Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Имом Абу Мансур Мотуридийни биламизми?

Эртага Самарқанд шаҳрида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция бошланади.

Хўш, Самарқандда туриб, ушбу азим шаҳар номини оламга ёйган Имом Абу Мансур Мотуридийни ўзимиз яхши биламизми? Алломанинг шахси, фаолияти, таълимоти ҳақида қандай маълумотларга эгамиз? Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.

Абу Мансур ал-Мотуридий бобомизнинг тўлиқ исмлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк имом, фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси деб сифатланади. «Имом ал-ҳудо», «Имом ал-мутакаллимон» («Ҳидоят йўли имоми», «Мутаккимлар имоми») номлари билан улуғланади.

870 йилда Самарқанд биқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топган ва умрининг охиригача шу ерда яшаб ўтган. Самарқандда мадрасaни хатм қилган имом Мотуридийнинг ўзи ҳам мадрасада фиқҳ ва калом илмидан сабоқ берган. Илм билан шуғулланиб, қимматли қўлланмалар, рисолалар ёзган. У зотнинг «Китоб ал-тавҳид» («Яккахудолик ҳақидаги китоб»), «Таъвилот аҳл ас-сунна» (“Суннийлик анъаналари шарҳи») машҳур бўлиб, «Китоб ал-тавҳид» ҳалигача билиш назарияси баён қилинган мусулмон илоҳиётининг биринчи асари ҳисобланади. Мадрасаларда бу китоб дарслик сифатида ўргатилади.

Бу зоти бобаракот ва шогирдлари ёзган асарларга суяниб иш кўрувчи калом илмидаги мотуридийлик оқимининг бугун Ислом оламининг кўпгина мамлакатлари, хусусан, Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, шимолий Африкада яшаётган вакилларининг барчаси ақида бобида имом Мотуридий йўлини маҳкам тутганлар. Бу таълимот ўша мамлакатларнинг диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитилади.

Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, Мотуридийлик оқимининг кенг ёйилишига сабаб унинг мўътадиллик, ўртачалик, ақидада Қуръон, ҳадис, ақлу идрок, мантиқ ва ҳақиқатга энг яқин тургани сабаб бўлди.

«Инсон имтиҳонлар учун яратилган. Аммо унга бу имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиш ва тўғри йўлни топиш учун кенг имкониятлар бериб қўйилган. Инсон ўз хатти-ҳаракатларида ихтиёрлидир», дейди имом Мотуридий.

Имом Мотуридий ҳазратнинг илмий меросини бутун дунё қизиқиб ўрганмоқда. Бир қанча асарлари Тошкент шарқшунослик институтида сақланади. Кўпгина асарлари жаҳоннинг бир неча тилларига таржима қилинган.

Имом Мотуридий 944 йилда, 74 ёшда вафот этган ва васиятларига кўра, Чокардиза қабристонига дафн этилган. Ривоятларга қараганда, турли давлатларда истиқомат қилган, ўзини имом Мотуридийнинг шогирдиман, издошиман, мотуридийлик оқимининг вакилиман, деб санаган, шариат ва тариқат пирлари саналган олимлардан тўрт мингга яқини «бу зотнинг оёқлари остида бўлишни орзу қилиб», ўзларини Чокардиза қабристонига кўмишларини васият қилган экан. Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасига зиёратга келсангиз, ҳали мармар тошлар қабр устига қўйилиши расм бўлмаган замонларда яшаб ўтган, қабрлари устига қўйилган оддий қайроқ тошларга назар солсангиз, биз ҳали номларини яхши билмайдиган, аммо ўндан ортиқ китоблари санаб ўтилган зотлар шу ерга дафн қилинганига гувоҳ бўласиз.

Эътиборингизга буюк устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Самарқандга қилган сўнгги ташрифларида айнан Мотуридий ҳазратни зиёрат қилгач, у зот ҳақларида айтган сўзларини ҳавола қилмоқчимиз. Бу сўзлар Имом Мотуридийни яқинроқ таниб олишингизга ёрдам беради.

