Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Жамоатчилик айбдор…" Ростдан ҳам шундайми?

Кўп интервью оламан, турли соҳа эгаларидан. Касбим шу-да. Суҳбатдошимнинг фикрлари қанча тош босса, мақола шунча залворли чиқади.

Кўп соҳа вакиллари билан тегишли мавзулардаги суҳбатларда албатта муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилади. Уларнинг ечими ҳақда гап кетганда кейинги пайтларда негадир бир тенденцияга гувоҳ бўлаяпман. Қандай дейсизми? Келинг, баъзи мутасаддиларнинг, одатда, энг охирги бериладиган саволга жавобларини ўқиб кўринг.

- Оиладаги муаммолар, фарзандларнинг нотўғри йўлга кириб кетиши битта оиланинг эмас, бутун маҳалланинг муаммоси! Бир пайтлар бир оилага етти маҳалла бош бўлган! Бугун-чи? Қўшнисининг уйида нима бўлаётгани билан иши йўқ ҳеч кимнинг. Бир оила ажралса арш ҳам ларзага келади, дейишади. Биз ҳаммамиз бу муаммога бирлашиб ечим излашимиз лозим.

- Арш биланми?

- Нималар деяпсиз, кенг жамоатчилик ҳақида гапираяпман...

- Тушунарли.... – дейман ручкамни ён дафтарим орасига солиб, суҳбатдошим билан хайрлашиш истагини билдирар эканман, ортимдан “Мақолангизни албатта кўрсатиб олинг, бир назар ташлаб қўяман-а”, деган иддаони эшитаман.

Кейинги суҳбатдошим экологик муаммолар ҳақида батафсил фикрларни билдирди, яхши таклифларни ҳам айтди. Ўзлари кўраётган чораларни ҳам гапирди. Суҳбат сўнгида ўзининг талқинича муҳим бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Биласизми, табиатимизни асраш битта ташкилотнинг вазифаси эмас?

- Ташкилотингизнинг муқобили ҳам борми? Унинг вазифалари нималардан иборат? – сўрайман қизиқиб.

- Йўқ, ҳозирча “фронт”да бир ўзимиз. Лекин табиатни асраш жуда катта масала, ҳар бир уйда, оилада бу масала ўрганилиши керак. Болалигиданоқ фарзандларимиз қулоғига табиатга, жониворларга меҳрни сингдиришимиз керак, бу жуда муҳим.

- Сиз оилангизда шундай қилганмисиз? Оилангизда қандай жониворлар бор?

- Биласизми, ит, мушукка аллергиям бор, уларни ўзимга яқинлаштирмайман, болаларим ҳам шундай қилиши тарафдориман, улардаям аллергия бўлиши мумкинку, ахир.

- Фарзандларингиз билан дарахт экарсиз ҳар йили?

- Бунақа ишларни мактабда бажариши керак. Синглим, сиз фикримни нотўғри тушуняпсиз. Мен кенг жамоатчилик билан табиатимизни асрашимиз керак, демоқчиман. Ахир табиат бебаҳо неъмат, унинг ҳар бир зарраси....

- Раҳмат “мазмунли” суҳбатингиз учун, - дея, ён дафтаримдаги қолиб кетган баъзи саволларимни берсамми ё йўқми, дея ўйлаб қоламан. Суҳбатдошим мени боплаб “мот қилдим, ҳатто гапиришга ҳам сўзи қолмади”, дея креслода виқор билан телефонини кавлаштира бошлаганида мен ҳам шоҳдан мот бўлган пиёда сингари астагина эшикка йўналаман.

Яна бир суҳбатдошим жиноятчилик ҳақида гапира туриб, яхши таҳлилларни билдирди. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ўз таклифларини ҳам айтди. Ўринли таклифлар экан, дея ҳаммасини блокнотимга қайд эта бошладим. Тўғри, бугун журналистлар суҳбатдошининг фикрларини ёзиб олишлари учун турли усуллар мавжуд. Диктофон жуда қулай кўпчилик учун. Аммо диктофон кўп суҳбатдошларимизни “чўчитиб” юборади. Диктофонни ёқишим билан ўзига ҳам, овозига ҳам расмий тус бериб, “Маълумки....” дея узундан узун ҳисоботга ўхшаш бир фикрларни баъзан ёддан, баъзан қоғозга қараб ўқий бошлайди. Менга бундай интервьюдан фойда йўқ. Шунинг учун дарҳол диктофонни ўчираман-да, “энди ўзингизга ўхшаб, бемалол гапираверинг”, дейман. Суҳбатдошим енгил нафас олиб, шунақа демайсизми, дея эркин фикрларини ифода эта бошлайди. Эркин фикрлардан жонли мақола чиқади, билсангиз.

Хуллас, гап жиноятчилик ҳақида кетаётган эди. Жиноятчиликни камайтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида гапира туриб, яна ўша фикрни айтди:

- Жиноятчиликнинг илдизини йўқотиш фақат бизга эмас...

- Кенг жамоатчиликка ҳам боғлиқ!

- Тўппа-тўғри, опа. Биз бир ўзимиз бу масалада ҳеч иш қилолмайсиз. Бефарқлик энг ёмон иллат. Атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, кичик ҳодисаларни ҳам ўз вақтида хабар бериш осойишта ҳаётимиз учун жуда муҳим.

Жамоатчилик, жамоатчилик... Тўғриси, бу ҳақда ўнлаб одамлардан эшита бошлаганимдан бери шу сўз хаёлимдан кетмайдиган бўлиб қолган. Кимдан интервью олсам, “жамоатчилик айбдор, улар сизга ёрдам бермаяпти” дейишгача боряпман ҳатто. Рост-да, нега бефарқсиз, нега атрофингизга қараб юрмайсиз, ўзингиз тугул, етти маҳалла боласигаям масъулсиз, нима қилаяпсиз ўзи уйда ўтирволиб?! Жамиятга қанақа фойдангиз тегяпти! Шунча ташкилот сизга кўз тикиб турган бўлса ахир!

Айтганимдай, хаёлимда мудом шундай ўйлар ғужғон ўйнайдиган бўлиб қолган. Душанба куни бўлиб ўтадиган эрталабки режавий йиғилишларимиздан бирида ҳам хаёлим “жамоатчилик”ка кетиб қолибди, денг. Раҳбаримизнинг ўтган ҳафта соғлиқни сақлаш соҳасида суғурта тизими йўлга қўйилганлиги бўйича мақолани топширишингиз керак эди. Нега топширмадингиз?” деган саволига ҳеч иккиланмай жамоатчиликни айбдор қилдим.

- Мақола ёзиш бир менинг эмас, бутун жамоатчиликнинг, ана Журналистлар уюшмасининг ҳам вазифаси, аслида, - деб юборибман.

- Унда ойлик маошингизнинг ярмини ҳам жамоатчиликка ўтказиб берамиз эканда, розимисиз?

Шундан бери бери суҳбатдошларим жамоатчилик деса, шу жавобни қўллайдиган бўлдим.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.