Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Икки дақиқада сув босиб, икки йиллик иссиқхонамда қилган меҳнатим яксон бўлди. Энди унинг зарарини ким қоплайди?

Нафақага чиқиб бекор ўтиролмадим. 2017 йил "Агробанк" Пайариқ туман филиалидан кредит олиб, ҳовлимда иккита иссиқхона ташкил қилдим. Қолаверса, ҳукуматнинг ўзи иссиқхона, паррандачилик ва қорамолчилик каби кичик бизнесни қўллаб турибди. Банк ҳам муаммо қилгани йўқ, аксинча, Туркиядан лимон ва мандарин кўчатларини ўзлари олиб келиб тарқатишди. Хуллас, ишни осон бошладим. 

Икки йил астойдил меҳнат қилдим, парваришладим, ёз ойларида сувни сотиб олдим. Кўчатлар яхши ривожланиб, ҳосилга кирди. Кўчатлар остига кўкат экиб, даромад ҳам ола бошладим. Қилган ишимдан, мавжуд имкониятлардан хурсандлигимдан ўз-ўзимга сиғмайман... Аммо, бу хурсандчилик муаммо пайдо бўлгунча экан, тадбиркорнинг бошига бир иш тушса, анча-мунча амалдор унга ёрдам қўлини чўзавермаслигини ҳали билмасдим.

2018 йил 5 ноябрга ўтар кечаси мен учун фожиа содир бўлди. Эрталаб чиқиб қарасам иккита қўшним ва менинг томорқам бир метр сув билан қопланган. Бир сотихдан иборат иккита иссиқхонам ҳам сувга тўла. Тезда миробларга телефон қилиб, Беклар ариғидан келаётган сувни ёптирдик. Аммо, 1,5 метр чуқурликдаги иссиқхонам сувга тўлиб қолган, тезда сувни олмасак, кўчатларимдан айрилиб қолишим мумкин. Икки йиллик меҳнатим ахир. Ёрдам сўраб туман ҳокимлигига югурдим. Бахтимга ҳоким хонасида экан, дардимни эшитгач, ўринбосарларига тезда ўт ўчириш машинасини чақиртириб, сувни чиқаришни буюрди. Кўзимдан ёш чиқиб кетай деди. Афсуски, яна адашибман, ўринбосарлар ҳар доим ҳам ҳокимнинг айтганини қилавермас экан. Бир соатдан кейин ҳокимликнинг Одил исмли вакили келди. Унинг ходимлари насос билан сувни чиқара бошлашди. Бу насос бир соатда бир тонна сув чиқараркан, иссиқхонамдаги сув эса минг тонна чиқса керак! Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайман. Ўт ўчириш машинаси қани десам, "Ана келади, мана келади"...

Уч соат вақт ўтди. Иссиқхона деворлари қулади, темир каркас қийшайиб синиб кетди, плёнкалар йиртилди. Кўчатларим лой остида қолди. Яширмайман, йиғлаб юбордим.

Агар ҳокимнинг буйруғи бажарилиб, ўт ўчириш машинаси келганида эди, иссиқхонамни сақлаб қолардик. Дарвоқе, сув чиқараётган вақтда каналга Беклар ариғидан яна сув келиб тоша бошлади. Яна ҳокимликка югурдим. Ахир бошқа кимга югурамиз, Президентнинг ўзи айтиб турибди, ҳокимлик халққа хизмат қилади, деб. Бу сафар ҳокимликдаги Ш.Тошпўлатов деган кишига учрадим. У эса менга дўқ ура кетди: "Ҳокимият сувларингни ёпиб бермайди, трубангни тозалаб бермайди!" Ҳафсалам пир бўлиб ўзим яшайдиган "Гўзал" маҳалла фуқаролар йиғинига бордим. Ҳартугул, раис Н.Очилова одам топиб, сувни ёптириб берди. Аҳволни ўрганишдан ҳам эринмади. Каналдаги сув тошқини сабаби қувурларнинг лойга тўлиб қолгани экан. Бу каналдан фойдаланадиган фермерлар эса тозалашни хаёлига ҳам келтирмайди. Кимларнингдир ўз ишига совуққонлиги, эътиборсизлиги сабаб бошқалар зарар кўряпти. Камига газтаъминот идоралари ходимлари ҳам айрим истеъмолчиларга ана шу сув қувури ичидан (!) газ ўтказиб беришган экан. Хуллас, ҳар ким билганини қилиб келган. Фермерлар ва газтаъминотчиларнинг масъулиятсизлиги менга қимматга тушди. Миллионлаб зарар кўрдим. Ундан ҳам ёмони, шунча йиллик меҳнатим ҳавога учди.

Алам қилади, ўзимча ўйлайман, шу ҳокимликда ўтирганларнинг ўз ҳовлисида ёки бирор қариндошиникида сув тошса ҳам томошабин бўлиб турармиди. Қачонгача оддий халққа беписанд муносабат сақланади?

 Амриддин ҲИММАТОВ,

Пайариқ шаҳри.

ТАҲРИРИЯТДАН: Пайариқ тумани ҳокимлиги томонидан мазкур муаммо ўрганиб чиқилишига умид билдирамиз. Токи ариқ ва каналлар қаровсиз, муаммо тўлиқ бартараф этилмас экан, Амриддин Ҳимматов ва у каби фуқаролар юрак ютиб иссиқхона ташкил этолмаслиги аниқ. Таҳририят яна бир саволга жавоб кутади: тадбиркор кўрган зарарни ким қоплаб беради?