Исломнинг уч асоси ҳақида

Аллоҳ бандаларини тўғри йўлга бошлаб туриш учун икки дунё саодати йўлини кўрсатиб туриш учун ўз таълимотларини дин деб атаб, ўз қўлланмаларини юбориб қўйган. Бу дунёда нималарга эътиқод қилиб яшаш керак, бу дунёда қиладиган ишларимизнинг барчасини қай тарзда, қай йўсинда қилишимиз керак, бу дунёда яшаш чоғимизда одоб, ахлоқимиз, руҳий ҳолатимиз, ўзаро муносабатларимиз қандай бўлиши керак, ҳаммасини баён қилиб берган. Шу таълимотларни қунт билан ўрганиб, ихлос билан амал қиладиган бўлсак, ҳам бу дунёнинг, ҳам охиратнинг бахтига, саодатига эришишимизнинг кафолатини берган.

Расули акрам (с.а.в.)нинг ўзлари Жаброил алайҳиссалом орқали Аллоҳдан бу таълимотни қабул қилиб олганлар, ўзлари амал қилганлар, қилиб кўрсатганлар ва саҳобаларига ўргатганлар. Саҳобалардан кейин келган авлод – тобеъинлар авлоди бу таълимотни саҳобалардан қабул қилиб олиб, ўзларидан кейинги авлодга етказган ва шу силсила билан бу таълимот бугунги кунгача етиб келди.

Ислом динининг асоси уч бўлимдан иборат.

Биринчиси, ақида боби, дейилади. Мўмин, мусулмон инсон бу дунёда яшар экан, иймон-эътиқоди, ақидаси қандай бўлиши кераклигини баён қилиб берувчи маълумотлар тўплами шу бобда ўрганилади. Аллоҳ Қуръонда бир қанча оятларни тушириб, бандалари Аллоҳга иймон келтириши фарзлигини буюрган. Аллоҳга иймон келтириш Ўзининг китобида келганидек, унинг пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) баён қилиб берганларидек бўлиши керак. Аллоҳнинг биру борлигига иймон келтиришимиз лозим. Барча қудратлардан устун эканлигига, ҳар бир нарсани билувчи зот эканлигига, дунёдаги барча баркамол сифатлар У зотнинг Ўзига хос эканига иймон келтиришимиз керак. Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига, илоҳий китобларига, юборган пайғамбарларига, охират куни ҳақ эканига, қазои қадарга таслим бўлиш фарз эканига иймон келтиришимиз ва бошқа кўпгина маълумотлар Қуръон ва ҳадис орқали бизга етиб келган. Ана шу эътиқод ишларини йўлга қўйиб олмагунимизча, биз ҳали ақидаси бутун одам бўла олмаймиз.

Расули акрам (с.а.в.) ҳаётлик даврларида барча мусулмонлар араблар ёки арабчани яхши билган, Қуръонни эшитса тушунадиган, ҳадисни яхши англайдиган одамлар эди. Ҳар бири ўзи эшитиб, ўзи амал қилаверар эди. Лекин вақт ўтиши билан, Расули акрам (с.а.в.), ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Усмонлардан кейин Ислом олами кенгайди. Араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлди. Бошқа халқларнинг вакиллари араб тилини билмаганлари туфайли бировлардан сўраб ўрганишларига эҳтиёж туғилди. Бунинг устига ўзлари аввалдан эътиқод қилиб юрган динлари, урф-одатлари бўлиб, уларни унутишлари ҳам қийин бўлаётган эди. Шундай қилиб, ҳижрий иккинчи асрнинг ярмидан бошлаб, учинчи асрнинг ўрталаригача бўлган муддатда жуда кўп тушунмовчиликлар келиб чиқди. Кўплаб Рум, Форс, Осиё ва Африка халқлари мусулмон бўлишди ва уларга динни тартиб билан ўргатиш имкони бўлмай қолди. Ҳар тарафдан гап кўпайди, сўз кўпайди. Орада бузғунчилар ҳам чиқиб қолди. Ислом ақидасига путур етказадиган, унга тескари гапирадиган, одамларни ўз атрофига чақирадиганлар ниҳоятда кўпайди. Бунинг устига шиалар, хорижийлар, қарматийлар, муътазилийлар, ихфонус сафо, ботинийлар, абозийлар каби турли бузғунчи фирқалар ҳам пайдо бўлди. Ҳаммаси ўз гапини ўтказишга уриниб, ҳамма нарса аралаш-қуралаш ва чалкаш бўлиб кетди. Ҳамма ақида борасида сафсата сотиб, ўзиникини маъқуллаш билан овора, аммо бир эга йўқ. Ислом олами мушкул ҳолатда қолди.

