Инсон қадри улуғланган жамиятда тараққиёт бўлади
Давлатнинг қудрати ва жамиятнинг юксалиши, аввало, унда инсон ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари, орзу-интилишлари ҳамда муносиб турмуши қай даражада қадрланиши билан белгиланади.
Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида айнан инсон қадри устувор мақсад сифатида намоён бўлмоқда. «Ижтимоий давлат» тамойилининг Конституциявий даражада мустаҳкамланиши эса бу ғояни янги мазмун ва масъулият билан бойитди. Энди давлатнинг вазифаси нафақат иқтисодий ўсишга эришиш, балки ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши, сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиши, ижтимоий ҳимояга эга бўлиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароит яратиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, инсон қадрини юксалтириш - муайян бир ислоҳот ёки даврга хос вазифа эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли тараққиёт мўлжалидир. Бу фалсафа давлат ва жамият муносабатларини янгича мезонлар асосида қуриш, «инсон - жамият - давлат» тамойилини ҳаётга чуқур сингдириш ва миллий юксалишнинг мустаҳкам пойдеворини яратишни назарда тутади.
Ижтимоий давлатнинг энг олий мақсади - инсонни асраш, унинг қадрини улуғлаш ва келажакка ишонч билан қадам қўйиши учун зарур имкониятларни яратиш. Бу мақсад ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги тантаналарида давлатимиз раҳбари табригида етти муҳим йўналишда ҳам намоён бўлади.
Биринчидан, билим ва малака келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айланиши зарур. Табиий ресурслар чекланган бўлиши мумкин, аммо инсоннинг билими, қобилияти ва ижодий салоҳияти тараққиётнинг асосий манбаи. Шунинг учун, замонавий таълим, касбий кўникмалар ва илмий тафаккурга инвестиция киритиш мамлакатнинг энг муҳим стратегик сармоясига айланади.
Иккинчидан, соғлом инсон - барқарор жамиятнинг асосий таянчи. Аҳолининг саломатлиги ва узоқ умр кўриши нафақат тиббиёт тизимининг, балки бутун давлат тараққиётининг муҳим кўрсаткичидир. Асосийси, сифатли тиббий хизмат, соғлом турмуш тарзи ва инсон умри сифатини оширишга қаратилган ёндашувлар жамиятнинг ижтимоий салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Учинчидан, мамлакат иқтисодиётини юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш рақобатбардош келажакнинг муҳим шарти. Бунда рақамлаштириш, рақамли инновация, автоматлаштириш ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари инсон меҳнатининг самарадорлиги ва имкониятларини оширишга хизмат қилиши лозим.
Тўртинчидан, сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш лозим бўлади. Иқтисодий ўсиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан уйғунлашмаса, бугунги ютуқлар эртанги авлодлар учун муаммога айланиши мумкин. Шу боис экологик масъулият ва сув ресурсларини асраш маданияти миллий тараққиётнинг ажралмас қисмига айланиши керак.
Бешинчидан, суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантиришни назарда тутади. Чунки инсон ҳуқуқи ҳимояланганига ишонч ҳосил қилгандагина унинг давлат ва жамиятга бўлган ишонч мустаҳкамланади. Конституция ва қонун устуворлиги эса нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг умумий ҳуқуқий маданиятига айланиши зарур.
Олтинчи йўналиш маҳаллани жамият тараққиётининг асосий ижтимоий буюртмачисига айлантириш ғояси билан боғлиқ. Чунки инсоннинг реал эҳтиёжлари, аввало у яшайдиган ҳудудда намоён бўлади. Маҳалла фуқаронинг муаммосини эшитадиган, ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган ва ҳудуд ривожининг устувор вазифаларини белгилайдиган самарали ижтимоий масканга айланиши муҳим аҳамиятга эга.
Еттинчидан эса Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини янада юксалтириш шарт. Чунки замонавий дунёда мамлакатнинг қудрати нафақат иқтисодий ва технологик имкониятлари, балки унинг тинчликсеварлиги, очиқлиги, маданий мулоқотга тайёрлиги ва халқлар ўртасида ишонч кўпригини барпо эта олиши билан белгиланади.
Етти миллий дастурнинг умумий мақсади битта - рақамли трансформациялашув шароитида инсон имкониятларини кенгайтириш ва унинг муносиб ҳаёти учун барқарор юксалиш муҳитини яратиш. Айнан шу нуқтаи назардан уларни мамлакатимизнинг келгуси миллий юксалиш даврини белгилайдиган ўзаро уйғун инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган стратегик йўналишлар сифатида баҳолаш мумкин.
