Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жазирама иссиқдан эҳтиёт бўлинг!

Шу кунларда ҳаво ҳароратининг 40 даражадан юқори кўтарилиши айрим ҳамюртларимизнинг саломатлигига хавф солмоқда. Бундан, айниқса, сурункали касалликлар билан оғриган беморлар азият чекмоқда.

Хўш, улар кўпроқ нимадан безовта бўлмоқда? Ёзнинг бундай жазирама кунларида офтоб урмаслиги учун нима қилиш керак? Қандай кийиниш ва овқатланиш лозим? Ушбу саволлар билан республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали шошилинч терапия бўлими мудири Мўмин Рофеевга мурожаат қилдик.

- Ҳозирда шифохонамизга кунига 15-20 нафар ёш болалар, 10-12 нафар катта ёшдаги беморлар мурожаат қилмоқда, - дейди М.Рофеев. - Улар орасида офтоб урушидан ташқари турли сурункали касалликлар, жумладан, юрак-қон томир, юрак ишемик касалликларига чалинган, қон босими юқори бўлган беморлар кўпроқ учрамоқда. Бундай шахсларга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 3-5 кун ичида зарур муолажалар қилиниб, хавф бартараф этилгач, яна оиласи бағрига кузатиб қўяпмиз. Кузатилаётган бундай жазирама кунларда биринчи навбатда бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, иссиқда бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, офтоб уришига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, бош оғриши ва айланиши, кўнгил айниб қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Вилоятимиз аҳолиси бундай аномал иссиқ кунларида зарурат сезилганда бизнинг илмий марказимизга, унинг туман, шаҳар бўлимларига мурожаат қилиб, туну кун тиббий ёрдам олишлари мумкин.

Юртдошларимиз офтоб урушининг олдини олиш учун иложи борича бош кийим кийган ҳолда сайр қилишлари, кунлик овқатланиш рациони эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши, кўпроқ суюқлик ичишлари лозим. Кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмасалар мақсадга мувофиқ бўлади. 

Шунингдек, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган, ҳавони яхши ўтказадиган кийимларни кийиш тавсия этилади. Кийим танлашда матонинг рангига ҳам эътибор бериш лозим. Чунки қора ва жигарранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, шунинг учун оқ рангли матодан тикилган кийимлар кийиш зарур.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.