Ана шунда Аллоҳ таоло ўз иродаси билан Ислом ақидасини тўғрилашга бел боғлаган бандаларнинг журъатини кўтарди, ҳимматини оширди. Ўшандай кишиларнинг бошида имом бўлиб, уларга раҳбар бўлиб, ҳаммасига устоз бўлиб, жасорат кўрсатган, Ислом аҳлини, аҳли сунна вал жамоа ва унинг ақидасининг ҳимоясини қилган ва уларга тўғри йўлни кўрсатган зот бизнинг она Ватанимизнинг фарзанди Имом Абу Мансур ал-Мотурудий ас-Самарқандий бўлдилар. Бу улуғ зот ана шундай бир мушкул пайтда жасорат билан чиқиб, Қуръон, ҳадис, илоҳий таълимотлар асосида мусулмонларнинг тўғри ақидаси, аҳли сунна вал жамоа ақидасини ҳаммага тушунтириб бердилар. Ўша пайтдаги энг кўзга кўринган бузуқ фирқа қарматийларга раддиялар ёзиб, уларнинг фикрлари нотўғри эканини баён қилдилар. Қолган барча фирқаларнинг ҳам даъволари пуч эканини, бу сафсаталари Қуръонга, ҳадисга зид, Исломга туҳмат эканини асослаб бердилар. Шундан кейин бошқа тоифадаги уламолар, тафсирчилар, ҳадисчилар, фақиҳлар, файласуфларнинг ҳаммаси Имом Мотуридийнинг атрофида бирлашиб, бузғунчи оқимларга қарши курашни бошладилар. Уларнинг ҳаммасининг фикрлари ер билан яксон қилиниб, йўққа чиқарилиб, ёлғиз аҳли сунна вал жамоа ақидаси тикланди. Ўзи қандай мусаффо бўлса, шундай ҳолида кишиларга тақдим қилинди.

Мана шу ишларнинг бошида бутун Ислом оламида икки зот туради. Биринчиси Абу Мансур ас-Самарқандий, иккинчиси Абу Ҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ. Мотурудий (р.а.)нинг мазҳаблари мусулмон оламининг шарқида тарқалган. Ашъарийнинг мазҳаблари эса ғарбда тарқалган. Икковлари бир вақтда, бир-бирларидан узоқда яшаган. Бир-бирларини кўрмаган, аммо бир хил гапни айтган. Чунки улар Қуръон ва суннат асосида гапирганлар. Ана шундагина Исломга зарар келтираётган барча бузғунчи тоифалар жим бўлиб қолишди.

Бутун Ислом уммати фахр билан Имом Мотуридийга кўплаб унвонларни бердилар. Шу унвонлардан бири “Имамул ҳуда”, яъни “Ҳидоят имоми” унвонидир. Яна бири “Аламул ҳуда” – “Ҳидоят байроғи” унвонидир. Бу буюк унвон бўлиб, одатда, қолганлар байроқ атрофида бирлашадилар, байроқдорнинг ортидан борадилар. Яна бир унвонлари “Мусоҳиҳул ақидатуҳ аҳли сунна вал жамоа” бўлиб, “Аҳли сунна вал жамоа, бутун мусулмон оламининг ақидасини тузатувчи имом”, дегани. Яна етти-саккизта ана шундай улуғ унвонларни Мотуридий бобомизга бердилар.

Имом Мотурудий билан Имоми Аъзам (р.а.)ларнинг орасида иккита одам бор, холос. Имом Мотурудийнинг устозлари Имоми Аъзамнинг шогирдлари. Демак, Имом Мотуридий Имоми Аъзамнинг шогирдларининг шогирдлари ҳисобланадилар.

