Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Икки бармоқлилар

Дунёда туяқуш одамларнинг борлиги ростми?

Ташқи томондан улар - пастбўй, қоратанли, негроид ирқига хос юз хусусияларига эга ва қўшни қабилалардан фарқ қилмайди. Лекин оёқлари... улар шунчалик ғайриоддийки, буни кўрган ҳар қандай одам шокка тушиши ҳеч гап эмас. Оёқларида ўрта бармоқлар йўқ, катта ва кичик бармоқлар қисқичбақа чангали каби бир-бирига деярли тик чизиқ жойлашиб ривожланган. Маҳаллий диалектда бу аҳолини “Сапади” ёки туяқуш-одамлар деб аташади.

Буюк ёлғонми ёки...

Умуман олганда икки бармоқли одамлар ҳақидаги ҳикояларни турли манбаларда топиш мумкин. Ҳатто қадимги юнон тарихчилари ҳам  уларни ўз асарларида тилга олиб, бу қабила вакилларини “Апистодактил”лар деб атаган.

Сапади қабиласи XIX асрда сайёҳ ва олимлар томонидан муҳокама мавзусига айланган эди. Америкалик сайёҳ Пол Де Шайю Марказий Африка бўйлаб  қилган саёҳати тўғрисидаги китобни нашр этиб, унда шамол каби тез югурадиган, дарахтларга маймунлардан кўра яхшироқ чиқа оладиган икки бармоқли одамлар қабиласи ҳақида ёзган.

Яна 100 йилдан кейин Инглиз этнографи Бастер Филипс географик журналларнинг бирида Зимбабвенинг Фейра шаҳри яқинида кўрган ғайриоддий маҳаллий аҳоли ҳақида мақола чоп этди. Олим дарахтлар шохларида нимадир йиғиб, шохдан-шохга сакраб ўтаётган икки бармоқли одамларни кўриб қолди, бегона бир одам уларни кузатиб турганини кўрган ғалати маҳаллий аҳоли дарахтдан сакраб тушиб, қумда ғайриоддий “туяқуш” изларини қолдирганча қочиб кетишди.

Ушбу мақола жамоатчилик орасида ҳар хил мунозараларни келтириб чиқди. Дарҳол фотоовличалар топилди, улар сирли қабилани излаб Африка ўрмонлари томон шошилишди. Матбуотда туяқуш оёқли одамларнинг фотосуратлари пайдо бўла бошлади. Бироқ олимлар ўжарлик билан бунга ишонишдан бош тортди, улар кўтарилган шов-шув буюк ёлғон, фотосуратлар сохта ва қумдаги изларни махсус пойабзал қолдирган деб ҳисоблашарди.

1971 йилда юборилган экспедиция муваффақиятли бўлиши даргумон эди. Бироқ, қўшни қабилалар раҳбарлари ишончига кириш ва уларга берилган совғалар тўпламидан сўнг улар олимлар ва Сапади қабиласи ўртасида воситачи бўлишга рози бўлишди. Тадқиқотчилар эса ушбу ғайриоддий қабиланинг турмуш тарзи ва энг муҳими уларнинг физиологик хусусиятларини ўрганишга муваффақ бўлди.

Сеҳргарлар ва табиблар

Аниқланишича, Сападилар ўзларини бу дунёга Литолафиси қизил юлдузидан (Марс сайёраси) келган қадимги одамларнинг авлодлари деб билишаркан. Улар тиббиёт, фармацевтика ва барча доривор ўсимликлар хусусиятлари билан жуда яхши таниш ва алмисоқдан қолган илгакка ўхшаш асбоблар билан ҳатто тажрибали жарроҳ ҳам ўтказа олмайдиган операцияларни амалга оширишга қодир экан.

Сапади ўз қўшнилари орасида сеҳргар ва жодугарлар номини олган. Негаки, улар тайёрлаган кукунлар, шифобахш малҳамлар ва дамламалар жуда машҳур. Шунингдек, улар ўтказадиган жуда ғалати маросимлар ҳеч  қандай мантиқий тушунтиришга берилмайди.

Муҳими, олимларни оёқлардаги сирли “қисқичлар” қизиқтирарди.  Илмий жиҳатдан синдактилия деб номланадиган аномалия қабиланинг барча вакилларида эмас, балки атиги 15 фоизида учраши аниқланди. Рентген улар оёғида ўрта бармоқлар борлиги, лекин улар кам ривожланган ҳолатда эканлиги, четдаги бош бармоқ тахминан 15, кичик бармоқ эса 10 сантиметргача етадиган номутаносиб ўлчамларни кўрсатди.

Ҳамма гап генетикада

Шу ерда олимларни ҳайратда қолдирган нарса шу бўлдики, тирноқ синдроми учун масъул генни ажратиб олгандан сўнг, улар айнан унинг доминант (наслдан-наслга ўтувчи асосий белги) эканлигини аниқлаб олишди. Сапади анъанага содиқ ҳолда  фақат ўз қабила вакилларига уйланиб, турмушга чиқади. Бола деформация билан туғилиши учун ушбу ген ота-онанинг биттасида мавжудлиги кифоя экан.

Бу мутация саломатлик учун зарарли эмас, бу эса туяқуш-одамлар яқин келажакда йўқ бўлиб кетмаслигига, уларнинг бошқалардан ажралиб кун кечириши қабила яшаш жойидан ташқарида бу ғайриоддий хунукликнинг тарқалишига ҳисса қўшмаслигига далолат беради.

Қизиқ, Сападига бу ген қаердан келиб қолган? Ҳозирча олимлар  бу саволга жавоб топганича йўқ.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.