Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга табиий газ етказиш вақтинча тўхтатилади

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, кеча, 25 январь куни содир бўлган Марказий Осиё ягона электр тармоғидаги авария оқибатида мамлакатимиздаги газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келган.

“Хабарингиз бор, кеча, 25 январь куни соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида мамлакатимиз ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган эди.

Шундан сўнг, Президентимиз топшириқларига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш вазифаси қўйилиб, содир бўлган носозликлар сабабларини аниқлаш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади.

Умумтизимда кузатилган йирик носозликлар мутахассислар томонидан бартараф этилиб, республикамизнинг ягона электр тармоғига қувват узатилиш бошланди.

Бугун, соат 09:30 ҳолатига кўра республикамизда электр энергияси таъминоти 70% га тикланган.
Бунда, биринчи навбатда аҳоли истеъмолчилари ва ижтимоий соҳа объеклари электр энергияси билан таъминланди.

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, юзага келган носозликлар сабабли мамлакатимиздаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.

Шу сабабли, иссиқлик электр станцияларида газ босимининг камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида, ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда иссиқлик электр станциялари, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилади.

Шу муносабат билан, бугундан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади. Шу билан биргаликда, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади”, дейилади вазирлик хабарида.