Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Истиқбол маҳалласи жорий йил “Обод қишлоқ” дастури асосида марказлашган ичимлик суви билан таъминланади

Пахтачи тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими кеча, 28 февраль куни Zarnews.uz телеграм каналида "Истиқбол"нинг истиқболи борми? сарлавҳаси билан эълон қилинган танқидий мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинида 421 та хонадон мавжуд бўлиб, 2044 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилгандан сўнг барча хонадонлар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида аниқланган 595 та муаммоли масалаларнинг 566 таси жойида ҳал этилди. Қолган муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли ташкилотларга ахборот юборилган ва уларнинг ечими юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Тадбир давомида маҳалланинг 5600 метр тупроқли йўлларига шағал тош ётқизилди. Маҳалла фуқароларига 543 та газ баллон етказиб берилди. Ўта оғир шароитда яшаётган 17 нафар фуқаро хонадонининг фасад қисми таъмирлаб берилди. “Темир дафтар”га киритилган 9 нафар фуқарога 16 турдаги ёрдам кўрсатилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 399 нафар фуқаронинг 11 нафарига, “Аёллар дафтари”га киритилган 405 нафар фуқаронинг 5 нафарига ёрдам кўрсатилди.

Ушбу маҳаллада яшовчи 70 ёшли фуқаро Риста Хўжамуродованинг қизи (1-гуруҳ ногирони) ва катта қизининг фарзанди (невараси) билан бирга яшайди. Маҳаллада “Темир дафтар”да руйхатда туради. “Темир дафтар”да рўйхатда турган фуқароларга берилган барча имтиёзлар билан таъминланган. Маҳалла фуқаролар йиғинининг доимий назоратида. Ногирон қизи жорий йилнинг февраль ойида ногиронлар аравачаси билан таъминланган.

Ушбу маҳаллага ёндош бўлган Ёбу, Мирзо Нодим, Гулшан, Тома маҳаллаларида 38 километр ичимлик сув қувурларини тортиш 2017-2021 йилларда ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхатига киритилган. 2021 йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида Истиқбол маҳалласи аҳолисини ҳам узлуксиз марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан 10,8 километр ички тармоқлар қурилиши режалаштирилган.

Мазкур “Обод қишлоқ” дастури лойиҳаси вилоят иқтисодиёт бошқармасида тақдимот қилиниб, дастлабки лойиҳа ҳужжатлари ва чизмалари устида иш олиб борилмоқда.