Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой туманидаги айрим йўналишли автобусларнинг пешлавҳалари янгисига ўзгартирилди

2021 йил 22 май куни «Zarnews.uz» телеграмм каналида Жомбой туманидаги айрим йўналишдаги автобусларнинг ҳануз эски жой номлари битилган пешлавҳалар билан ҳаракатланаётганлиги ҳақида танқидий мулоҳаза эълон қилинган эди. Ушбу ҳолат вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари томонидан жойида ўрганиб чиқилди.

Ҳақиқатан ҳам 367-рақамли йўналишда қатновчи автобусларда жой номлари қонун талаблари асосида эмаслиги маълум бўлди.

Жорий йил январь ойидан бошлаб, 367-рақамли йўналишда “Қора, Гавҳар, Ойбек” МЧЖга қарашли автобуслар «Шайман маҳалласи-Самарқанд маҳалласи» номи остида ҳаракат жадвали бўйича йўловчиларга хизмат қилиб келмоқда. Бироқ айрим ҳайдовчилар ўзбошимчалик билан йўналиш номини ўзгартириб олишган.

Мазкур ҳолат илгари ҳам вилоят транспорт бошқармаси мутахассислари томонидан бир неча бор аниқланган ва хатога йўл қўйган ҳайдовчилар огоҳлантирилган.

“Қора, Гавҳар, Ойбек” МЧЖда бўлиб ўтган ҳайдовчилар билан учрашувда туман марказини қишлоқлар билан боғловчи барча йўналишлардаги автобусларнинг пешлавҳалари ўрганилиб, таҳлил қилинди. Давлат тили қоидаларига тўғри келмайдиган, эски номлар қайд этилган пешлавҳалар янгисига алмаштирилди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.