Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иродани тарбиялаш - комиллик белгиси

Яқинда Самарқанд давлат университети доценти Исроил Хайриевнинг инсонни руҳий камолотга етишишига хизмат қилувчи “Иродани тарбиялаш комилликка элтади” деб номланган монографияси нашр этилди.

Асарни ўқиган китобхон руҳий енгилликни англайди, қийинчиликлар олдида ўзини йўқотиб қўймайди. Ҳаётдаги синовларга бардошли бўлишни, ҳар қандай шароитда ҳам олға интилиш кераклигини англаб етади.

Асарда муаллиф томонидан инсоннинг қандай бўлиши кераклиги, унинг иродаси, инсон бўлиб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келмаслиги, ким бўлишидан қатъи назар ҳаётда ўз ўрнини топа билиши, таваккалчи бўлиш кераклиги, режали ҳаётда яшаш инсон учун фойдали эканлиги каби масалалар ўртага ташланади. Шу ва бошқа масалалар атрофида ўз фикрларини баён қилади.

Ушбу монографияни ўқиган киши ёзувчининг кучли психолог эканлигини англаб етади. Ҳар куни психолог ҳузурига қатнайдиган ёки психологга қатнаш учун маблағ ҳамда вақт тополмаётган киши ушбу асарни бир бор ўқиб чиқса, ўзининг дардига албатта шифо топади. Ҳал қилолмаётган муаммоларининг ечимлари осон эканлигига ҳайрон ҳам қолади.

Монографияда барча муаммоларнинг сабаби кучсиз ирода эканлиги яққол очиб берилган. Масалан, ҳаётда озгина қийинчилик кўрган инсон ўз иродасини бошқаролмай қолади, хатти-ҳаракатига жавоб беролмайди. Кейин қилган ишидан афсусланиб юради. Ёзувчи бундай ножўя ҳаракатларнинг асл сабабчиси ўзимизнинг иродасизлигимиз, маълум бир мақсадли ҳаракатга эга бўлмаганлигимиз эканлигини таъкидлайди. Айниқса, иродасизликнинг ёрқин мисоллари пандемия шароитида мамлакатимизда жорий қилинган карантин чекловлари даврида ёрқин намоён бўлди…

Ҳар бир инсон бирор нарсага эришмоқчи бўлса, ўз олдига мақсад қўяди. Мақсадсиз инсон ҳеч нарса учун ҳаракат қилмайди, чунки бундай инсонга дунёдаги ҳеч бир жараённинг қизиғи бўлмайди. Ҳаётда мақсадсиз, олдига мақсад қўймаган инсоннинг бўлиши жамиятимиз учун ҳалокат саналади. Ёзувчи асарида мақсад ҳақида шундай дейди: “Мақсаднинг қўйилиши шахсда мотивлар кураши билан боғлиқ бўлади, бунда у мақсадга олиб борувчи ё‘л ва воситаларни фикран муҳокамадан ўтказади.

Мақсад қўйишнинг энг охирги босқичи бир қарорга келиш билан якунланади.  Инсон ўз олдига бирор бир мақсад қўяр экан, бунинг учун аввало ундан фаоллик, иродавий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш талаб этилади. Бу эса инсоннинг мақсади сари интилишида бирламчи ҳаракат саналади. “Иродаси суст инсонлар, - дейди муаллиф, - бирор ишни қилишдан олдин ўйлайди, ҳатто иккиланади. Иродаси кучли инсонлар бир қарорга тез ва қатъий келади. Бу психологик воқелик эса уни энг кам куч ва кам вақт сарфлаб мақсадга эришишини таъминлайди”. Таъкидлаш жоизки, бу эътирофлар жуда ўринлидир.

Ёзувчи монографиясида инсонийлик ҳақида ҳам баъзи бир мулоҳазаларни билдирганки, буларнинг ҳақиқат эканлигини китобхон бирдан англаб олади: “Юмшоқ феъллилар билан – юмшоқ, қаҳрлилар билан қаҳрли бўлишни ўрган. Доимо атрофингдаги инсонларни эътибор билан эшитишга, ҳар бир эшитганингни мулоҳаза қилиб, ҳақиқатни ажратиб олишга интил. Моҳиятни англамасдан туриб, ғалаба қозонганлар тарафига ўтиб кетадиган оломонга эргашма”. Ҳақиқатан ҳам жуда тарбияга мос фикрлар. Айниқса, охирги жумла иродасиз, бир фикрга эга бўлмаган инсонларга хос. Чунки шундай инсонларгина асл моҳиятни тушунмасдан оломонга қўшилади, оқ устидан қора чаплашга ҳаракат қилади.

Инсон иродаси мустаҳкам бўлсагина, у дунё бойликларидан устун бўлади, нафсини жиловлай олади, бировнинг ҳаққидан қўрқади. Иродалилик ортида сабр, матонат, ботирлик, ватанпарварлик, комиллик каби тушунчалар ётади. “Иродани тарбиялаш руҳий комилликка элтади” монографиясини ўқиганингизда сиз ҳам бунга яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Булардан ташқари, буюк алломаларимизнинг ирода, матонат, ватанпарварлик, маънавиятни ўстириш, умума, инсонни комилликка элтувчи хислатлар ҳақидаги фикрлари билан ҳам танишиб чиқасиз.

И.Мирзаев,

А.Пардаев,

СамДУ профессорлари.