Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижарачини муддатидан олдин уйдан чиқариб юбориш мумкинми?

Уй-жойни ижарага олганда (ёки берганда) ёзма шартнома тузилмаслиги аксарият ҳолатда турли муаммоларга сабаб бўлади. Масалан, уйнинг эгаси муддатидан олдин ижарачиларни уйдан чиқариб юборади ёки ижара нархини оширади. Ижара муддатида уй-жойга зарар етса, уни ким тўлаши кераклиги тўғрисида келишмовчиликлар келиб чиқади. Ижарага олиш-бериш тартибига амал қилинмаслиги айрим ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортилишгача олиб боради.

Хўш, уй эгаси ижарачиларни муддатидан аввал уйдан чиқариб юбориши мумкинми? Мумкин, фақатгина маълум шартлар билан. Ижара шартномаси икки томоннинг келишуви билан бекор қилинади. Аммо қуйидаги ҳолларда уй эгаси ижара шартномасини бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилиши мумкин:

1) ижарага олувчи 6 ой давомида, бир йилгача ижарада эса ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин 2 мартадан кўпроқ ҳақ тўламаган бўлса (агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса);

2) ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа шахслар уй-жойни вайрон қилса ёки унга зарар етказса;

3) уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилса.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ижара шартномаси бир томоннинг истаги билан фақатгина суд тартибида бекор қилинади.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: Ижарага олинган уйни ким таъмирлайди?

Агар уй эгаси ва ижарага олувчи бошқача келишмаган бўлса, уй-жойни жорий таъмирлаш ижарага олувчининг, капитал таъмирлаш эса уй эгасининг зиммасида. Масалан, ижара муддати давомида сув қувурларининг ёрилиб кетиши оқибатида девор юзасига кичик зарар етди. Бундай ҳолатда ижара олувчи таъмирни бўйнига олади. Агарда сув кувурларининг ёрилиш уйнинг катта қисмини шикастлантирса, уй эгаси таъмирлайди.

Дарвоқе, бу жараёнда "Ижарага олинган уйни бошқа кишига ижарага бериш мумкинми?", деган савол ҳам туғилади.

Мумкин. Ижарага олувчи уй-жойни бир қисмини ёки тўлиғича бошқа шахсга ижарага бериши (иккиламчи ижара) мумкин. Фақатгина икки шарт билан асосий ижара шартномаси муддати бир йилдан кам бўлмаслиги ва уй эгасининг розилиги олиниши шарт.

Саволга ҳуқуқшунос С.Алибеков жавоб берди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.