Имом Мотурудий Қуръоннинг “Таъвийлатул аҳли сунна” деган тафсирини ёзган. Ҳар бири 600-700 бетдан иборат бўлган жами ўн мужаллад бўлган бу улуғ китобда Қуръондаги ҳар бир оятни қандай тушуниш керак, қандай фаҳмлаш керак, ақида масалаларининг ечимларини қандай топишимиз керак, ҳаммасини мукаммал равишда тушунтириб берган. Эътиқод бобида “Китоби тавҳид” номли китоб ёзган. Унда ақида масалаларини ўз лафзларида батафсил баён қилиб берган. Фиқҳ масаласида ҳам жуда юқори салоҳиятга эга бўлган Имом Мотуридий фиқҳга оид “Маофизи шарийя” ва бошқа китобларни ёзган. Бир қанча рисолалар ҳам ёзган, уларнинг барчаси бузуқ оқим ва фирқаларга раддиялар бўлган.

Бу улуғ иш бўлиши билан бирга ўша замонда мислсиз даражада катта иш бўлган. Чунки ўша замонда Ислом олами бутун дунёда етакчи олам бўлиб, ҳамма мусулмонларга қараб турган. Ана шундай замонда бутун дунёнинг ақидасини тўғрилашга Аллоҳ Имом Мотуридийни сабабчи қилган. Бу жуда буюк, ниҳоятда улуғ нарса.

Биз “Имом Мотурудий Самарқандда туғилган, у киши ҳам биздан”, деган гап билан чегараланиб қолмаслигимиз керак. У киши бажарган буюк ишнинг ҳажмини англашимиз лозим. У кишининг Исломга, Қуръонга, мусулмонларга қилган буюк хизматларини тушуниб олишимиз лозим. У кишига муносиб набиралар бўлишимиз керак. Имом Мотурудий қандай яшаган, нима деган, Қуръонни ўз ҳаётига қандай татбиқ қилган, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатларига қандай амал қилган, буларни яхши билиб, у зотга эргашишимиз керак.

Динимизнинг иккинчи қисми шариат деб аталади. Шариат − мўминман, мусулмонман, Аллоҳга иймоним бор, охиратдан умидим бор, деган банда бажариши лозим бўлган амалларни тушунтириб берадиган таълимотлар тўпламидир. Қандай таҳорат қилади, намозни қандай ўқийди, рўзани қандай тутади, закотни қачон беради, Ҳажни қандай қилади, савдо-сотиқ, никоҳ, оила, хуллас, инсон ҳаётининг барча жабҳалари шариат аҳкомларида баён қилинади. Буни фиқҳ илми тушунтириб беради. Қуръонда келган оятлар, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг суннатлари, уламоларнинг фикрларини тартибга солиб, сизу бизга ўхшаб араб бўлмаган, ўзи ўқиб, тушуниб кетавермайдиган одамларга ҳамма масалаларни тушунтириб бериш фиқҳ илмининг асосидир.

Бу масалада Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.а.) ўзларининг уч биродарлари: Имоми Шофеий, Имоми Ҳанбал ва Имоми Молик билан бирга бутун Ислом оламига ўзлари имомлик қилиб, Қуръон, суннат асосида амалиётларимизни қандай олиб бориш кераклигини осонлик йўли билан кўрсатиб берганлар. Буни бутун мусулмон уммати тан олган. Ҳамма ана шу мазҳабни ушлаб, бирлашиб, ягона бўлиб, яхши ҳаёт кечирган.

Динимизнинг учинчи қисми тариқат дейилади. Тариқатда инсон ўз қалбини поклаши, одобини сайқаллаши, муомалаларини гўзал қилишига оид масалалар баён қилинган. Намоз ўқиётганда мўмин қалбини қандай тутади, қандай қилиб хаёли чалғимасдан, Аллоҳни кўриб тургандек, бутун вужуди билан ибодат қилади, таҳорат чоғи қандай қилиб фикрини жамлаб, бутун вужудини таҳоратга бағишлайди, Аллоҳнинг зикрини кўпроқ қилиш учун нима қилиш керак, одамлар билан бўлган ҳусни хулқ, муомалаларни қандай олиб бориш керак, ҳамма-ҳаммасини ана шу тариқат илми ўргатади. Тариқат илми ҳам Қуръонга, суннатга асосланади ва кўпроқ руҳий тарбия билан машғул бўлади.

Бу борада бизнинг имомимиз Имом Баҳовуддин Нақшбанд (р.а.) бўладилар.

