Имтиёзли нархдаги кўмир аҳолига қай тартибда берилади?
Аввалроқ телеграм каналимизда “Аҳоли учун белгиланган имтиёзли нархда кўмир харид қилдингизми?” саволи билан сўровнома ўтказган эдик. Иштирокчиларнинг 35 фоизи “Қаердан ва қай тартибда олишни билмайман”, деган жавобни танлагани эътиборимизни тортди.
Гап шундаки, бу йил аҳолига имтиёзли нархда кўмир тарқатиш тартиби бироз ўзгарган. Ўтган йилларда фуқаролар фақат маҳалла раисининг маълумотномаси асосида тегишли омборлардан белгиланган миқдорда кўмир олиб кетарди. Бу йилдан эътиборан эса тартиб ўзгарган.
"Самарқанд" кўмир омбори мудири Бобошер Қаршиевнинг маълум қилишича, кўмирга эҳтиёжи бор хонадон вакили маҳалла орқали махсус платформага электрон ариза ташлайди. Ариза маҳаллий ҳокимлик ва ундан сўнг “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан электрон тизимда кўрилади. Маъқуллангач, фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан кўмир тарқатиш омборига боради. Омбор ходими платформадан унинг аризаси тасдиқланганини кўриб, кўмир ажратиб беради.
Бу йилги қиш мавсумида вилоятимиз аҳолисига 145,9 минг тонна кўмир имтиёзли нархларда (бир тонна кўмир учун тўлов — 309 минг 800 сўм) етказиб берилиши режалаштирилган бўлиб, бугунгача 81,7 минг тонна (55 фоизи) кўмир келтирилди. Аҳолига кўмир тарқатиш учун 8 та омбор ва 4 та савдо шохобчасидан фойдаланилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд” омборида бўлганимизда аҳоли вакилларини кўрмадик. Билишимизча, ҳафтанинг уч кунида кўмир қабул қилинар, уч кунда тарқатилар экан.
Паст Дарғом туманидаги омборда кўмир тарқатиш жараёнига гувоҳ бўлдик.
Аслида, ҳаммаси оддий – электрон тарзда йўлга қўйилган. Аммо фуқаронинг аризаси бирор тушунмовчилик сабаб қабул қилинмаган ёки платформага тушмаган бўлса, уни жойида ҳал қилиш механизми йўқ. Масъулларга кўра, камдан кам ҳолатда мана шу масалада эътироз учрайди. Маълум қилишларича, аҳолига берилиши лозим бўлган кўмирнинг талон-торож қилинишининг олдини олиш учун мазкур тизим йўлга қўйилган. Аммо бу тизим янгилиги боис ҳозирча айрим тушунмовчиликлар учрайди.
Мақолани тайёрларканмиз, айрим ҳудудларда фуқаро электрон ариза топшириш учун борганида маҳалла раиси “лимит йўқ”лигини айтиб қайтараётганини маълум қилишди. "Кўмир таъминот" МЧЖ вилоят филиали вакиллари эса чеклов йўқлиги, шароитига қараб маҳалла раиси ҳар бир хонадонга 2 тоннагача кўмир бериши мумкинлигини билдирди.
Ўйлаймизки, мутасадди ташкилотлар “лимит” масаласида аниқ фикр билдиришади. Токи, фуқаролар сарсон бўлиб юрмасин.
Юқорида сўровномамизда иштирокчиларнинг 35 фоизи кўмир олиш тартибидан бехабар эканлиги ҳақда ёздик. Демак, бу тартибдан аҳолини ҳам, маҳалла раисларини ҳам тўлиқ хабардор этиш лозим. Муаммо юзага келганда ечим йўқлиги ҳам кўриб чиқиш лозим бўлган масала. “Ўзбеккўмир” АЖнинг расмий сайтида аҳолида савол ва муаммолар юзага келганида мурожаат қилишлари учун махсус бот кўрсатилган. Биз синов тариқасида ушбу ботга мурожаат қилиб кўрдик. Афсуски, (21 ноябрь санасида) мурожаатимизга ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Яна бир муаммо, бу — кўмирнинг сифати. Бу ҳолат билан боғлиқ саволлар ҳам, жавоблар ҳам неча йилки бир хил: аҳолига бериладиган кўмирнинг ярми нега кукундан иборат? Қазиш ва етказиш жараёнида кукун ҳосил бўлиши табиий ҳолат. Аммо нега бозор нархида кўчадан харид қилинадиган кўмирда бир ҳовуч ҳам кукун бўлмаслиги ҳақидаги саволга ҳеч ким жавоб бермайди.
Аҳоли билан суҳбатимизда айримлар бу йил берилаётган кўмирда кукун нисбатан кам экани, ўтган йилларда аҳвол бундан бадтар бўлганини маълум қилишди.
Анвар Мустафоқулов,
Бахтиёр Мустанов (фото).