Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Илм-фан ва таълимга бағишланган ҳаёт

Мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган замондошимиз, таниқли самарқандлик математик Шароф Ярмуҳамедов “Муаммоли назарияси” мактабининг ёрқин вакили эди. Бугун Шароф Ярмуҳамедов ҳаёт бўлганида 85 ёшни қаршиларди.

Ш.Ярмуҳамедов 1932 йил 20 декабрда Самарқанд шаҳрида ишчи оиласида туғилди. 1951 йилда 5-сонли ўрта мактабни тугатиб, ЎзДУнинг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Университетни тугатгандан сўнг, ўз фаолиятини математик таҳлил кафедрасида ассистент сифатида бошлади.

Шароф ака 1959-1962 йилларда Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг функциялар назарияси ва функционал таҳлил кафедрасида таниқли профессор М.A.Евграфовнинг илмий раҳбарлиги остида аспирантурада таҳсил олди.

1968 йилда ёш олим “Гармоник функцияларнинг фазода ўсиши” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди ва Самарқандга қайтиб келди. Дастлаб у Самарқанд давлат университети ҳисоблаш марказининг раҳбари, сўнгра функционал таҳлил кафедраси доценти, катта илмий ходим лавозимида фаолият юритди.

Ш.Ярмуҳамедов 1983 йил июнь ойида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шундан сўнг олим ҳаётида янги босқич бошланди. Унинг илмий семинарларида кўплаб янги ғоялар ва мавзулар шакллана бошлади. Унинг еттита талабаси кейинчалик номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиб, фан доктори бўлди.

Ш.Ярмуҳамедовнинг илмий хизматлари кенг эътироф этилди. У Ўзбекистон математиклар жамияти президиуми аъзоси, Самарқанд филиалининг раиси ва Халқаро математиклар жамиятининг аъзоси бўлди.

1985 йилда Шароф Ярмуҳамедов университетнинг механика-математика факультети декани вазифасида меҳнат қилди. Интизомли ва талабчан раҳбар жамоада ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Кўплаб шогирдларга устозлик қилиб, ўзидан яхши ном қолдирди.

Шароф ака оилада ҳам муносиб ота бўлиб, тўрт ўғилни тарбиялади. Унинг фарзандлари бугунги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритиб, юрт равнақига ҳисса қўшмоқда. Набираси Спитамен бобоси ишининг ҳақиқий давомчиси, у ҳозирда AҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Вашингтон университетининг докторантурасида ўқияпти.

Aкрам Бегматов,

Самарқанд давлат университети математика факультети декани, профессор.