Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ишсизлик нафақаси кимларга ва қанча миқдорда тайинланади? Раҳбарлар ўзаро тажриба алмашди

Нарпай туманида йил бошидан буён аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига 2852 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 1688 нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 841 нафари жамоат ишига жалб қилинган, 66 нафарига субсидия ажратилган, 577 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган.

Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бўлиб ўтган семинарда шу ҳақда гапирилди.

Ушбу марказ раҳбари Эркин Тошботировга кўра, бугунги кунда туманда 313 та бўш иш ўрни бор. Марказларга мурожаат қилганларга, аввало иш таклиф қилинади. Агар мурожаатчининг мутахассислигига оид иш бўлмаса, касб ўрганишга йўналтирилади. Мурожаатчи касбга ўқишни истамаса, жамоат ишларига жалб этилади.

- Биз учала ҳолатда ҳам фуқарога ёрдам беролмасак, унга ишсизлик нафақаси тайинлаймиз, - дейди Э.Тошботиров. - Ишсизлик нафақаси 560 мингдан 747 минг сўмгача бўлиб, ишсиз фуқарога 6 ойгача тайинланади. Олти ойгача у ишга жойлашса, ишсизлик нафақаси тўхтатилади. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш марказларида таҳсил олаётган фуқароларнинг ишсизлик мақоми берилганларига нафақа пули тўхтатилиб, стипендия берилади. Бошқа ҳолатлар учун, масалан, "Аёллар", "Ёшлар", "Темир" дафтарда турганларга стипендия берилмайди.

Семинарда вилоят бандлик бош бошқармаси бўлим бошлиқлари, туманларнинг аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбарлари иштирок этди ва соҳадаги камчиликлар, муаммолар ўртага ташланди. Соҳа мутахассислари томонидан муаммоларнинг ечимига таклифлар берилди. Масалан, ёш оналарга бола учун нафақа тайинлашда ишсиз, деган маълумотнома керак экан. Ҳар бир ёш она ишсиз деб базага киритилса, ишсизлик даражаси ошиб кетар экан. Шу каби нозик ва айни пайтда ечимини кутаётган муаммолар муҳокама этилди.

Семинар сўнгида туманда жорий йилнинг март ойида кооператив асосида иш бошлаган тикув цехи фаолияти билан таништирилди.

- Бир кунда 45-50 минг сўм пул топаман, - деди цех тикувчиси Латофат Салимова. - Уч нафар фарзандим бор, ишимдан мамнунман. Ишимиз эрталаб соат 9:00 дан кечки 17:00 гача. Биздан кейин кечки смена қизлари келиб ишлайди. Буюртмаларимиз роса кўп. Айни вақтда қишки курткалар тикяпмиз.

Бугун Нарпайда 96 690 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 9 983 нафари ишсиз фуқаролардир.

Хуршида Эрназарова.