмонлар ҳаракатланадиган йўналишларда қўшимча видеокузатув камераларини ўрнатиш, уларни вилоят ИИБда ташкил этилган Ситуацион марказга интеграция қилиш чоралари кўрилмоқда.

- Адашмасам, бундай тадбирлар вилоятимиз туманларида ҳам амалга оширилмоқда. Шундай эмасми?

- Тўғри, видеокузатув камераларини ўрнатиш, яъни 24 соатлик кузатув режимини барча ҳудудларда йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз. Бунда албатта, биринчи навбатда криминоген вазиятдан келиб чиқиб, айрим ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, Ургут туманининг Терак маҳалласида жиноят суръати ошганлиги (14 та) сабабли маҳалланинг асосий кириш-чиқиш кўчалари ҳамда жамоат жойларида (бозор, бекат, масжид, таълим муассасалари ва бошқа) замонавий рақамли видеокузатув мосламалари ўрнатиляпти.

Шунингдек, туну кун хавфсизликни таъминлаш мақсадида маҳалладаги келгусида ҳуқуқ-тартибот идораларида ўқиш ёки ишга кириш истагини билдирганларни “Фидокор ёшлар” патруллик гуруҳларига жалб қилиб, уларга аниқ вазифалар белгилаб бериляпти.

Бундан ташқари, жиноят содир этган ва келгусида жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган ҳамда яшаш манзилларидан узоқ муддатга кетган шахслар билан маҳалла мутасаддилари, бошқа тегишли идоралар ҳамда профилактика инспекторлари доимий равишда манзилли ишламоқда.

Ушбу тажриба вилоятнинг бошқа туманларидаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларга ҳам жорий қилинади.

- Раҳмат Тошназарович, шу ўринда вилоят ИИБ “102” автоматлаштирилган ахборот тизими тўғрисида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

- “102” автоматлаштирилган ахборот тизими 2021 йилнинг май ойида вилоят ИИБ ташкилий бошқармаси “Ситуацион маркази”да ташкил этилган.

Мазкур тизим ишга тушиши натижасида фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлишларининг олди олинмоқда. Шунингдек, шаҳар-туманлардан келиб тушаётган барча мурожаатлар ўз вақтида ҳисобга қўйилмоқда. Энг муҳими, мурожаатлар бўйича ҳодиса жойига ходимларнинг ўз вақтида етиб боришлари таъминланиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.

Таҳлилларга кўра, тизим орқали бир сутка давомида мингдан зиёд мурожаат келиб тушади. Ўтган давр, яъни 2021 йил 24 майдан жорий йилнинг 23 мартигача “102” автоматлаштирилган тизими орқали 300 мингга яқин мурожаат қайд қилинган.

- Бироқ шунга қарамай, ўтган йили вилоятда айрим турдаги жиноятлар кўпайган. Бу ёндашувни ўзгартириш, диққатни қайси томонга қаратиш зарурлигини кўрсатмайдими?

- Ростдан ҳам 2021 йил давомида вилоятда ўғирлик, фирибгарлик, қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятлар сони ошган.

Вазиятдан келиб чиқиб, бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, вилоят ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, вилоятни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда маҳалла билан ҳамкорликда:

- ўғирлик жиноятларининг олдини олишда “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолиятини янада кучайтириш, жиноятлар кўплаб содир этилаётган маҳаллаларга Самарқанд шаҳар “Обод маскан” маҳалласи тажрибасини (кўчаларга видеокамералар ўрнатиб, ЖНМ орқали назорат қилиб бориш) кенгроқ жорий қилиш;

- фирибгарлик жиноятларининг олдини олишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим савиясини ошириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш;

- оила-турмуш доирасида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишда, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, унинг ҳудудий бўлимлари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда маҳаллалардаги нотинч оилаларни аниқлаб, ушбу оилаларга маҳалла фаолларини бириктириш, нотинчликларга барҳам бериш орқали жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш;

