Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Италияда Стромболи вулқонининг янги фаоллашуви кузатилди

Сицилия яқинидаги Тирренс денгизининг Италия ҳудуди ҳисобланган Стромболи оролида Стромболи вулқонининг пайшанба куни кечқурун янги отилиши содир бўлди.

Маҳаллий аҳолининг берган маълумотига кўра, тахминан соат 22.45 (01.45 Тошкент вақти)да кучли портлаш юз берган, ундан кейин вулқон кратери устида вулқонли тутун ва қум устуни ҳосил бўлган. Бироздан кейин тахминан ҳар 20 дақиқа оралиғида яна иккита кучсизроқ портлаш содир бўлган. Ушбу ҳодиса вулқон массаларининг ён-атрофга сачраши билан кузатилган.

Бундан ташқари, вулқоннинг ғарбий қоясида кратердан лава оқиб чиқа бошлаган. У ерда 600 метр атрофидаги баландликда “Оловли оқим” деб номланувчи чуқурлик мавжуд, у орқали лава денгизгача етиб боради. Воқеа гувоҳларининг гувоҳлик беришларича, айни вақтда лава оқими бир неча километрдан кўринади.

Стромболи оролини раҳбарлари билан зудлик билан алоқага чиққан Италия Фуқаролар мудофааси хизмати мутахассисларининг хабар беришича, қурбонлар ва талофатлар ҳақида маълумотлар келмаган. ФМ хизмати ходимларининг таъкидлашларича, оролдаги вазият назорат остида.

Стромболи вулқонининг охирги фаоллашуви 3 июлда содир бўлган, ўшанда вулқон яқинида бўлган бир нафар эксурсия гуруҳи аъзоси ҳалок бўлган, яна бир нафар сайёҳ жароҳатланган.

Стромболи вулқонини кузатув тарихида фаоллашувлар сонини бу даражада қисқа вақт оралиғида содир бўлиши қайд этилмаган.

Стромболи вулқони охирги 20 минг йилдан бери мунтазам фаол ҳолатда. У тез-тез содир бўладиган унчалик кучли бўлмаган вулқон отилишлари билан машҳур. Унинг баландлиги денгиз сатҳидан 926 метр ва денгиз тубидан 2 километрни ташкил қилади. Вулқонда учта фаол кратер мавжуд. Стромболи вулқонининг фаоллашуви аксарият ҳолларда портлаш билан кузатилади, лаванинг қуйилиши жуда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади.