Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Инсон қадрини эъзозлаган Конституция адолат қўрғонига айланади

Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиёт Конституция ва у асосидаги қонунлар устуворлиги билан таъминланади.

Албатта, юртимизда ҳам миллий қонунчилик инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш тамойига асосланган.

Хусусан, Бош қумусимизда давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Эътиборлиси, бу тамойиллар Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан янада кенгайтирилиб, унга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахси ва ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган нормалар жорий этилмоқда.

Асосий қонуннинг 18-моддасини олиб қарайлик. Унда Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб, ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши белгилаб қўйилган. Конституциявий қонун лойиҳасида мазкур моддани “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига биноан ҳамда мазкур Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.

Инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмасдир ва улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади”, жумлалари билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Албатта, бу шунчаки гап эмас. Балки мазкур норма билан давлатимизда инсон қадри ва шаъни устуворлиги, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат Конституция, балки халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳам ҳимоя қилиниши кафолатланмоқда. Бу кўп миллатли халқимизнинг тенг ҳуқуқлилигини, ва энг асосийси, шу жамият, давлат ва Ватан олдида бир хил қадрли эканлигини англатади.

Шунингдек, Асосий қонунга киритилаётган ўзгартиришларда давлатнинг фуқароларни ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатиш принциплари, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Шу маънода айтиш мумкинки, Конституциямизда амалга оширилаётган бу ислоҳот давлатимизда нафақат кучли қонунчиликни шакллантириш, балки ижтимоий мувозанатни сақлашни таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.

Жасур Воҳидов,

77601-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси.