Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ипак йўлидаги маданий мерос асраб-авайланади

Самарқандда давом этаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали доирасида бугун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси номоддий маданий мероси халқаро ахборот ва ҳамкорлик маркази (ICHCAP) ўртасида Ипак йўлидаги маданий меросни сақлаш бўйича меморандум имзоланди.

Меморандумни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев ҳамда ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси номоддий маданий мероси халқаро ахборот ва ҳамкорлик маркази (ICHCAP) бош директори Кеум Ги Хюнг имзолади.

– Кеча Самарқандда жуда катта халқаро тадбирларнинг иштирокчиси ҳамда бевосита гувоҳига айландик, – дейди Кеум Ги Хюнг. – “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзуидаги халқаро конференция ҳамда “Шарқ тароналари” ўн иккинчи мусиқа фестивали очилиш маросимида қатнашиб, Ўзбекистон жуда бой моддий ва номоддий маданий меросга эга эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, фестивалнинг очилиш маросимида ижро этилган куй-қўшиқлар, тайёрланган маданий дастур бизда жуда катта таассурот қолдирди. Ўзбек халқининг бундай серқирра ва такрорланмас номоддий меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва асраб-авайлашга биз ҳам бурчлимиз. Шунинг учун ҳам бугун Ипак йўлидаги маданий меросни сақлаш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаш бўйича меморандум имзоладик. Бу орқали ушбу маданиятдан дунё аҳлини хабардор этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.

Б.Мустанов.