Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Илм излаб, зиё улашган олима

Инсон дунёга келиб қанча яшаши билан эмас, балки ҳаётда ўзидан қандай из қолдиргани билан хотирланади. Инсоннинг эл-юртга нечоғлик нафи теккани ҳаётлигида ҳам, бу ёруғ дунёдан ўтганидан кейин ҳам инсонларнинг қалбида яшайверади.

Самарқанд давлат университети доценти, Самарқанд физиологлар илмий мактабининг асосчиси Софья Абаева таваллуд топганига 105 йил, илмий-ижодий ва ижтимоий фаолиятига 85 йил тўлди.

С.Абаеванинг таълим-тарбия ва илмий соҳадаги ишлари ибратли. У ҳамиша инсон қалбида янгидан-янги ғоялар уйғониши учун ўқиган, изланган.

Софья Саидовна 1939-1983 йилларда Самарқанд давлат университетида ассистент, доцент, кафедра мудири, факультет декани лавозимларида муваффақиятли фаолият кўрсатган. Бу вазифаларда лаёқатли раҳбар ва ташкилотчи сифатида намоён бўлиб, университетда самарали илмий-ижодий муҳитни ташкил қилишга эришди. Физиологлар илмий мактабига асос солинди.

Олима илмий ишларининг рўйхатини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратди. Ўша йиллари кафедра, факультет янги жиҳозлар билан таъминланди. Илмий изланишлар ва ўқув жараёнлари учун махсус лабораториялар ташкил этилди. Факультетга малакали ўқитувчиларни ишга таклиф қилиб, уларга шароит яратиб беришда жонбозлик кўрсатди. С.Абаева ёш мутахассис ва олимларни тарбиялаш, уларнинг малакасини оширишга алоҳида аҳамият берди.

Олима Москва, Ленинград, Киев, Новосибирск каби шаҳарларда ташкил этилган конференция, симпозиумларда шогирдлари ҳамда мутахассислар билан бирга маърузалар билан иштирок этди. Олиманинг кўп йиллик илмий изланишлари натижалари микроэлементлардан фойдаланиш, ғўзанинг турли экстремал шароитларга чидамлилигини оширишда микроўғитларни қўллашга оид маълумотлар 100 дан ортиқ мақолаларда акс эттирилди.

С.Абаева бир нечта лойиҳаларга раҳбарлик, бир қатор маҳаллий ва хорижий лойиҳаларга маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатиб, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшди. Олима раҳбарлигида бошқарилган “тоғ хомашёси чиқиндиларининг пахтачиликда қўлланилиши” соҳасидаги ишлари халқаро миқёсда эътироф этилди ва С.Абаевага кумуш медали тақдим этилди.

Олима кафедрада аспирантура очди ва барча ўқитувчиларни илмий ишларга жалб этди. У киши раҳбарлигида А.Нарзиқулов, Қ.Равшанов, Ж.Хўжаев номзодлик диссертацияларини муваффиқиятли ҳимоя қилди. Бундан ташқари, Ж.Хўжаев 1985 йилда С.Абаева раҳбарлигида “Ғўзанинг совуққа, қурғоқчиликка чидамлилиги ва ҳосилдорлигига микроэлементлар таъсирининг физиологик асослари” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

С.Абаева ўз илмий фаолияти давомида ўсимликлар физиологияси фанининг барча соҳалари ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб, бор куч-ғайратини ёш авлодни тарбиялашга сарфлади.

Биз шогирдлари устозимиз бошлаб берган йўлни астойдил давом эттираётганимиздан фахрланамиз.

Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси жамоаси.