Аёл таълими - бутун жамият келажаги
Янги Ўзбекистон учун бу масала янада муҳим. Мамлакат аҳолисининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этади. Демак, ҳар бир қизга сифатли таълим бериш орқали мамлакатнинг инсон капитали мустаҳкамланади. Таълимли, касб-ҳунарли ва мустақил фикрлайдиган хотин-қизлар сонининг ортиши эса иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги салоҳиятни юзага чиқаради. Бугун таълим муассасаларида, тиббиёт, илм-фан, ахборот технологиялари, тадбиркорлик, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар бу жараённинг амалий ифодасидир. Шу билан бирга, аёллар таълими масаласига фақат олий таълим нуқтаи назаридан ёндашиш етарли эмас. Қизнинг келажакдаги имкониятлари унинг мактабгача таълимдан бошлаб сифатли билим олиши, мактабда зарур кўникмаларни эгаллаши, касб танлаши ва кейинчалик умрбод таълим олиш имконияти билан узвий боғлиқ. Шу сабабли таълимнинг барча босқичларида қизлар учун тенг ва сифатли имкониятларни таъминлаш стратегик вазифа ҳисобланади. Энг муҳими, аёл таълими - бу гендер масаласигина эмас. Бу иқтисодий тараққиёт, оила фаровонлиги, соғлом авлод, ижтимоий барқарорлик ва миллий интеллектуал салоҳият масаласидир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида сўз борганда, аёллар таълимига муносабат мамлакатнинг эртанги кунига муносабат сифатида баҳоланиши лозим. Қизлар қанчалик яхши таълим олса, жамият шунчалик билимли, рақобатбардош ва барқарор бўлади. Демак, аёл таълимига яратилган ҳар бир имконият - аслида, бутун жамият келажагига қўйилган энг узоқ муддатли ва энг ишончли инвестициялардан биридир. Аёл таълим олса, бир оила, бир авлод, ҳатто бутун жамиятнинг келажаги ўзгаради. Чунки аёл - оила тарбиясининг, маънавий муҳитнинг ва келажак авлод камолотининг муҳим таянчидир. Билимли, дунёқараши кенг, ҳуқуқий саводхон аёл ўз фарзандига нафақат одоб-ахлоқ, балки илмга интилиш, мустақил фикрлаш, меҳнатсеварлик ва Ватанга дахлдорлик туйғусини ҳам сингдиради. Миллий қадриятларимизда аёлга бўлган ҳурмат, оналик мақоми ва оила муқаддаслиги алоҳида ўрин тутади. Шу билан бирга, халқимиз тарихида илм-маърифатга интилган, жамият ҳаётида фаол иштирок этган буюк аёллар ҳам кўп. Бу бизга аёлнинг маърифати - миллатнинг маърифати эканлигини англатади.
Аёл таълимининг фалсафий моҳияти шундаки, таълим инсонга фақат касб эмас, танлаш ҳуқуқи, мустақил фикрлаш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини беради. Билимли аёл ўз ҳуқуқларини билади, ўз қадрини англайди, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этади. Шунинг учун аёл таълими - инсон қадрини юксалтиришнинг энг таъсирчан воситаларидан биридир. Таълим олиш ҳуқуқи ҳар бир инсонга тегишли бўлиб, хотин-қизлар учун ҳам тенг имкониятлар яратилиши инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигининг муҳим ифодасидир. Аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши нафақат адолат талаби, балки жамият тараққиётининг зарур шартидир. Аёлга таълим бериш орқали биз унинг бугунги ҳаётини эмас, эртанги авлод тақдирини ҳам ўзгартирамиз. Чунки билимли она - билимга чанқоқ фарзандни, ҳуқуқий саводхон она - ўз ҳуқуқини биладиган авлодни, маърифатли аёл эса - маърифатли жамиятни тарбиялайди. Зеро, бир аёлнинг таълими - бир инсоннинг ютуғи эмас, бутун жамиятнинг келажакка киритган энг катта сармоясидир.
Давлатимиз раҳбари нутқида ёшлар, айниқса, хотин-қизларнинг таълимдаги иштироки алоҳида таъкидланган. “Билимли қизлар - билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият” деган фикр бежиз айтилмаган. Чунки бир қизга берилган таълим - бир инсонга берилган имконият эмас, балки келажак авлодга берилган имкониятдир. Конституцияда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлари кафолатланган. Демак, қизларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва жамиятда муносиб ўрин топиши - нафақат ижтимоий сиёсат, балки инсон қадрининг бевосита ифодасидир.
Ёшлар - бизнинг энг катта бойлигимиз
Халқимиз азалдан фарзанд тарбиясига, ёш авлоднинг илм олиши ва камол топишига алоҳида эътибор берган. «Бола - азиз, одоби ундан азиз» деган халқ ҳикматида ҳам келажак авлод тарбияси инсон ва жамият ҳаётида қандай юксак ўрин тутиши ифодаланган. Миллий қадриятларимизда ёшларга фақат «келажак эгалари» сифатида эмас, балки бугунги жамиятнинг фаол ва масъул аъзолари сифатида қараш ғояси муҳим. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга таълим олиш, меҳнат қилиш, ўз қобилиятини рўёбга чиқариш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш учун имконият яратиш-инсон қадрига асосланган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Ёш авлод ўз ҳуқуқини билса - у ўз қадрини англайди. Билим олса – ўзи ҳам юксалиб келажагини яратади, жамиятга наф келтиради ва Ватан юксалишига ҳисса қўшади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддага мувофиқ, “Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас”. Шунингдек, унинг 78-моддасига асосан, “Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади”, деб белгиланган. Мазкур Конституциянинг 79-моддасига кўра, “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”.
Президент нутқида қайд этилганидек, бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти. Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади. Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз. Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади. Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимизга улкан зафарлар тилаймиз. Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб баралла айта оламиз.
Шуҳрат Рўзиназаров,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди бўлим бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)