Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Институт ўқитувчиси ва булунғурлик "ер сотувчи" пора билан қўлга тушди

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда бир неча фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди.

Хусусан, ўтказилган тезкор тадбир давомида Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси ўзини “Регистон” техника университети қабул комиссиясининг аъзоси деб таништириб, бир фуқаронинг қариндошини ушбу университетнинг иқтисодиёт тармоқлари факультетига 4 минг АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан бу пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Навбатдаги ҳолат давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси прокуратура ва ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди. Унда ер сотиш билан боғлиқ жиноий фаолиятга чек қўйилди.

Ўтказилган тадбир давомида Булунғур туманида яшовчи фуқаро Ш.Б. сотиш ҳуқуқига эга бўлмай туриб, ўзига тегишли 50 сотих ер майдонини 34 минг АҚШ долларига фуқарога сотишга келишиб, ундан 10 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Ушбу пулнинг 3 минг АҚШ доллари маълум бўлишича, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Давлат кадастрлар палатаси Булунғур тумани филиалининг юқори лавозимида ишловчи ходими ушбу ер майдонини тегишли кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига талаб қилган.

Олинган кўрсатмалар асосида тадбир давом эттирилиб, Давлат кадастрлар палатаси Булунғур тумани филиали ходими 3 минг АҚШ долларини ўз хизмат автомашинасида олган вақтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.