Инфографика: Шахмат бўйича жаҳон чемпионлари тарихини биласизми?
1886 йилдан буён шахмат оламида жами 22 нафар шахматчи жаҳон чемпиони сифатида эътироф этилган. Аммо улардан фақат 18 нафари классик жаҳон тожини қўлга киритиб, уни муваффақиятли ҳимоя қилишга эришган. Бу эса шахматда нафақат ғалаба қозониш, балки уни сақлаб қолиш ҳам қанчалик мураккаб эканини кўрсатади.
Бир асрдан зиёд вақт давомида жаҳон чемпионлиги учун кураш анъанавий тарзда — даъвогарнинг амалдаги чемпионни мағлуб этиши орқали ҳал қилинган. Бу тартиб шахматда меросий устунлик эмас, балки доимий рақобат ва куч синовини таъминлаб келди.
Шахмат тарихидаги илк жаҳон чемпиони Вильгельм Стейниц 1886 йилда ушбу унвонни қўлга киритган. У 1889, 1890 ва 1892 йилларда ўз чемпионлигини муваффақиятли ҳимоя қилиб, классик шахмат мактабига асос солган.
Эмануэль Ласкер шахмат тарихида энг узоқ муддат ҳукмронлик қилган чемпион сифатида тан олинади. У расман етти марта ғолиб чиққан бўлса-да, тарихчилар 1909 йилги ғалабани ҳисобга олишмайди. Бунга сабаб — ўша пайтда расмий қоидаларнинг аниқ белгиланмагани ва ўйин жараёнидаги ноаниқликлардир. Шу боис, Ласкернинг расмий ғалабалари олтита деб қабул қилинади. Унинг 27 йиллик чемпионлик даври ҳалигача рекорд сифатида сақланиб келмоқда.
Замонавий шахматнинг энг ёрқин юлдузларидан бири Гарри Каспаров олти марта жаҳон чемпиони бўлган. У 1985 йилда Анатолий Карповни мағлуб этиб, тарихдаги энг ёш чемпионга айланган эди. Каспаровнинг яна бир улкан ютуғи - 1999 йилда қайд этилган 2851 Эло рейтинги бўлиб, бу натижа қарийб 13,5 йил давомида янгиланмаган.
Анатолий Карпов ва Гарри Каспаров ўртасидаги рақобат шахмат тарихида алоҳида ўрин тутади. 1984-1990 йиллар оралиғида улар жаҳон чемпионлиги учун жами 144 партия ўтказиб, интеллектуал спортдаги энг узоқ ва драматик тўқнашувлардан бирини намоён этган.
Позицион ўйин устаси сифатида танилган Анатолий Карпов классик жаҳон чемпионатида тўрт марта ғалаба қозонган.
Михаил Ботвинник эса шахматда илмий ёндашувни шакллантирган буюк шахслардан бири ҳисобланади. У беш марта жаҳон чемпиони бўлган ва ўша давр қоидаларига кўра, дуранг натижалар орқали ҳам унвонини сақлаб қолган. Ботвинник нафақат чемпион, балки буюк устоз сифатида ҳам тарихга кирган — у Карпов, Каспаров ва Владимир Крамник каби келажак чемпионларни тарбиялаган.
Владимир Крамник 2006 йилда шахматдаги икки хил чемпионлик тизимига барҳам бериб, бирлаштирувчи чемпион сифатида тарихга кирди. Шу билан бирга, у 2800 Эло чегарасини забт этган иккинчи шахматчи бўлди.
Норвегиялик Магнус Карлсен эса замонавий шахматда мутлақ устунлик намунасини кўрсатди. У 2014 йилда 2882 Эло рейтингига эришиб, тарихий рекорд ўрнатди. Карлсен беш марта жаҳон чемпиони бўлиб, бир вақтнинг ўзида классик, рапид ва блиц йўналишларида ҳам жаҳон тожини эгаллаган ягона шахматчилардан бирига айланди. Унинг 125 партиялик мағлубиятсиз серияси ва 14 йиллик рейтинг етакчилиги алоҳида эътиборга лойиқ. 2023 йилда у жаҳон чемпионлиги учун курашишдан воз кечиб, шахсий мотивация омилларини очиқ таъкидлади.
Амалдаги жаҳон чемпиони Ҳиндистон вакили Гукеш Доммаражу бўлиб, у 2024 йилда Динг Лиженни мағлуб этиб, 18 ёшида тарихдаги энг ёш чемпионга айланди. Бу эса шахматда янги авлод даври бошланаётганидан далолат беради.
Навбатдаги жаҳон чемпионлиги учрашуви 2026 йил охирига режалаштирилган бўлиб, бу матч, шубҳасиз, Ўзбекистон шахмат тарихида янги саҳифа очиши аниқ. Яъни, ёш, иқтидорли гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров Гукеш Доммараджу билан жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу учрашув шахмат мухлислари томонидан катта қизиқиш билан кутилмоқда, чунки унда янги “шахмат тожи” соҳиби аниқланади.

Изоҳ: Ушбу инфографикада фақат классик жаҳон чемпионлари келтирилган. ФИДЕ йўналишидаги чемпионлар қаторида Анатолий Карпов, Александр Халифман, Вишванатан Ананд, Руслан Пономарёв, Веселин Топалов ҳамда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Рустам Қосимжонов ҳам бор.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.