- содир этилган ҳар бир жиноятни маҳаллаларда аҳоли ўртасида таъсирчан муҳокама этиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини кенг омма эътиборига етказиш, фуқароларнинг фикрини эшитиш, нотўғри йўлдан кетаётган фуқароларни тўғри йўлга қайтариш орқали жиноятларнинг қайта содир этилишининг олдини олиш;

- жиноятларнинг асосий қисми ёшлар (18-30) томонидан содир этилаётганлиги сабабли маҳаллий ҳокимликлар, бандлик бўлимлари ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликда уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашиш, замонавий касб-ҳунарга йўналтириш;

- профилактик ҳисобдаги шахслар билан олиб борилаётган манзилли ишларни кучайтириб, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш чоралари кўриб келинмоқда.

Бундан ташқари, одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олиш профилактикаси бўйича “Самарқанд тажрибаси” амалиётга татбиқ этилиб, унинг доирасида “хавфли гуруҳ”га кирган фуқаролар тезкор ва профилактик қамровга олинди.

Шунингдек, виртуал макондаги фирибгарлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларнинг профилактикаси бўйича “Кибер маконда фирибгарлик жиноятларининг барвақт олдини олиш бўйича Самарқанд ҳудудий методикаси” яратилди.

- Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги фармонига асосан Ички ишлар вазирлиги томонидан республикада биринчилардан бўлиб Самарқандда “Smart mahalla” мобиль ахборот тизими яратилганди. Тизим афзалликлари ва қандай ишлаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

- Тўғри айтдингиз, “Smart mahalla” ахборот дастури Президентимиз топшириқларига асосан, профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида жорий этилди.

“Smart mahalla” мобиль иловасининг ишлаш принципи очиқлик сиёсатини юритишга, фуқароларнинг тегишли давлат органларига мурожаат қилишларидаги жараёнларни максимал тарзда автоматлаштиришга қаратилган. Бунда фуқаро (фойдаланувчи) ўзи истиқомат қилувчи маҳалла кесимида тизимда рўйхатдан ўтиши зарур.

Мазкур мобиль илова аҳолига секторларга масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, маҳалла раислари, сектор раҳбарлари ва профилактика инспекторлари билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, сектор раҳбарлари ва профилактика инспекторлари фаолиятига баҳо бериш каби имкониятлар билан бир қаторда, давлат идораларининг очиқ маълумотлар ресурсларидан тезкорлик билан фойдаланишда қулайликлар яратади.

Бугунги кунда вилоят бўйича 800 мингга яқин фуқаро “Smart mahalla” дастурига уланган.

Дастурий ахборот тизимига келиб тушган 446 та мурожаатдан 389 таси ҳал этилиб, 57 таси ижрога олинган. Қайд қилиш лозим, дастурга келиб тушган мурожаатлар ҳудудий сектор масъул ходимлари томонидан ўрганиб борилмоқда. Ваколат доирасида кўриб чиқиш имконияти бўлмаган мурожаатлар ваколатли органларга юборилиб, ижро этилиши назорат қилиб борилмоқда.

- Сиз вилоят ИИБ бошлиғи сифатида иш бошлаганингизга кўп бўлмади. Шундай бўлса-да, бугунги олиб борилаётган сиёсатдан келиб чиқиб, ОАВ ходимлари, блогер ва кенг жамоатчилик вакиллари учун матбуот анжумани ўтказишни режа қилдингизми?

- Аввало, айтиб ўтиш лозим, ички ишлар идоралари халқ хизматчиси эканлигини мендан тортиб оддий ходимгача яхши англайди ва теран ҳис қилади. Ўз навбатида фаолиятимиз бўйича белгиланган тартибда ҳисобот бериб бориш вазифамизни ҳам асло унутмаймиз.

Шу маънода айтишим мумкинки, ИИБ раҳбариятининг матбуот анжумани ўтказилади. Бу тадбирни апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида ОАВлари ходимлари, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.