Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Интернетда тарқалган “01 001 VIP” давлат рақам белгиси билан боғлиқ видеотасвир юзасидан муносабат билдирилди

Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси “Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеотасвирдаги 01 001 VIP рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси “Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқарилмаганлигини маълум қиламиз.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти (OʻzDSt 640:2014) талаблари асосида рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгилари ишлаб чиқарилишида “I” ҳарфи ишлатилмаслигини билдириб ўтамиз.

Бундан ташқари, давлат рақам белгиларини қўлбола усулларда ясаш ва улардан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликни юзага келтиради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддаси 6-қисмига асосан давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, шунингдек, давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.