Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жанубий Кореяда ноқонуний ишлаётган ўзбекистонликлар ушланди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг қатор маҳаллий администрациялари ўртасида тузилган келишувларга асосан республика фуқаролари 5 ойлик мавсумий ишларда Е-8 визаси билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ушбу давлатга юборилмоқда.

Мазкур фуқаролар Корея Республикасига боргандан кейин белгиланган тартибга кўра, маълум муддат карантин ҳудудида сақланмоқда. Карантинда сақланаётган фуқаролар билан ушбу давлатга Е-9 визаси билан 2014 йилда келиб, айни пайтда ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантлари огоҳлантиришсиз учрашмоқчи бўлганда Корея Республикаси полиция ходимлари томонидан ушланди.

Улардан карантин ҳудудига кириш сабаби сўралганда, асл мақсадини, яъни Е-8 визаси билан келган фуқароларни ноқонуний олиб кетмоқчи бўлганини яшириб, у ердаги фуқарога телефон аппаратини бермоқчи эканини айтган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, ҳозирги вақтда фуқароларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда.