Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Имом Бухорий мажмуасидаги қурилишлар қачон якунланиши маълум қилинди

Пайариқ туманидаги Хартанг қишлоғида жойлашган Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари учун қарийб 6 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, унга 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Ўтган йилнинг мартида бошланган мазкур объектдаги ишлар 2023 йилда якунлаш режалаштирилган.

Бу ҳақда вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан Имом Бухорий мажмуасига ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.

- Ҳозирда мажмуа атрофида қурилиш ишлари олиб борилмоқда, дейди вилоят бош архитектори Сайфиддин Нарзиқулов. - Кўча ва йўллар, майдонларда қум-шағал аралашмаси ва сунъий қоплаш ишлари амалга оширилмоқда. Қурилиш майдонида вақтинчалик ишларни мувофиқлаштирувчи штаб ташкил этилган. Пудратчи ташкилотларининг 180 нафар ишчи-хизматчилари меҳнат қилаётган ушбу объектда 70 та юк ташувчи машина, 16 та эксковатор ва булдозерлар тупроқ ташиш, суриш ва текислаш ишларини олиб бормоқда.

Журналистлар мажмуанинг бош лойиҳаси билан яқиндан танишди. Маълум бўлишича, келгуси йили фойдаланишга топшириладиган мажмуада масжид, 7 та замонавий меҳмонхона, 3 та миллий чойхона, супермаркет, бозорча, миллий ҳунармандчилик буюмлари сотиш айвони, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона барпо этилади. Шунингдек, 1288 та енгил машиналар жойлашиш мумкин бўлган 3 та автомобилларни вақтинча сақлаш майдонлари ва автостанция қурилиши белгиланган.

Ҳозирда қарийб 4 минг кв.метр ҳудудни эгаллайдиган, минораларининг баландлиги 54 метр бўлган масжид қурилишининг I-боcқичдаги темир-бетон ишлари якунига етказилган. Баландлиги 11 метр бўлган масжид маъмурияти биносининг ҳаво тозалаш ускуналари ва қувурлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, қурувчилар томонидан асосий мақбара, мажмуага кириш ва чиқиш дарвозалари, ҳовлидаги айвонлар ҳамда баландлиги 74 метр бўлган 4 та минораларда тиклаш ишлари қизғин давом этмоқда.