Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иш қидираётган ҳамда ишсиз шахслар 19 та касб ҳамда 3 та хорижий тилни ўрганишлари мумкин

Шу йўл билан ташкилотларга доимий ишга жойлашиши, ўзини-ўзи банд қилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва ташкилий меҳнат миграцияси йўли билан хорижий давлатга ишга боришларига имконият яратилади. Бунинг учун фуқаро маҳаллий меҳнат органига мурожаат қилади ва тегишли тартибда рўйхатга олинади.

Сўнгра ҳамкорлик шартномаси тузилган касб-ҳунарга ўқитиш марказига йўлланма асосида юборилади. Ишсиз шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича Иш берувчи – буюртмачи - ўқув маркази ва ўқувчи ўртасида тўрт томонлама шартнома тузилади. Ўқув маркази меҳнат органининг йўлланмаси асосида касбга тайёрлайди ва ўқув курсини муваффақиятли якунлаган тингловчига сертификат беради.

Сертификатга эга бўлган шахс белгиланган тартибда корхона ва ташкилотларга доимий ишга жойлашиши, ўзини-ўзи банд қилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва ташкилий меҳнат миграцияси йўли билан хорижий давлатга ишга боришлари мумкин.

Вилоятда жорий йилда 14 минг нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш режалаштирилган. Ҳозирги вақтга қадар 2 мингдан ортиқ фуқаро касб ўргатишга жалб этилди.

Бу борада Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда барча туман (шаҳар)ларда 16 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб, Самарқанд шаҳридаги банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” мономаркази ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу мономарказда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 19 та касб ҳамда 3 та хорижий тилларга ўқитиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, вилоятда танлаб олинган 48 та профессионал таълим муассасаларида ташкил этилган қисқа муддатли касбга тайёрлаш курсларида ҳам аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг йўлланмаси асосида касбга тайёрланмоқда.

Қайд этиш лозимки, ушбу қисқа муддатли ўқув курсларида дарс ўтадиган ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг иш ҳақлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан тўланади. Амалий машғулотлар учун зарур хомашё ва материаллар ҳар бир касб бўйича ишлаб чиқилган меъёрнома асосида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъминланади.

Э.Раҳматуллаев,

вилоят бандлик бош бошқармаси касбга қайта ўқитишни ташкил этиш шўъбаси бошлиғи.