Биз мана шу уч нарсани, Ислом динининг уч қисмини яхши тушуниб олишимиз керак. Ақида бобида аҳли сунна вал жамоа мазҳабидамиз, бу мазҳабнинг соҳиби Имом Абу Мансур Мотурудий, фиқҳ бобида ҳанафий мазҳабдамиз, бу мазҳабнинг соҳиби Имоми Аъзам, тариқат бобида нақшбандийлик тариқатидамиз, пиримиз Имом Баҳовуддин Нақшбанд бўладилар.

Мана шу нарсаларни яхши билишимиз, яхши ўрганишимиз, бошқа тарафларга хаёлимиз кетмаслиги керак. Бизда чиққан нохушликлар айнан ана шу нарсаларни билмасликдан келиб чиқди. Ақида масаласида эса, Имом Мотурудийнинг таълимотини билмадик, амал қилмадик, натижада бошқалар келиб, одамларимизнинг бошларини айлантиришди. Ҳанафий мазҳабини яхши тушуниб етмадик, ташқаридан келганлар одамларнинг фикрини бузиб, ихтилофлар чиқарди. Тариқат бобида ҳам билимсизлигимиз панд берди.

Мана шу уч нарсани яхши билиб олсак, амал қилсак, маҳкам ушласак, инша Аллоҳ, тўғри йўлда юрган бўламиз. Энг яхши йўлда юрган бўламиз. Ҳар хил фирқа ва оқимлардан холи бўламиз. Бу нарсаларни ўрганишнинг, амал қилишнинг имкониятлари аввал бўлмаган бўлса, ҳозир бор. Ҳозир жуда яхши имконлар очилди. Бугунги сингари суҳбатлар жойларда бўлаяпти. Домлаларимиз ҳар куни неча марталаб кишиларимизни ҳалол-пок бўлишга, динимиз аҳкомларни тўғри англаб олишга, ватанпарвар бўлишга даъват қилишмоқда. Бу жуда муҳим иш. Бўлмаса, чор тарафдан келаётган бузғунчилар ёшларимизнинг фикрини бузиши тайин. Ёшлар дин аҳкомларини ўрганишга тайёр эмас, ҳеч нарсани эшитмаган. Айтайлик, “Ҳизбут таҳрир”чилар келиб, уларга бир нарсани айтса, ҳақиқат шу экан, деб, ўша нарсани маҳкам ушлаб олишади. Чунки бунинг ҳақиқатини бошқа одамдан, олимдан эшитмаган, нималигини ҳам билмайди.

Авваллари китоб йўқ эди. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир китоб жуда ҳам кўп. Ҳар бобга доир китоблар нашр этилди. Ақида масаласида ҳам “Сунний ақидалар” номли бир китоб қилдик. Бу илмнинг пешвоси Имом Мотуридий ҳақларида ҳам “Ҳидоят имоми” номли бир китоб ёздимки, унда Имом Мотуридийнинг туғилишлари, хулқлари, одоблари, илм олишлари, устозлари, шериклари, ёзган китоблари ва яшаган жамиятлари ҳақида муфассал баён қилинган.

Ана шу нарсаларни билишимиз, тушунишимиз, ўрганишимиз, амал қилишимиз керак. Бу нарсаларни бизга англатиб кетган Имом Абу Мансур Ал-Мотуридийдек уламоларимизнинг қадрини билишимиз керак. Кимнинг набираси эканимизни ҳис қилишимиз керак. Ана шундай бобокалонларимизга, Расули акрам (сав)га, динимизга муносиб бўлишимиз керак. Шунга ҳаракат қилишимиз керак. 

***

Эртадан бошланиб, уч кун давом этадиган анжуман яхши ўтсин, элга манфаатли бўлсин!

Бугун ҳар бир вилоятда мадраса бор, айрим шаҳарларда ўғил болалар ва қизлар мадрасалари ҳам бор. Аммо бир замонлар илмнинг ўчоғи бўлган, мадрасаларида Абу Мансур Мотуридийлар, Улуғбеклар, Қозизода Румийлар дарс берган Самарқандда бугун биттагина мадраса йўқлигини ҳам бирор олим шу анжуманда айтсин! “Мотуридийдек боболаримиз дарс берган мадрасаларни тиклайлик, Самарқандда ҳам мадраса бўлсин!” дея олишсин. Шунда бу анжуманлардан элга наф бўлади.

Каримберди Тўрамурод.